Ўзбекистон | 17:22 / 07.10.2019
13318
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон маълум вақт ташқи алоқалардан чекиниб қолган эди – Тожикистон парламенти палатаси раиси

Шукуржон Зуҳуров

Ўзбекистон муайян муддат ташқи алоқалардан чекиниб қолган эди, деди Тожикистон парламенти қуйи палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров ўзбекистонлик ҳамкасби Нурдинжон Исмоилов билан учрашувда.

Ўзбекистон ва Тожикистон парламентлари қуйи палаталари раҳбарлари душанба куни Тошкентда мулоқот ўтказди. Унда Тожикистон томони Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатдаги ижобий фаоллашувини қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар маълум муддат тўхтаб қолган эди. Бу паузага нуқта қўйилгани ҳар икки мамлакат учун манфаатли бўлди.

Йўқотилган муддатнинг ўрнини тўлдириш, узилиб қолган ришталарни аввалгидан ҳам мустаҳкамроқ боғлаш – умумий мақсаддир. Бунда ҳукумат органлари билан бир қаторда халқ вакилларининг ҳам доимий мулоқотини йўлга қўйиш, парламент вакилларининг ўзаро ташрифларини амалга ошириш муҳим ҳисобланади.

Ўзбекистон муайян муддат ташқи алоқалардан чекиниб қолди. Ўзбекистоннинг бу йўқотишни тиклаши, ижобий фаоллашувини Тожикистон қўллаб-қувватлайди», – деган Зуҳуровнинг сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Мулоқот чоғида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов меҳмон делегация вакилларига Ўзбекистон парламентининг бугунги фаолияти ҳақида маълумот берди.

«Ўзбекистонда жорий йилги сайловлар мутлақо бошқача руҳда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу гал партиялар сонининг беш нафар эканлиги, сайлов тўғрисидаги янги кодекс асосида иш олиб борилиши бунинг асосий омилларидир.

Ўзбекистон парламенти республикадаги нодавлат ташкилотларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бунинг учун давлат бюджети маблағи асосида фонд ташкил қилинган бўлиб, фондни парламент комиссияси бошқаради. Танловлар, субсидиялар асосида нодавлат ташкилотлар ўзининг жамоатчилик, ижтимоий вазифаларини тўлақонли бажариши таъминланади.

Парламентнинг бошқа давлатлар қонунчилик органлари билан ҳамкорлигини назарда тутувчи 28та дўстлик гуруҳи тузилган. Бу гуруҳларнинг фаолияти ҳали талабга тўла жавоб бермайди, аммо ташқи алоқаларни фаоллаштириш, бу борада вужудга келиб қолган бўшлиқни тўлдириш, халқаро алоқаларда парламентнинг ролини ошириш мақсадида қаттиқ ишланмоқда», – деди Исмоилов.

Учрашув давомида томонлар парламентлараро ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, келажакдаги режалар ҳақида сўз юритишди. Икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди. Парламент сайловларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш соҳасида илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш истаги билдирилди.

Якунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Вакиллар палатаси ўртасида парламентлараро ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

Тошкентга 6 октябрда келган тожикистонлик делегатлар 8 октябрга қадар Ўзбекистонда бўлишади.

 

Мавзуга оид