Жамият | 17:09 / 08.10.2019
45208
9 дақиқада ўқилади

Нега талабалар «проездной»сиз қолди?

Октябрь ойи Тошкентда таҳсил оладиган талабалар учун ёдда қоларли бўлди ─ «проездной» йўқ.

Чегараланган молиявий ресурслар асосида яшайдиган талаба аҳли учун ой давомида транспортдан имтиёзли тарзда фойдаланиш имконини берадиган проездной ─ ойлик йўл чиптаси сув ва ҳаво каби зарур.

Жорий йилнинг октябрь ойида эса талабалар учун мўлжалланган ойлик йўл чиптасини топиш муаммога айланди. Ўзим талаба бўлганим учун биламан, агар талабанинг ўзи ҳафсаласизлик, бепарволик қилиб, жуда кеч ҳаракатга тушиб қолмаса, ойнинг 10-саналарида ҳам «проездной» бемалол топиларди. Аммо бу гал вазият бошқача бўлди: сентябрь тугар-тугамас, чипта сотиладиган шохобчаларда «Т» проездной йўқ» деган ёзув пайдо бўлди, талабаларнинг сарсон бўлаётгани кенг муҳокама қилинди.

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, бундай ҳолат юзага келганининг муайян сабаблари мавжуд. Таҳлилларга кўра, жорий ойда талабалар ойлик йўл чиптасига талабнинг кескин ортиб кетишига олий таълим муассасаларида ўқишга қабул қилиш квоталари оширилгани, қўшимча ўрин асосида талабалар қабул қилингани сабаб бўлган. Шунингдек, йўл ҳақи тарифлари ошгани (1200 сўмдан 1400 сўмга), шу билан биргаликда ойлик йўл чипталари нархи ўзгаришсиз қолгани ҳам бу турдаги ойлик йўл чиптасига талаб кескин юқорилашига сабаб бўлган.

«Бир ойда умумий ҳисобда ўртача 70 мингта ойлик йўл чиптаси сотувга чиқарилади. Умумий ойлик йўл чипталарининг қарийб 29 мингтаси талабалар учун мўлжалланган. Сентябрь ойида бу чипталарнинг 82 фоизи сотилган. Ойлик йўл чипталарини топиш катта муаммога айланган октябрь ойида ҳам талабалар учун жами 29 мингта ─ 15 мингта «Т» серияли (фақат автобус учун), 14 мингта «ТМ» серияли (автобус ва метро учун) чипта чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган ойнинг мос даври, яъни 2018 йилнинг октябрь ойи учун чиқарилган чипталардан 7500тага кўпдир. Шунга қарамай, ой аввалида проезднойга бўлган талаб тўла қондирилмагани боис, 7 октябрь куни қўшимча яна 2500та ойлик йўл чиптаси муомалага чиқарилди. Юқорида келтирилган омилларни инобатга олган ҳолда, ноябрь ойидан 90 минг дона ойлик йўл чиптасини савдога чиқариш режалаштирилган», ─ дейилади «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ ахборотида.

Яъни лимит талабдан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Статистик маълумотларга кўра, бир ойда аҳоли томонидан ўртача 60 752та ойлик йўл чиптаси харид қилинади. Транспортдан фойдаланувчиларнинг 47,8 фоизини ойлик йўл чиптасини қўлловчи аҳоли ташкил этади.

Жорий ойда ойлик йўл чиптаси тақчиллиги кузатилгани билан боғлиқ ҳолда аҳоли томонидан ижтимоий тармоқларда қуйидагича фикр ва таклифлар илгари сурилди:

─ барча жамоат транспортларида электрон тўлов тизимини жорий қилиш лозим;

─ талаба, ногирон ва нафақахўрлар учун ойлик йўл чиптаси сезиларли даражада арзонроқ бўлгани боис мазкур тоифага кирмайдиган шахслар ҳам сохта гувоҳнома олиб, шу чипталардан фойдаланиши ҳолатлари мавжуд;

─ ўқишга қабул қилинган биринчи курс талабаларига ОТМ раҳбарияти томонидан «талабалик гувоҳномаси» берилгунга қадар бир-бир ярим ой вақт ўтади, бу даврда эса уларнинг имтиёзли ойлик чипталардан фойдаланишида муаммолар юзага келади, чиптачилар томонидан эътирозлар билдирилади;

─ ойлик йўл чипталарнинг фақатгина тўлиқ 30-31 кун учун эмас, балки 10, 15, 20 кун учун ҳам мўлжалланган турли вариацияларини йўлга қўйиш лозим.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                          

Маълумот учун, ойлик йўл чипталарининг амалдаги қиймати қуйидагича:

Фақатгина автобусдан фойдаланиш учун:

N (нафақадор ва ногиронлар учун) ─ 60 минг сўм;

Т (талабалар учун) ─ 60 минг сўм;

O' (ўқувчилар учун) ─ 60 минг сўм;

АВ (умумий аҳоли учун) ─ 120 минг сўм.

Автобус ва метродан фойдаланиш учун:

NM (нафақадор ва ногиронлар учун) ─ 83 минг сўм;

ТМ (талабалар учун) ─ 83 минг сўм;

O'M (ўқувчилар учун) ─ 83 минг сўм;

АВМ (умумий аҳоли учун) ─ 166 минг сўм.

Саодат Абдураҳмонова тайёрлади

Мавзуга оид