Ўзбекистон | 12:57 / 27.09.2019
52787
3 дақиқада ўқилади

Боғот тумани ҳокими жаримага тортилди. Туманда фуқаролар пахта теримига мажбуран жалб этилган

Қатор нашрларда Хоразм вилояти Боғот тумани ҳокимининг фуқароларни пахта теримига мажбурий тарзда жалб этгани тўғрисида хабар тарқалди. 

Айтилишича, туманда жорий йил 15 сентябрдан ҳудуддаги барча шаҳарча ва қишлоқлар аҳолиси, корхоналарнинг барча ишчи-хизматчилари пахта теримига сафарбар қилинган. Шунингдек, ҳоким 19 сентябрь куни шу масала бўйича тумандаги 300 га яқин фермер хўжалиги раҳбарлари, ҳудудлардаги терим отрядлари масъуллари, бюджет ташкилоти ва идоралари раҳбарларини йиғиб, мажлис ўтказган. Йиғилиш кечки соат 20:30 дан 22:00 гача давом этган.

Туман молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ва туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезов қўл остидаги ходимларни пахта теримига чиқарган.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи бошчилигида юборилган ишчи гуруҳ Боғот туманига етиб борди.

Ўрганиш натижасида Боғот туманида ҳақиқатан меҳнат қонунчилиги меъёрлари бузилганлиги аниқланди. Шунга мувофиқ, Боғот тумани ҳокими О.Холбоев, Боғот тумани молия бўлими бошлиғи Ж.Рўзметов ҳамда Боғот тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи А.Авезовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан 2 230 000 сўмдан 6 690 000 сўмгача, жами 15 610 000 сўм миқдорда жарима тайинланди.

Боғот тумани ҳокими О.Холбоев

“Таъкидлаш ўринлики, бу йил қўлда терилган 1 кг пахта учун нархлар оширилиб, биринчи теримда – 800 сўм, иккинчи теримда – 1200 сўм тўланиши белгиланди. Теримчиларнинг қулай меҳнат шароитлари учун барча зарурий шарт-шароитлар яратиляпти. Шунингдек, пахта теримида кўнгилли сифатида қатнашиш истагида бўлган фуқаролар учун terim.uz сайти ишга туширилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қонунга хилофдир! Агар Сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot Телеграм ботига мурожаат қилинг!” - дейилади вазирлик хабарида

Мавзуга оид