Ўзбекистон | 14:46 / 04.10.2019
39059
6 дақиқада ўқилади

Паркентдаги ҳолатга муносабат: «Ширкни Аллоҳ таоло кечирмайди»

Шу кунларда ижтимоий тармоқда аёллар ва болалар кимнингдир қабрини тавоф қилаётгани, зиналарга бош қўйиб, сажда этаётгани тасвирланган видео тарқалди.

Azon.uz сайтининг You tube каналига жойлаштирилган видеолавҳа Тошкент вилояти Паркент туманидаги Заркент қишлоғида жойлашган «Заркент бобо» зиёратгоҳида олингани айтилган. 

Лавҳада вояга етмаган болалар ҳам катталар ортидан турли ҳаракатларни такрорлаётганини кўриш мумкин.  

Видеолавҳани суратга олган шахс бу амаллар энг катта гуноҳ бўлмиш ширк экани, ислом динига зидлиги, диндан узоқлашиш, исломнинг асл моҳиятини англамаслик оқибатида келиб чиқаётгани, бундай амаллар касофатидан юртимиздан барака кўтарилаётгани, тоғлардаги булоқлар қуриб қолаётгани ҳақида гапирган. 

«Бунақасини қаерда кўргансиз? Бундан ортиқ ширк борми? Ҳар бир зинага бош қўйиб, сажда қилишяпти», — дейди у.

Ҳолат юзасидан юзасидан «Шайх Зайниддин» жоме масжиди имом хатиби Яҳё Абдураҳмонов ўз фикрларини билдириб ўтди.

«Аҳли сунна вал жамоанинг зиёрат борасидаги эътиқоди бўйича у умуман рад қилинмайди, шунингдек ибодат масканига ҳам айлантирилмайди. Ҳозирда баъзи инсонлар зиёратгоҳларга бориб фарзанд, бойлик, дунё ва бошқаларни сўрашни урфга айлантирмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: «Қабрларни зиёрат қилинглар. Сабаби у ер охиратни эслатади». Биз оламдан ўтган ота-боболаримиз бўладими, азиз аҳли илмлар бўладими ёинки яқинларимиз бўладими — уларнинг зиёратига боргандаги эътиқодимиз шу бўлиши керак. Уларнинг ёнларига борганда Қуръон тиловат қилиш орқали менинг ҳам фарзандларим мана шундай инсон бўлсин, дея Аллоҳ таолодан сўраш мумкин. Иккинчи бир томони, бойнинг ҳам, камбағалнинг ҳам — барчанинг келадиган жойи шу экан-да, деб инсон ўзига хулоса қилиши лобуд.

Бугун афсуслар билан айтишимиз керакки, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган Паркент туманида бўлган ҳодиса, яъни инсонлар ёш болалар билан бирга ўша зиёратгоҳни Аллоҳнинг уйи бўлмиш Каъбатуллоҳдек тавоф қилиши, устун ва зиналарни ўпиши бизнинг динимизда тақиқланган ширк деб аталмиш ёмон амалнинг ўзи ҳисобланади», — деди Яҳё Абдураҳмонов.

Имомга кўра, Аллоҳ таоло Ўзига қилинган ибодатлар сабабидан гуноҳларни кечиради. Илло, ширкни кечирмайди. Ширк ўзи нима? Ширк бу Аллоҳнинг ягоналигига ишонмаслик, ундангина сўрашимиз лозим бўлган неъматларни бошқалардан сўрашдир. Унга ўзгаларни шерик деб билишдир.

Собиқ иттифоқ даврида одамларни диндан узоқлаштиришди. Асл исломни йўқотиш учун уни чеклашни бошлашди. Инсонларни исломдан узоқ тутиш сиёсати амалга оширилди. Натижада инсонлар мана шундай ширк амалларга берилишни бошлашди.

«Зиёратгоҳларни тавоф қилиш кўпайди. Ёмон туш кўрса ҳам Баҳовуддин Нақшбандий қабрига борди, ишида бир муаммо пайдо бўлса ҳам Занги отага бир нарса атадим деган амал қилиш халқимизда авж олиб кетди. Афсуски, ҳозирги кунда ҳам мана шундай тушунча жуда кўп инсонларимизда қолиб кетди. Халқимиз фарзанд бўлмаса ҳам, эр-хотин ўртасида жанжал бўлса ҳам, Зангиота ёки шу каби зиёратгоҳларга бориб ечим сўрашга ўрганиб қолди.

Мана яқинда Бухорода бўлган воқеани мисол тариқасида айтишимиз мумкин. Ҳазрат Нақшбандийнинг зиёратгоҳ майдонида эски дарахт бўларди. Шу дарахтни ҳам илми йўқ инсонлар илоҳ даражасига олиб чиқиб, тавоф қилиб, ипларни боғлашни бошлаб юборди. Сўнг бу нарса Ўзбекистон Мусулмонлар идораси фатво кенгаши қарори билан йўқ қилинди. Мақсад халқимиз нотўғри эътиқодда бўлмасин дейилди.

Шундай инсонлар фикр қилиши керак. Агар улар ростдан ҳам инсонларга фарзанд берса, камбағални бир зумда бой қила олса, уларнинг сифати Аллоҳ билан тенг бўлиб қоларди ва ўлмаслиги керак эди.  Бироқ улар ҳам оддий бир банда», — деб тушунтирди «Шайх Зайнитдин» жоме масжиди имом хатиби.

Унга кўра, азиз авлиёлар ҳурмат, ҳавас қилиниши керак, аммо улар илоҳийлаштирилиши керак эмас. Уларга ҳам оддий инсон каби қараш зарур. Барчаси Аллоҳдан эканини унутмаслик керак. Фақатгина ундан сўрашимиз ва ўзигагина ибодат қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз с.а.в. «ҳатто оёқ кийимингизнинг ипи йўқолса ҳам Аллоҳдан сўрангиз», деб айтганлар. Оддий нарса ҳам Аллоҳдан сўралиши ва доим ҳаракатда бўлиш керак.

Сўнгги вақтлар инсонларга Қуръон ва ҳадис илмини етказишга оид бир қатор ишлар амалга оширилди. Ислом илмини тўғри етказиш бўйича давлат раҳбари ҳам диний уламоларга алоҳида топшириқлар берди. Бироқ собиқ иттифоқ сиёсати сабаб ўтган давр мобайнида одамларимиз ислом илмидан анча узоқлашди, унинг асл моҳиятидан мосуво қилинди. Имом хатиб айтганидек, Мусулмонлар идораси ва шу каби масъул ташкилотларнинг инсонларда ҳақиқий ислом илми шаклланишида қилишлари лозим бўлган анчайин вазифалар турибди.

Бундан ташқари, юқоридаги ҳолатлар бошқа зиёратгоҳларда ҳам юзага келмаслиги учун етарли чоралар кўрилади, деган умиддамиз. Тошкент вилояти Паркент туманидаги зиёратгоҳда бўлган ҳолатга масъуллар алоҳида эътибор қаратишлари ва бунга ижобий ечим беришларини кутиб қоламиз.

Журналист Зафарбек Солижонов,
Оператор Шерзод Эгамбердиев

Мавзуга оид