Жамият | 22:30 / 30.09.2019
165670
4 дақиқада ўқилади

Нодира Қодирова иши. Яқинлари марҳумнинг зўрланганини тахмин қилаётган бир пайтда прокурор уни фоҳишаликда гумон қиляпти

Туркияда ўзбекистонлик Нодира Қодированинг сирли ўлими юзасидан давом этаётган тергов ишида марҳума ва унинг дугонаси Лайло Ниёзова фоҳишаликда гумонланмоқда.

Нодира Қодирова

23 ёшли Нодира Қодирова 23 сентябрь куни Туркия парламенти депутати, истеъфодаги генерал Ширин Уналнинг Анқарадаги уйида генералнинг тўппончаси билан ўзини отиб қўйган эди. У бу уйда бир йилдан буён оқсоч бўлиб ишлаб келган. Нодиранинг акаси унинг дугонаси Лайло Ниёзованинг гапларига асосан полициянинг дастлабки хулосасидан шубҳа билдирган, суициддан олдин амалдор синглисини зўрлаган бўлиши мумкинлигини айтган.

Ширин Унал

«Жумҳурият» газетасининг хабар беришича, турк прокурори Лайло Ниёзовадан кўрсатма олиш асносида ундан: «Дугонангизни фоҳишаликка ундаганмидингиз?» деб сўраган.

Лайло прокурорнинг бу гумонини рад этган.

«Мен гўёки Нодирани фоҳишаликка ундаганим ёки унга бунинг учун шароит яратиб берганим ҳақидаги даъволар нотўғри. Мен Лалели туманидан текстиль маҳсулотларини сотиб олиб, Ўзбекистонга юбориш билан тирикчилик қиламан. Зарурат бўлса, чекларни кўрсатишим мумкин. Нодира ҳеч қачон мен яшаётган уйда тунаб қолмаган», деган у.

Ниёзова ўз кўрсатмасида марҳум дугонаси билан бир муддат аразлашиб, кейин ярашиб олганини инкор этмаган.

«Лекин ўртамиздаги келишмовчиликка гўёки мен уни фоҳишаликка ундаганим сабаб бўлгани йўқ. Чунки бундай нарса умуман бўлмаган», деб тушунтирган Лайло Ниёзова.

Ниёзованинг сўзларига кўра, Нодира билан бундан олдинги суҳбатларида дугонаси депутат унга ёпишгани ҳақида гапириб берган.

«23 сентябрга ўтар кечаси у менга телефон қилганди. Биз икки соат гаплашдик. У тинмай йиғларди. «Лайло, чарчаб кетдим, ҳаммасидан тўйдим», деди. Нима бўлганини сўраганимда айта олмаслигини айтиб йиғларди. «Ўзимни ўлдираман», деяётганди. Кимдир хафа қилдими, деб сўрадим. У эса сиқилиб кетганини айтди.

17 сентябрда олдимга келмоқчи эди. Хўжайинининг қизи рухсат бермаганини айтди. «Нималар бўлаётганини тушуна олмаяпман», деди. Айтишини қатъий талаб қилганимдан кейин эса шундай деди: «Икки ҳафта олдин хонамда ётганимда хўжайин кириб келди, хонани қулфлаб, орт томонимга келиб ётди, мени қучоқлади».

Тажовуз қилдими, деб сўрадим. «Йўқ, тегмади», деди-ю йиғлаб юборди. «Орзуларим сўнди, энди акамнинг юзига қандай қарайман?» деди. Ҳеч кимга айтмасликка сўз беришимни сўради.

«Уйда хўжайиннинг тўппончасини топиб олдим. Битта ўқни пойабзалимга яшириб қўйдим», деди. Ҳаётида бирон марта бўлсин пичоқ сақлаб юрган қиз эмасди, шунинг учун уни ҳазиллашяпти деб ўйладим. Бунақа қилишини умуман кутмагандим», – деб ҳикоя қилади Лайло Ниёзова.

Эслатиб ўтамиз, марҳумнинг акаси Муҳаммадали Қодиров синглисида ўзини ўлдириш учун ҳеч қандай сабаб бўлмагани, унинг университетга кириш режаси бўлганини айтган эди.

Шунингдек, суд-тиббий экспертизаси ҳам ноодатий тарзда тез хулоса бергани, жасад депутат Ширин Уналнинг харажатларни қоплаб бериши билан тезда Ўзбекистонга жўнатилгани ҳам жамоатчиликда шубҳа уйғотмоқда.

Мавзуга оид