Жамият | 23:29 / 28.09.2019
23297
7 дақиқада ўқилади

Наманган мактабларида дарслик-китобларсиз ўқиётган ўқувчилар нима қилсин? 

Ёшлигимизда ўқитувчилар жамият ичида “ярқ” этиб кўзга кўриниб турадиган, билимли, ўз ҳаққини талаб қила оладиган даражада ҳуқуқий саводхонликка эга, жамиятдаги камчиликларни рўй-рост айтадиган бўлар эди. 

Афсуски, сўнгги 20 йил давомида устозлар, муаллимликка дахлдор бўлмаган ишларга аралашавериб ўта камсуқум, ўзларига тааллуқли бўлмаган камчиликни ошкора айтишдан ҳам истиҳола қиладиган бўлиб қолишди.

Наманган вилоятидаги ўрта мактабларда дарсликсиз таълим олаётган ўқувчилар тўғрисида таҳлилий мақола ёзаётиб ҳам худди шундай муаммога дуч келдик.

“Муаммо бор, лекин мактабимиз, шаҳримизни кўрсатмасангиз яхши бўлар эди. Гап тегиб қолмасин...”. Улардан мана шу илтимосни кўп бора эшитдик.  “Шунақа... Ориятли, раҳбарларини ўйлайдиган муаллимларимиз бор”. Аслида, муаммо шаҳар халқ таълими бўлими, мактабларга эмас, балки китоб билан вақтида таъминламаган юқори тегишли.

Наманган шаҳар Кенгаши депутати Маъруфхон Мўминов ўз ҳудудидаги таълим муассасаларида бўлганида ўқитувчилар мактабларда дарсликлар етишмаётгани, кўплаб ўқувчиларга ўқув йили учун умуман комплект (жамланма) берилмагани ҳақида мурожаат қилганини билдиргач, муаммони ўрганиш учун йўл олдик.

Таълим жараёнида ўқитувчи ва ўқувчи учун дарслик қай даражада зарур ва катта аҳамият касб этишини тушунтиришнинг кераги йўқ, албатта. Дарҳақиқат, ҳудуддаги мактабларда бўлганимизда бир ой давомида кўплаб ўқувчилар дарсликларсиз билим олаётганини гувоҳ бўлдик.  

Шаҳардаги 74, 75- мактабларда бўлганимизда, 5-синф ўқувчиларининг катта қисми дарсликлар жамланмаси билан умуман таъминланмаганини билдик. Маълумот учун айтиб ўтамиз, 5-синф ўқувчилари 14 та фандан иборат китоблар жамланмасига эга бўлишлари керак. Ана шундай дарсликсиз ўқувчилар сони 75 – мактабда 35 нафар, 74-мактабда эса 43 нафарни ташкил қилади.

“Мактабимиздаги 5та 5-синфда 167 нафар ўқувчи  бор. Айни пайтда улардан 43 нафари комплект китоблар билан таъминланмаган. Ота-оналар, ўқитувчилар ҳар куни китоб сўрайди. Эски китоблардан бериб, ўқувчиларга бор китобларни тақсимлаб иш олиб боряпмиз. Китобларни бўлиб берганимиз учун энди баъзи ўқувчиларда беш-олтитадан китоб танқислиги юзага келяпти. Учта 11- синфда таълим олаётган ўқувчиларимизда жами 38 комплект китоблар етишмаяпти”, – дейди 74-мактаб кутубхоначиси Адибахон Аҳмедова.       

75-умумтаълим мактабида ҳам худди шу ҳолат. 5-синфлардан ташқари, 2-синф ўқувчиларида ҳам дарсликлар етишмаяпти.

