Жамият | 21:15 / 05.10.2019
29906
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: Нафосат Оллошукурова Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида даволанмоқда

23 сентябрь куни соат 12ларда Хоразм вилоят ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир қилган М.Раджапов, унинг яқин қариндошлари ҳамда Facebook ижтимоий тармоғида «Шабнам Оллошукурова» номли гуруҳ блогери Нафосат Оллошукуроваларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган, деб маълум қилди Бош прокуратура.

Урганч шаҳар маъмурий судининг 23 сентябрь кунги қарорига асосан Н.Оллошукуровага нисбатан МЖтКнинг 183, 194, 195 ва 202 моддалари билан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

26 сентябрь куни маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган Н.Оллошукурова руҳиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан у вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган.

Вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери томонидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига мурожаат қилиниб, Н.Оллошукурова руҳиятида ўзгаришлар содир бўлаётганлиги, унда «руҳий касалсимон синдром, параноял синдром» касаллиги аломатлари кузатилганлиги, ўзи ёки атрофдагилар учун бевосита хавф туғдириши, ночорлиги, асосий ҳаётий эҳтиёжларини мустақил равишда қондиришга лаёқатсизлиги сабабли, психиатрия муассасасига жойлаштириш сўралган.

Фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 30 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан, Н.Оллошукурова ғайриихтиёрий тартибда Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерига юборилган.    

Ҳозирда Н.Оллошукурова Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида даволанмоқда.

Мавзуга оид