Спорт | 20:18 / 30.09.2019
56721
4 дақиқада ўқилади

Бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндорларига автомобиллар совға қилинди

Бокс бўйича жаҳон чемпионатида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни олган Ўзбекистон терма жамоасининг совриндор боксчиларига «Chevrolet Tracker», «Chevrolet Gentra» ва «Chevrolet Nexia» автомобиллари совға қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати

Тақдирлаш маросими бугун, 30 сентябрь куни Тошкентдаги Олимпия шон-шуҳрати музейида бўлиб ўтди. Унда совриндор боксчиларга автомобиллар, терма жамоанинг бошқа аъзолари, мураббийлари ва Ўзбекистон бокс федерацияси ходимларига пул мукофотлари сертификатлари топширилди.

Тақдирланганлар мукофотларни Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон бокс федерацияси раиси Очилбой Раматовдан қабул қилиб олишди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати

«Олдимизда ҳали жуда кўп масалалар турибди. Вазифанинг 30 фоизини бажардик, десак ҳам бўлади. Яна 30 фоиз иш бажариш учун лицензия олиш керак. Сўнг олимпиадада қатнашиб, олтин медалларни олиб келишингиз лозим», – деди тадбир аввалида сўз олган Раматов.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати

Унинг айтишича, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасидан Токио Олимпиадасида 3-4та олтин медаль олиш талаб этилади.

«Орамизда кучсизлар бўлмаслиги керак. Охирги томчигача тўкмаса, боксда ҳеч қандай натижага эришиб бўлмайди. Сизларнинг номингиздан биз юртбошимизга ваъда берамиз, Худо хоҳласа, ҳеч бўлмаганда 3та ёки 4та олтин медаль. Ундан ортиқ бўлса ҳам, ўзларинг биласизлар», – деб қайд этди Очилбой Раматов.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати

Бош вазир ўринбосари, шунингдек, 2020 йилги Олимпиадага Ўзбекистоннинг камида 150 нафар спортчиси йўлланма олиши кераклигини айтиб ўтди.

«Токиога ҳеч бўлмаганда 150та лицензия олишимиз керак. Қато-о-ор қилиб, парад қилиб боришимиз керак. Ўзбекистон – катта давлат. 33-34 миллион аҳолимиз бор», – деди Раматов.

«Бугундан бошлаб, ҳамма нарсани йиғиштириб қўйиб, Олимпиадага тайёргарлик билан шуғуллансаккина, Японияда жуда ҳам катта обрўга эришамиз. Худо хоҳласа, бугунги мукофотлар ҳали майда-чуйда бўлиб қолади. Жуда катта орден-медаллар, бошқа давлатда чиққан машиналар, уйларга эга бўласизлар. Меҳнат қилиш керак», – деб таъкидлади Ўзбекистон бокс федерацияси раиси.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати
Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати

Эслатиб ўтамиз, бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида 3та олтин (Баҳодир Жалолов, Миразизбек Мирзахалилов ва Шаҳобиддин Зоиров), 1та кумуш (Дилшодбек Рўзметов) ва 1та бронза (Бобоусмон Батуров) медаллари билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритди. Бу – Ўзбекистон бокси учун жаҳон чемпионатларидаги энг яхши натижа ҳисобланади.

Мавзуга оид