Жамият | 16:10 / 02.10.2019
39009
5 дақиқада ўқилади

«Камситиш, ҳақорат ва уриш». Тошкентда яна тез ёрдам шифокори калтакланди

Ижтимоий тармоқларда шифокор-кардиолог Жаҳонгир Ҳожиев ўзининг калтакланганига оид маълумотлар қолдирди.

«Мен Тошкент шаҳри 6-подстанция тез-тиббий ёрдам шифокори Жаҳонгир Ҳожиевман, мени 30 сентябрь куни соат 00:40да калтаклашди, бурнимни синдириб, жароҳат етказишди, миям чайқалди.

29 сентябрь куни соат 22:51да чақириқ келиб тушган бўлса, 12 дақиқада белгиланган манзилга етиб бордик. Бизни маст эркаклар қарши олишди ва стулларда ётган 28 ёшли қиз ёнига олиб боришди. Қизда психомотор қўзғалиш кузатилаётганди. Унинг атрофида 20дан ортиқ одам тўпланиб олган, ҳаммаси тинимсиз бақирар, мени ва шерикларимни ҳақорат қилишарди. Мен улардан тинчланишни ва беморга ёрдам беришимга халақит қилмасликни сўрадим. Қизнинг ҳаётий кўрсаткичлари меъёрида эканлигини тушунтирдим. Лекин улар мен ва фельдшерни ҳақоратлашда давом эттиришди. Мен ёрдам кўрсатдим, қиз ухлаб қолди. Маълум вақт ўтиб яна уйғонди ва яна қичқиришни бошлади.

Уни шаҳар 7-клиник шифохонасига олиб кетдик. Қабулхонада невропатолог чақиртирдим, лекин қариндошлари невропатологни ҳам ҳақоратлашди. Чўчиб кетган невропатолог қизни реанимацияга олиб боришни сўради. У ерда шифокор ва ҳамширалар қизни тинчлантира бошлашди. Лекин унинг қариндошлари бу бўлимга ҳам кириб, шифокорларни камситиб, ҳақоратлаб уришда давом этишди. Мен йўлакка чиққанимда қизнинг акаси кутилмаганда боши билан юзимга зарба берди ва бурнимни синдирди. Кучли қон кета бошлади. Милиция чақиришга тўғри келди. Аммо милиция ҳам бу (...)ларни қийинчилик билан тинчлантира олди.

Қизга кейинги куниёқ жавоб беришди, чунки у бутунлай соғлом эди.

Мен ҳозирда 7-клиник шифохонада «Бурун суякларининг ёпиқ синиб силжиши, мия чайқалиши ва бош мия суягининг аралаш ёпиқ синиб жароҳатланиши, бош мия чайқалиши» ташхиси билан даволаняпман. Учинчи кундирки бирор киши келиб аҳволинг қалай, деб сўрамади.

2,5 йилдан буён тез тиббий ёрдамда ишлайман. Одамлар шифокорларга йилдан-йилга ёмонроқ муносабатда бўлаётганини кўриб турибман. Айниқса тез тиббий ёрдам шифокорлари қийин аҳволда. Ҳар куни шифокорлар дўппосланади, зўравонлар эса жазосиз қолаверади.

Менга жуда алам қилади. 10 йил давомида контракт асосида жуда катта маблағ тўлаб ўқидим. Арзимас маош эвазига эрталабдан кечгача, чақириқдан-чақириққача ишлайман. Ҳаммага ёрдам беришга ҳаракат қиламан, ўз устимда ишлайман. Бунинг ҳаммаси учун «миннатдорчилик» сифатида мана шу жароҳатларни олдим...

Вазиримизга саволим бор: нега биз ҳақимизда ҳеч ким қайғурмаяпти? Нега бошқа тизимларда ходимлар манфаати учун сезиларли ўзгаришлар бўлаётган бир пайтда соғлиқни сақлаш тизимида ҳатто ишлаш хавфли бўлиб қолди?», дея сўзларини тугатган шифокор.

Бу масала бўйича Соғлиқни Сақлаш вазирлиги билан боғландик. Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Фурқат Санаев бу масала назоратга олинганини маълум қилди ва мавзуга оид маълумотларни тақдим этди.

«Бу вазирлигимизнинг энг оғриқли муаммоларидан бирига айланди, десам адашмаган бўламан. Афсуски, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жиноятга ҳуқуқий баҳо бериш, аниқлаш ва жазолаш ваколатига эга эмас. Фактларга эътибор беринг: сўнгги 1 йил-у 9 ой ичида мамлакатимизда биргина шошилинч ва тез тиббий ёрдам тизими ходимларига нисбатан 100дан ортиқ ҳолатда тажовузлар қайд этилган. Уларнинг кўпида томонлар кечирим сўраш билан  яраштирилган. Лекин баъзи ҳолатларда умуман ҳуқуқий таъсир чоралари кўрилмаган. Кўпинча шифокорларга бўлаётган тажовуз, суиқасд ҳолатларига бевосита вазирликнинг мурожаати билан, шундан сўнггина ҳуқуқий чора кўрилаётганини қандай баҳолаш мумкин?

Нима учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ички ишлар, МИБ каби тизимлар ходимларига қилинган ҳар қандай тажовузга дарҳол ҳуқуқий баҳо берилади, айбдор аниқланади ва ҳатто озодликдан маҳрум бўлишгача бўлган жиддий жазолар қўлланади-ю, бундай тезкорлик ССВ тизимига келганда унутилади? Нега яққол кўриниб турган ишлар бўйича ҳам жазо муқаррарлиги пайсалга солинади?

Қонунчиликка аниқ ўзгартиришлар киритиш киритиш пайти келганини бир неча марта таъкидладик, ўз таклифларимизни берганмиз. Бугун бу масала ҳар қачонгидан ҳам долзарб», дейди вазирлик вакили.

Мавзуга оид