Жаҳон | 07:44 / 30.09.2019
15707
2 дақиқада ўқилади

Афғонистонда сайлов комиссияси аъзолари ўғирлаб кетилди

Фото: EPA

“Толибон” ҳаракати жангарилари Афғонистоннинг Парвон вилоятидаги сайловлар вақтида сайлов комиссияси аъзолари ва кузатувчиларни ўғирлаб кетишди. Жами 15 киши ўғирланган. Бу ҳақда Ariana News нашри хабар берди.  

Нашр хабарни беришда Афғонистон мустақил сайлов комиссиясининг Парвон вилоятидаги маркази раҳбари Абдулқаҳҳор Ваҳоб Софийга иқтибос келтирган. “Жангарилар сайлов комиссиясининг 7 ходимини, комиссиянинг сайловлардаги шикоятлар бўйича аъзоси ва 7 кузатувчини ўғирлаб кетишди”, деб маълум қилган Софий. 

Бу вақтда вилоят губернатори матбуот котиби Воҳид Шаҳкар сайлов комиссиясининг 8 ходими сайлов участкаларидан уйларига қайтаётганларида ўғирлаб кетилганларини маълум қилган.

Унинг айтишича, қабилалар оқсоқоллари ўғирланганларни озод қилишда воситачилик қилишмоқда. “Агар толиблар ушбу шахсларни озод қилишдан бош тортса, ҳукумат ҳарбий куч қўллайди”, деб айтган Шаҳкар.

28 сентябрда Афғонистонда президент сайловлари бўлиб ўтди. Унда 15 номзод иштирок этди. Сайловларнинг дастлабки натижалари ҳақида ҳали маълумот берилмади.

“Толибон” сайлов марказлари, сайлов комиссиялари ходимлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ҳужум қилиб, сайловларни тўхтатиш билан таҳдид қилганди.

Мавзуга оид