Жамият | 16:15 / 26.09.2019
138437
8 дақиқада ўқилади

Грин-карта ўйнаш учун қизил паспорт олиш шартми? АҚШ консули батафсил изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

Ўтган ҳафта грин-карта лотереясининг 2019 йилги қоидаларига ўзгартириш киритилгани, хусусан эндиликда аризачилардан халқаро саёҳат паспорти сериясини киритиш талаб этилиши маълум бўлди.

Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ ҳолатда бу – жорий йилдан муомалага киритилган, 10 йил муддатга бериладиган, қизил рангли хорижга чиқиш биометрик паспортини англатади.

Kun.uz мухбири мазкур янгилик юзасидан фуқароларда туғилаётган қатор саволларга жавоб олиш мақсадида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Иммиграцион визалар бўлими бошлиғи Кори М Бендер билан суҳбатда бўлди.

Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳақиқатан ҳам бу йил грин-карта ўйнашни истовчи ўзбекистонликларга хорижга чиқиш паспортларини олишлари тавсия этилади.

– Дастур талаблари йилдан йилга қатъийлаштириб бориляпти, – деб гап бошлади Бендер. – Бунга сабаб – биз лотерея ғолиби сифатида суҳбат учун келадиган фуқаролар анкетани шахсан ўзлари тўлдирган бўлишларини истаяпмиз. Талабгорлардан яна ҳам батафсилроқ маълумотларни киритишларини сўрашдан мақсад – фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш. Демак, қўшимча маълумотлар киритиш талаби аризачини ҳам ҳимоялашга хизмат қилади.

Дастурнинг ўзбекистонлик иштирокчиларига ариза топшириш вақтида шу йил амалиётга жорий этилган қизил рангли хорижга чиқиш паспортларидан фойдаланишларини қатъиян тавсия этамиз. Лотерея қоидаларида ҳам бу аниқ белгилаб қўйилган – аризада кўрсатилган паспорт фуқарога хорижга чиқиш имконини бериши керак.

Техник жиҳатдан, дастурда қатнашиш учун кўк рангли, ички фойдаланиш учун мўлжалланган паспортдан ҳам фойдаланиш мумкин, аммо ушбу паспортда хорижга чиқиш рухсатномаси – ОВИР стикери бўлиши керак. Мазкур ҳолатда, ариза топширилаётган вақтда паспортдаги ОВИР стикерининг амал қилиш муддати ўтмаган, яъни стикер ҳали ҳам амалда бўлиши зарур.

Техник томондан имконият бўлса-да, биз рўйхатдан ўтиш вақтида амалдаги ОВИР стикери бор паспортлардан фойдаланишни тавсия этмаймиз. Чунки 2021 йилга келиб, яъни жорий йил ўйналадиган лотерея ғолиблари суҳбатдан ўтадиган вақтда ҳозирги ички фойдаланишдаги яшил паспортларнинг стикери муддати тугаган бўлади, эски намунадаги паспортлар муомаладан чиққан бўлиши ҳам мумкин. Натижада улар ҳуқуқий жиҳатдан яроқли бўлмаслиги эҳтимолдан холи эмас.

Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2021 йил январидан миллий ID-тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда. Яъни янги ID-карталар ички фойдаланишдаги яшил паспортнинг ўрнига жорий этилиши кутиляпти. Шундай бўлиб чиққан тақдирда, яшил паспорт билан ариза топширган иштирокчилар консулликдаги суҳбат вақтида улар ҳақиқатан ҳам ўзларига тегишли бўлган ва ОВИР стикери бор бўлган паспорт билан рўйхатдан ўтганликларини исботлашга тайёр туришлари лозим.

Агар суҳбат вақтига бориб, серия-рақами аризага киритилган паспортингиз йўқ бўлса, у ҳолда буни исботлаш жуда қийин. Исботлай олмасангиз эса, дастурдан четлаштириласиз.

Шунинг учун ҳам талабгорлардан лотереяда қатнашишда қизил паспортдан фойдаланишларини қатъиян тавсия қиламиз. Агар сизда хорижга чиқиш паспорти бўлмаса, хавотир олманг ва уни олишга ҳаракат қилинг.

– Демак, ОВИР стикери бўлмаган яшил паспорт билан лотереяда қатнашиб бўлмайди, шундайми?

– Ҳа, ОВИР стикери бўлмаган ёки муддати ўтган ОВИР стикери бўлган яшил паспортлар рўйхатдан ўтиш учун қабул қилинмайди. Чунки дастур қоидаларига мувофиқ, фуқаро аризада кўрсатган паспорт унга ариза топширилаётган вақтда хорижга чиқиш имконини бериши шарт. Фақат мамлакат ичкарисида фойдаланиш учун мўлжалланган паспортлар DV лотереясида қатнашиш учун қабул қилинмаслиги алоҳида белгилаб қўйилган.

– Иштирокчи турли сабабларга кўра паспортини алмаштиришига тўғри келган ҳолларда қандай йўл тутиши лозим?

