Россия ва Хитой ажралмас шерикка айланяптими? Шарқ гигантлари муносабатидаги тўртта муҳим нуқта
Душманимнинг душмани – менинг дўстим, дейишади. Дарҳақиқат, Россия ва Хитой АҚШдан узоқлаша боргани сари сўнгги йилларда улар ўртасидаги ҳамкорлик кучаймоқда, деб ёзади Американинг Stratfor геополитика портали.
Бир томондан АҚШнинг Хитой билан савдо уруши, иккинчи томондан Вашингтоннинг Москвага қарши санкцияларни узайтираётгани ортидан шарқда икки қўшни давлатнинг иқтисодий алоқалари мустаҳкамланиб боряпти. Хитой ва Россия сўнгги бир йил давомида АҚШнинг Венесуэла, Эрон ва Шимолий Корея каби қатор ҳудудлардаги таъсирини жиловлаш учун ўз дипломатик позицияларини мувофиқлаштириб келди.
Ҳозирга келиб Пекин ва Москва кўплаб масалаларда Вашингтонга қарши позицияни эгаллаган. Улар ўртасидаги ҳамкорлик соҳалари ҳам кенгайиб боряпти, бу соҳалар орасида хавфсизлик масалалари ҳам бор. Аммо узоқ муддатли истиқболда Хитой-Россия хавфсизлик алоқалари ҳар икки мамлакатнинг АҚШ билан муносабатлари қай тарзда ривож топиши, охир-оқибат барибир уларнинг ўзаро алоқалари ҳолатига боғлиқ бўлади.
Ҳарбий ҳамкорлик истиқболлари
Хитой ва Россиянинг бевосита АҚШ мотиви ортидан ривожланаётган ҳамкорлик йўналишларидан энг асосийси деб ҳарбий соҳани кўрсатиш мумкин.
Икки давлат ҳарбийларнинг қўшма машғулот ўтказишлари сўнгги вақтларда тез-тез кузатилмоқда. Қўшма Штатларнинг ҳам Европа, ҳам Осиёдаги ҳарбий базаларини кенгайтириши эса Хитой-Россия қўшма ҳарбий амалиётларининг янада кўпайишига сабаб бўлади.
АҚШ ва Россиянинг ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталарни ликвидация қилиш ҳақидаги 1987 йилги келишуви барбод бўлгани ҳам бу жараёнда алоҳида ўрин тутади. Бир неча йилдан буён иккала томон ҳам бир-бирини битим шартларига риоя қилмасликда айблаб келди ва август ойида Америка шартномадан расман чиқди. АҚШнинг бу ҳақдаги эълонида Россиянинг ракеталари сони битимда белгиланган чегарадан чиқиб кетгани сабаб сифатида айтилган. Аммо нафақат Москва, балки Пекин ҳам ўрта масофага мўлжалланган бошқарилувчи ракеталарни ривожлантириш устидаги ишларини сезиларли кучайтиргани ҳам Вашингтоннинг бу битимдан чиқишида роль ўйнагани шубҳасиз.
Хитой ҳарбий қуроллар соҳасида ўсишга эришиб борар экан, Вашингтон бунга катта эҳтимол билан аввало Осиёда бошқарилувчи ракеталари сонини кўпайтириш билан реакция билдиради. Бунда америкаликлар минтақадаги асосий иттифоқчилари – Жанубий Корея ва Японияга таянади.
Шу боисдан, Россия ва Хитой июль ойи охирида ўтказган биринчи қўшма ҳаво патрули ҳарбий ҳаракатлари учун айнан Япон денгизини танлагани ҳам тасодиф эмас.
Ушбу қўшма ҳарбий машғулотлар вақтида Жанубий Корея Россияни ўз ҳаво ҳудудига бостириб кирганликда айблади, натижада корейслар огоҳлантириб ўт очишга ҳам мажбур бўлишди. Вашингтоннинг юқоридаги битимдан чиқиши мазкур ҳолатга бевосита боғлиқ бўлмаслиги мумкин, лекин барибир бу воқеа Россия ва Хитойнинг ҳарбий ҳамкорлиги янги даражага чиқаётганига ишора қилади.
