Жамият | 18:10 / 26.09.2019
62971
2 дақиқада ўқилади

Жасурбек Иброҳимовнинг яқинлари фуқаролик суди орқали 650 млн сўмдан ортиқроқ компенсация талаб қилмоқда

25 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида марҳум Жасур Иброҳимовнинг яқин қариндошлари томонидан берилган ариза бўйича суд мажлиси бошланди.

Kun.uz мухбири хабар қилишича, даъвогарлар, марҳум Жасурбек Иброҳимовнинг отаси Муҳаммаджон Турсунов ва марҳумнинг онаси Нилуфар Алиеванинг жавобгарлар Исломбек Тўлаганов ва унинг ота-онасига нисбатан етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги аризаси бўйича суд мажлиси бошланди.

Даъвогар тараф жавобгарлардан етказилган моддий зарарни қоплаш учун 151 732 760 сўм ва фарзандининг ўлими сабаб кўрилган маънавий зарар учун 500 000 000 сўм талаб қилмоқда. Оила жавобгарлардан маънавий зарар учун ундириладиган маблағларни хайрия фондига ўтказишни режалаштирган.

Бироқ, жавобгар тараф ариза билан танишиб чиққани, бу ўлим ҳолатида фарзанди айбсиз экани, Жасурбек Иброҳимов айрим шифокорлар ҳаракатсизлиги натижасида вафот этгани, ушбу воқеа юзасидан тегишли ташкилотларга ариза берганини айтиб, суддан уларни жавобгарлар сафидан чиқаришни ва мазкур талабни рад этишини сўрамоқда.

Кейинги суд мажлиси жорий йилнинг 14 октябрь санасига қолдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Жасурбек Иброҳимов 2017 йил май ойида бўлган муштлашувда олган жароҳатлари оқибатида орадан бир ой ўтиб, шифохонада вафот этган эди. Шундан сўнг бўлиб тергов ва суд якунларига кўра, Жасурбек Иброҳимовнинг ўлимида унинг коллеждоши — Исломбек Тўлаганов айбдор деб топилиб, у 2017 йил кузида олти йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

2019 йилнинг апрелида эса Исломбек Тўлаганов 2018 йил декабрида шартли равишда муддатидан аввал озодликка чиқарилгани маълум бўлди.

Ички ишлар вазирлиги Исломбек Тўлаганов муддатидан аввал озод этилганини у жазо муддатини ўташ вақтида колониядаги режимни бузмагани ва меҳнатга виждонан ёндашгани билан изоҳлаган, у Мирзо Улуғбек тумани Пробация хизмати назорати остида жазони ўтаётгани билдирилганди.

Мавзуга оид