Ўзбекистон | 14:10 / 02.10.2019
12311
2 дақиқада ўқилади

«Ўзэкспомарказ»да «Tashkent Book Fest» халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бошланди — Фото 

Бугун, 2 октябрь куни «Ўзэкспомарказ» Миллий кўргазмалар мажмуасида «Tashkent Book Fest» 1-Тошкент китоб кўргазма-ярмаркасига старт берилди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил қилинган мазкур кўргазмада Буюк Британия, Германия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Қирғизистон, Россия ва Туркия каби давлат вакиллари, 18та хорижий ҳамда 30дан ортиқ маҳаллий нашриёт ҳамда китоб савдо ташкилотлари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги  директори Комил Алламжонов халқаро китоб кўргазмасини ташкил этишдан кўзланган мақсад ва унинг натижалари ҳақида гапирди.

«Кўргазма-ярмарканинг асосий мақсади – китоб ва мутолаани тарғиб қилиш, иштирокчи давлатларнинг адабий меросини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, мутолаа маданиятини шакллантириш, жаҳон босма саноати тажрибасини ўрганиш ва нашриётлар ҳамда китоб тарқатувчилар, ахборот-кутубхона муассасалари ва китоб-мутолаа масалаларига масъул ташкилотлар ўртасида халқаро алоқаларни ўрнатишдан иборат», деди у.

Очилиш маросимида сўзга чиққан хорижий меҳмонлар ҳам Ўзбекистонда китобхонлик ва китоб ноширлиги соҳасидаги олиб борилаётган ишларни юқори баҳолашди. Хусусан, Қозоғистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Тил сиёсати Қўмитаси раиси Галимжан Мельдешов Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган «Бешта ташаббус» ва унинг доирасида ёшлар маънавиятини юксалтириш ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида қилинаётган ишлар қўшни давлатда ҳам ижобий таассурот уйғотаётганини таъкидлади.

2-4 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур кўргазманинг бугунги кун дастуридан бир қанча янги китоб тақдимотлари, арзонлаштирилган китоб савдолари, мушоиралар, совринли интеллектуал викториналар ҳамда мусиқий тадбирлар ўрин олган.

Мавзуга оид