Бу икки мамлакат ҳарбийлари ўртасидаги қўшма машғулотлар кейинги ойларда ҳажм ва кўлам жиҳатдан кенгайиши, янада тез-тез ўтказиб турилишини кутиш мумкин. Бу – Осиёнинг қайсидир нуқтасида бўладиган ҳаводаги машқлар ёки Болтиқ ва Ўрта Ер денгизларида ўтадиган ҳарбий флотлардаги синовлар бўлиши мумкин.
Вашингтон ва унинг иттифоқдошларига ҳарбий соҳадаги бирдамлигини янада аниқроқ кўрсатиб қўйиш учун, Пекин ва Москва ҳарбий соҳанинг бошқа йўналишларида ҳам кучларини бирлаштириш имкониятларини синовдан ўтказиши мумкин. Масалан, кузатувчи ва ёнилғи ташувчи типидаги самолётлар шулар жумласидан. Бундан ташқари, томонлар оғир вертолётлар ва бошқа ҳарбий техникаларни биргаликда ишлаб чиқаришни ҳам бошлаб юборишлари эҳтимолдан холи эмас.
Россия ва Хитой ҳамфикр: норозилик намойишларида ташқи душманнинг қўли бор
Анъанавий ҳарбий ҳамкорлик алоқаларига қўшимча равишда, Россия ва Хитой ички хавфсизлик масалаларида ҳам бир-бирига кўмакдошга айланаётганга ўхшайди.
Иккала давлатда ҳам сўнгги ойларда кенг кўламли норозилик акциялари бўлиб ўтди. Хитой Ҳонгконгдаги намойишларни ҳал қилишига тўғри келаётган бўлса, Россияда маҳаллий сайловларга мухолифатнинг қатор номзодлари киритилмагани ортидан сўнгги ўн йилликдаги энг йирик намойишлардан бири бўлиб ўтди.
Ҳар иккала ҳолатда ҳам ҳукуматлар деярли ўхшаш йўл тутишди: намойишлар кенгроқ ҳарбий можарога айланишининг олдини олиш учун хавфсизлик кучлари билан тўқнашувларни иложи борича чеклаган ҳолда селектив сиёсий қарорлар қабул қилинди.
Қолаверса, бу норозилик акциялари вақтида Россия ҳам, Хитой ҳам АҚШни очиқчасига намойишчиларга ёрдам бераётганликда айблади.
«Ҳонгконгда тартибсизликлар бошланишида Вашингтон ва бошқа ғарб давлатларининг бевосита қўли борлиги ҳақидаги Хитойнинг эътирозларини Москва жиддий қабул қилди», деганди Россия Ташқи ишлар вазири матбуот котиби Мария Захарова.
Ўз навбатида, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси Генг Шуанг қуйидагича фикр билдирган: «АҚШнинг Москвадаги норозилик намойишларини қўллаб-қувватлаши – Россиянинг ички ишларига аралашувни кўрсатувчи бир мисол. Бу эса ғарбнинг гегемонлик даъвосига ишора қилади».
Захарованинг маълум қилишича, Россия ва Хитой ўз ҳудудларида бўлиб ўтган норозилик акцияларида АҚШнинг иштироки масаласида маслаҳатлашувлар ўтказишни режалаштиряпти.
Бу маслаҳатлашувлар ҳақида батафсил маълумотлар бўлмаса-да, ҳар иккала томон ҳам шеригининг ички ишларига АҚШ аралашаётгани ҳақидаги даъволарини очиқчасига қўллаб-қувватлаётганининг ўзиёқ муҳим сигнал бўла олади.
Киберхавфсизликда ҳам муштараклик
Киберсоҳа – Россия ва Хитой ўртасидаги хавфсизлик алоқаларининг яна бир муҳим йўналишларидан бири. Иккала мамлакатда ҳам дунёнинг қолган қисмидан алоҳида мустақил ишлай оладиган интернет яратиш масаласи тобора кўпроқ муҳокама қилиняпти.