– Бу каби ҳолатларда иштирокчи нима қилиши кераклиги дастурнинг янги қоидаларида белгилаб қўйилган. Унга кўра, фуқаро консулликдаги суҳбат вақтида вазиятни тўлиқ ва ишончли тушунтира олиши керак. Қисқа қилиб айтганда, талабгор паспортини ўзгартирган бўлса, бу ҳолат интервью вақтида муаммо келтириб чиқариши эҳтимолдан узоқ эмас.

– Дастурга оилавий тарзда қатнашмоқчи бўлган фуқаролар учун паспортга оид энг муҳим жиҳатларни санаб ўтсангиз.

– Дастурда қатнашиш учун шахсан ўзи ариза топширувчи шахс лотерея ўйинидаги асосий иштирокчи саналади ва у ариза тўлдириш жараёнида эри ёки рафиқаси ҳамда 21 ёшга тўлмаган барча фарзандларини кўрсатиши лозим, аммо аризада фақат ўзининг паспорт серия-рақамини киритиши талаб этилади. Асосий иштирокчидан унинг оила аъзолари паспорт серия-рақамини кўрсатиш сўралмайди. Яъни эр-хотиндан ҳар бири ўз аризасида фақат ўзининг паспорт маълумотини киритади.

– Билишимизча, жаноб президент Дональд Трампнинг грин-карта лотереясига муносабати салбий. Бу эса дунё бўйлаб АҚШда доимий яшашни истовчиларнинг хавотирига сабаб бўлмоқда.

– Турли миллатга мансуб иммигрантлар визаси, яъни грин-карта лотерея дастури қонун асосида ишлаб чиқилган бўлиб, бу дегани унга фақат Конгресс ўзгартириш киритиши мумкин. Сўнгги вақтларда тегишли қонун ўзгартирилганича йўқ.

– АҚШ Давлат департаментининг 2018 йил бўйича эълон қилган статистикасига кўра, Қўшма Штатларда вақтинча яшаш ҳуқуқини берадиган B1/B2 визаси учун ариза топширган ўзбекистонликларнинг 62 фоизига виза бериш рад этилган. Бу – Марказий Осиё давлатлари орасидаги энг юқори, собиқ иттифоқ миқёсида эса иккинчи энг юқори кўрсаткичдир. Бу борада изоҳ бера оласизми, виза талабгори бўлган Ўзбекистон фуқароларига рад жавоби берилишининг энг кўп учрайдиган сабаблари қайсилар?

– Мен сизга фақатгина расман чоп этилган статистик маълумотларнигина келтиришим мумкин, бу рақамларни сиз ҳам таъкидлаб ўтдингиз. Мен Иммигрант-визалар бўлими бошлиғи бўлганим боис ноиммиграциявий виза масалалари бўйича изоҳ бериш ваколатига эга эмасман.

Суҳбат давомида Кори М Бендер грин-карта лотереяси ғолибга фақатгина АҚШда доимий яшаш визасини олишга имконият беришини таъкидлаб, ҳукумат визадан бошқа АҚШга етиб бориш ва у ерда яшаш учун ҳеч қандай моддий кўмак, иш ўрни, ижтимоий имтиёз ва устунликлар бермаслигини қўшимча қилиб ўтди.

«Агар жараён давомида талабгор АҚШ ҳукуматидан шу каби қўшимча кўмак олишни ният қилгани ҳақида бизга маълумот етиб келса, унга дастур доирасида виза бериш рад этилади», – деди у.

Элчихона вакили, шунингдек, грин-карта дастурида қатнашувчилар билиши ва амал қилиши керак бўлган қуйидаги бешта олтин қоидани санаб ўтди.

1. Махсус сайтдаги аризани бевосита шахсан ўзингиз тўлдиришингиз қатъиян тавсия этилади.
2. Дастурда қатнашиш давомида талабгордан фақат ва фақат битта ҳолатда – АҚШ консуллигига виза учун мурожаат қилгандагина тўлов амалга ошириш талаб этилади.
3. Фуқаролардан шахсий маълумотларини эҳтиёт қилишларини сўраймиз. Кўчада кимдир олдингизга келиб, грин-карта ютишни хоҳлайсизми, деб исм-шарифингиз, туғилган санангиз каби маълумотларни сўраса, жуда-жуда эҳтиёт бўлинг. Оқибати яхшиликка олиб келмаслиги мумкин.
4. Лотереяда бир киши бир йил давомида фақат бир марта қатнашиши мумкин. Қайта топширилган аризалар дастурдан чиқариб юборилади.
5. Исм-шарифингиз паспортдаги билан айнан бир хил ёзилганига эътибор қаратинг. Тақдим этадиган суратингиз эса камида охирги 6 ой ичида олинган бўлиши керак.

АҚШ элчихонасидан маълум қилишларича, грин-карта янгиланган қоидаларининг ўзбек тилидаги таржимаси 1-2 ҳафта муддат ичида тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил учун грин-карта лотереясига аризалар 2019 йил 2 октябридан 5 ноябрига қадар қабул қилинади. Компьютер дастури ёрдамида тасодифий танлов билан аниқланадиган натижалар 2020 йил 5 майида эълон қилинади. Бу галги лотерея билан жаҳон бўйича 55 минг кишига АҚШ визаси берилиши кўзда тутилган.

Мавзуга оид