Ҳудуддаги 31-мактабнинг 5-синфларида 25та, 43-мактаб 5-синфларида эса 48та комплект дарсликлар берилмаган. 48 – мактабдаги эса бешинчи йил ўқиётган синфларнинг 65 тасига дарслик жамланмалари берилмаган.                                              

“Партадошим иккаламизга бир китоб”

Мактабларни айланиб, муаллимларнинг дарс беришга, ўқувчиларни эса билимга жуда чанқоқ эканлигини кўриб қувондик. 74 – мактабнинг Гулчеҳрахон Тўйчиева раҳбарлик қиладиган синфида 34 нафар ўқувчи бўлиб, синфга 13 комплект кам китоб берилган. Муаллимага: “Китоб бўйича берилган мавзуларни ўқувчилар қандай ўзлаштиради?”, деган саволни берамиз. Ўқувчиларнинг қўшни эканлигини ҳисобга олиб китоб тарқатганмиз. Шунда бир-биридан олиб фойдаланиш осон бўлади”, дейди муаллима.

Шу синфдаги, 5 донагина дарслиги бор ўқувчини, “Адабиёт китобингиз йўқ экан. Қийналмаяпсизми?”, дея саволга тутамиз. Болажон жавоби оддий бўлди: “Йўқ партадошим билан бирга ўқияпмиз”. Синфдаги деярли барча партада икки ўқувчига битта дарслик эканини билдик.

75-мактабнинг 2-синф ўқитувчиси эса шогирдлари китоб етишмаслиги оқибатида фойдаланишдан чиқарилган эски китоблар фойдаланаётганини айтиб, икки хил дарслик китобидаги фарқни кўрсатди. “Китоб йўқлиги боис, эски дарсликни болаларга беряпмиз. Тизимли равишда ўтаётган дарсларимиздаги мавзулар бир-бирига тўғри келмаётгани чатоқ бўляпти”, дейди муаллима.

Мутасаддилар нима дейди?

Депутат Маъруфхон Мўминов билан биргаликда Наманган шаҳар халқ таълими бўлими мутасаддилари ёнига бориб, бўлим бошлиғи ўринбосари Жаҳонгир Лутфуллаев ҳам дарслик ва китоблар учун маъсул Адҳамжон Мамадалиевларга масала юзасидан саволларимизга жавоб олишга ҳаракат қилдик.

Адҳамжон Мамадалиев айни пайт мавжуд мактаблардаги 5- синфларни ўзига 330 комплект дарсликлар етишмаслигини билдирди. Мутасаддининг айтишича, китоблардаги камчиликларни тўлдириш учун Андижон вилоятига кетаётганини ҳам айтиб, октябрь ойига барча муаммолар ҳал этилиши ҳақида гапирди.

Дарслик етишмаса таълим сифати ҳақида нима дейиш мумкин?

Аслида, водий вилоятларидан ўқувчиларга етарли даражада дарсликлар берилмаётгани ҳақидаги мурожаатлар сентябрнинг илк кунларидан туша бошлаган эди. Биз ўқув йили энди бошлангани сабаб, ой охиригача кутишни маъқул кўрганмиз.

Афсуски, ўқув йилининг биринчи тўрт ҳафтаси якунига етса ҳам Наманган вилоят, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги таълим муасссаларига дарсликлар етиб келмабди.

Наҳотки, вазирликнинг дарсликларга масъул мутасаддилари вилоятлардаги синфлар ва унда таълим олаётган ўқувчилар сонидан бехабар. Ўн биринчи ёки биринчи синф ўқувчиларига дарсликлар етишмаса, сони аниқ бўлмаган дейишимиз мумкин. Ахир, иккинчи, учинчи, бешинчи ва ҳоказо синфларнинг ўқувчилари сони аниқ эди-ку?

Юрт келажаги бўлган ўқувчиларнинг бир-икки ой дарсликларсиз ўқиши уларнинг чуқур билим эгаллашига бир умр таъсир этиши мумкин ахир?

Қўшниси билан китобни галма-гал фойдаланаётган, партадоши билан бир китобдан илм олаётган ўқувчиларга раҳмимиз келди.

Дарслик, китоб етишмаётган таълим муассасаларда таълим сифати ҳам шунга яраша бўлади...   

Фақат мутасаддилардан битта илтимосимиз бор. Танқидий мақола чиққанидан сўнг бизга бор ҳақиқатни айтган устозларни айбламанг. Наманган шаҳри мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчилар сидқидилдан, бор илмини ёшларга бериш мақсадида меҳнат қилаётганига гувоҳмиз.  

KUN.UZ мухбири,
Элмурод Эрматов

Мавзуга оид