Москва буни «интернетдаги суверенитет» деб атайди. Июль ойида Хитой Киберкенглик администрацияси (ХКА) делегацияси «Роскомнадзор»да меҳмон бўлганди. Бу каби махсус киберсоҳа делегациясининг Россияга келиши бундан олдин ҳеч қачон кузатилмаган.
Ташриф давомида ХКА расмийлари Россиянинг энг йирик онлайн қидирув тизими «Яндекс» офисида бўлишди. Шунингдек, Касперский лабораториясига ҳам бориб, ўзаро ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилишди.
Хитой томони билан бундай маслаҳатлашувлар Россияда киберхавфсизлик бўйича янги режалар борлигини англатади. Москва сўнгги йилларда интернет устидан давлат назоратини мунтазам равишда мустаҳкамлаб келяпти. Telegram мессенжери ҳукуматнинг хавфсизлик идораларига шифрлаш калитларини беришдан бош тортганидан кейин уни блоклашга бўлган уринишлар ҳам шундай далолат.
Бундан ташқари, Россия кейинги йил Huawei компаниясининг 5G тармоғини жорий этиш масаласини кўриб чиқяпти. Ваҳоланки, баъзи мамлакатлар АҚШ босими остида Хитойнинг бу компанияси билан ҳамкорликдан тийилишни афзал билмоқда (албатта, Вашингтон бошқа давлатларни Huawei`ни тақиқлашга ундаш билан ўзи кутган натижага эриша олмаганини ҳам таъкидлаш жоиз).
Айни пайтда, Россия ўз технологик мустақиллигини таъминлаш учун ўзи ишлаб чиққан 5G инфраструктурасини ривожлантириш устида ҳам иш олиб боряпти. Лекин барибир мамлакат бу йўналишдаги тараққиётда Хитой, Европа ва АҚШдан сезиларли даражада ортда қолмоқда.
Вазият тақозоси билан вужудга келган ҳамкорлик
Россия ва Хитойнинг тобора гуллаб-яшнаётган ҳамкорлиги айни мана шу авжда мустаҳкамланиб бориши ҳам қачондир, албатта, тўхтайди.
Бир томондан, Хитой киберсоҳасида давлатнинг иштироки Россияникига қараганда анча-мунча юқори. Бу эса киберхавфсизликдаги ҳамкорлик алоқалари биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар кўринишида эмас, асосан маслаҳатлашув шаклида бўлишини билдиради.
Икки мамлакатдаги шарт-шароитлар ва сиёсий муҳит фарқ қилишини ҳисобга олиб, намойишларга қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Анъанавий ҳарбий кооперацияга келсак, бу ҳамкорлик чегарасини тарихан шаклланган муҳим омил белгилаб беради: Россия ва Хитой бевосита қўшни давлатлар ҳисобланиши, яъни АҚШ таҳдидидан ҳам олдин улар энг аввало бир-бирлари учун потенциал хавф манбаи эканини унутмаслик керак.
Географик жойлашуви боис икки давлат манфаатлари кесишадиган бир нечта ҳудудлар бор, бундай баҳсли ҳолатлар айниқса чегара минтақаларига тааллуқли. Айниқса, Россиянинг энг ғарбий ҳудудларида масала анча эҳтиёткорликни талаб қилади. Узоқ Шарқда Хитойнинг мавқейи ўсиб бораётгани фонида Москва хитойликларни ноқонуний ёғоч кесиш ишларини олиб бораётганликда гумон қилади ва буни тўхтатиш учун Хитойга ёғоч экспортини тақиқлаб қўйиш билан таҳдид ҳам қилган.
Умуман олиб айтганда эса, Россия-Хитой хавфсизлик алоқалари ва бошқа соҳалардаги кенг ҳамкорлик замирида ҳар иккала томоннинг АҚШга нисбатан муносабати ётади. Ҳозирги воқеалар ривожида Россия ҳам, Хитой ҳам АҚШ томонидан босимга учрамоқда, бу эса уларни биргаликда чора кўришга мажбур қиляпти.
Лекин бу учликдаги баланс қачондир албатта ўзгаради ва бу рўй берганида Москва-Пекин муносабатлари ана ўша янгиланишларга мувофиқ кўринишга келади.