Жамият | 12:30 / 03.10.2019
67037
6 дақиқада ўқилади

Деновда бюджет ташкилотлари ходимлари пахтага жалб этилмоқда

Айни вақтда республикамизда пахта терими мавсуми қизғин давом этмоқда. Маҳаллаларда тузилган отрядлар, ишсизлар, жамоатчилик асосида жалб қилинганлар ва кўнгиллилар пахтани териб олишда иштирок этмоқда.

Таъкидлаш жоизки, президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 12 август куни видеоселектор йиғилишида барча ҳокимларга бу йил пахта теримига бюджет ташкилотлари ходимлари жалб қилинмаслигини эслатиб ўтган эди.

Kun.uz таҳририятига айнан шу масалада йўлланаётган мурожаатлар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда айрим масъуллар Президентнинг ушбу топшириғини унутган.

Таҳририятга айнан шу мазмундаги мурожаат Сурхондарё вилояти, Денов туманидан келиб тушди.

«Денов туманида ҳамон бюджет ташкилотлари пахтага жалб қилиниши давом этмоқда. Ўзим ҳам бюджет ташкилотида ишлайман. Пахта теримидамиз. Бунга қачон чек қўйилади? Бу президент олиб бораётган сиёсатга қарши ҳаракат эмасми?», – дейилади мурожаатда.

Ушбу ҳолатни жойида ўрганиш мақсадида Денов туманида бўлдик ва мурожаатда билдирилган эътирозларга ойдинлик киритдик.

Маълум бўлишича, теримчилар ҳар куни эрталаб туман марказий стадионида йиғилиб, сўнгра автобусларда пахта далаларига олиб кетилар экан.

30 сентябрь, душанба. Эрта саҳардан стадион ҳудудига йўл олдик. Борганимизда уч-тўрт нафар теримчи энди йиғилган экан. Улар билан суҳбатлашдик. Ўзларини ободонлаштириш бошқармасидан эканлигини билдирган аёллар беш-олти кундан буён пахта теримига чиқаётганлигини маълум қилишди.

Теримга жалб қилинаётганлар аста-секин тўплангандан сўнг маҳаллалардан келган теримчиларни гапга тутдик. Уларнинг орасида ўз ихтиёри билан келмаганлар ҳам бор эди.

«Маҳалламиз раиси эшикма-эшик юриб, пахта теримига чиқишимизни айтмоқда. Ҳамма ҳам кўнгилли равишда чиқаётгани йўқ. Шахсан ўзим ҳам. Имконим бўлмаса-да, маҳалла раиси қистови билан далага боряпман. Сабаби, эртага барибир ишимиз тушади шуларга. Бирор маълумотнома керак бўлади ёки болалар пули юзасидан мурожаат қиламиз. Қолаверса, кам таъминланганман, маҳалладан ёрдам бериб турилади. Шу ёрдамдан ажраб қолмаслик учун ҳам чиқяпман», – дейди теримчи аёл.

Таҳририятга йўлланган мурожаатда бюджет ташкилотлари ходимлари ҳам стадион ҳудудидан олиб кетилаётгани маълум қилинган эди. Аммо уларни стадион ҳудудида учратмадик. Мурожаатчи эса ўзи теримда эканлиги, айнан шу куни тўғри далага бориш ҳақида топшириқ олганини билдирди.

Шундан сўнг, масалага холис баҳо бериш мақсадида далаларга чиқдик.

Йўлимизда биринчи учраган пахта терилаётган фермер хўжалигида бўлдик. Иш бошқарувчи (исм-фамилиялари таҳририятга маълум) турли бюждет ташкилотлари теримга келаётганини тасдиқлади. Жумладан, бир-икки кун аввал келган туман Маданият ишлари бўлими ва бошқа бюджет ташкилотларини санаб, айни вақтда туман почта ва ветеринария бўлимлари ходимлари далада пахта тераётганини билдирди.

Ушбу ташкилотлардан келиб пахта тераётган ишчи-ходимлар билан суҳбатлашдик.

«Пахта терими бошлангандан буён даладамиз. Беш-олти кундан буён ҳар куни чиқяпмиз. Ишга чиқаётганимиз йўқ», – дейди Денов ветеринария бўлими ишчи-ходимлари.

Ўз ишчи-ходимларини далада назорат қилиб турган ветеринария бўлими бошлиғи Абдужаббор Ҳалимовдан ҳам ҳолат юзасидан изоҳ сўрадик.

«Ишхонада ҳам ишчилар бор, иш давом этяпти. Бу ерда ходимларимизнинг бир қисми пахта термоқда», – дейди у.

Шундан сўнг, пахта тераётган Денов телекоммуникация боғланмаси ишчи-ходимларини суҳбатга тортдик.

«Бугун олтинчи кун. Шанба-якшанба куни барча ишчи-ходимлар тўлиқ олиб чиқилди. Бугун жамоанинг бир қисми далага келди», – дейди Денов телекоммуникация боғланмаси ишчи-ходимлари.

Мурожаатда барча бюджет ташкилотлардан ишчи-ходимлар пахта теримига жалб қилинаётгани маълум қилинган эди. Ўрганиш давомида юқорида санаб ўтилган бюджет ташкилотлари ишчи-ходимлари иш кунида далада пахта тераётганига гувоҳ бўлдик. Бу эса мурожаатдаги эътирозлар ўринли эканини кўрсатмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, Денов туманидаги ташкилотлар мутасаддилари президент томонидан бюджет ташкилотлари пахтага жалб қилинмаслиги ҳақидаги қатъий берилган топшириқни унутган.

Бу ҳолат юзасидан Денов тумани ҳокими, пахта терими штаби бошлиғи Бахтиёр Ибатовдан изоҳ олиш учун туман ҳокимлигига борганимизда қизиқ ҳолатга дуч келдик.

Панжаралар билан ўралган туман ҳокимлиги биносини қўриқлаётган ходимлар бизни келганимизни ҳокимга маълум қилгач, ичкаридагилар нима масалада келганимиз билан қизиқишди. Биз фақат туман ҳокимига саволларимиз борлигини маълум қилдик.

Сўнгра туман ҳокимлигининг мурожаатлар ва шикоятлар бўйича мутахассиси Умид Шомуродов биз билан учрашиб, яна ҳоким билан боғланди ҳамда ҳоким нима масалаларда келганимизни сўраётганини такрорлади.

Қизиқ, туман ҳокими билан учрашиш учун масалаларни аввал қоровулга, кейин бошқа ходимларга бирма-бир айтиб чиқиш шартми?

Шундан сўнг, Умид Шомуродов туман ҳокими бизни қабул қилмаслигини айтганини маълум қилди ва телефон рақамимизни қолдиришимизни сўради.

Очиқлик ва ошкоралик сиёсати кетаётган бир даврда панжаралар билан иҳоталанган ҳокимлик биносига кириш насиб этмай ортга қайтишга мажбур бўлдик.

Ошкоралик ва очиқликдан узоқ, оммавий ахборот воситалари учун ёпиқ бўлган давлат органида муаммолар кўпайса кўпаядики, асло камаймайди.

Таҳририят Денов туманидаги бюджет ташкилотлари ишчи-ходимларини пахтага жалб қилиб, давлат раҳбари топшириғига панжа орасидан қараётган мутасаддиларнинг ҳаракатларини тегишли вазирлик ва идораларлар жиддий ўрганиши лозим деб ҳисоблайди.

Бардошбек САМАД ўғли
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид