Жамият | 18:30 / 08.10.2019
41730
7 дақиқада ўқилади

Олтинсойда фермернинг ери олиб қўйилиб, такрорий экини яксон қилинди: Ким ҳақ?

2019 йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 14-сонли қарори қабул қилинганди.

Республика қишлоқ хўжалигини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган мазкур қарорга асосан кўплаб фермер хўжаликларининг ерлари давлат захирасига қайтарилди ва тасдиқланган низом асосида танлов ўтказилиб, ғолибларга ажратилди.

Аммо тан олиб айтиш керакки, ушбу қарор ортидан айрим маҳаллий ҳокимлик ва фермер хўжаликлари ўртасида турли тушунмовчилик ва низолар юзага келмоқда. Ер майдони бошқа фермер хўжалигига қўшиб берилган фермерлар асосан комиссия хулосалари ва танлов нохолис ўтказилгани, шаффофлик таъминланмагани, таниш-билишчилик ва ноҳақликлардан шикоят қилишди.

Kun.uz таҳририятига ҳам бу масалада фермерлар томонидан кўплаб мурожаатлар бўлди ва журналистик суриштирувлар ўтказилди.

Таҳририятга шу мазмундаги навбатдаги мурожаат Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани, «Экраз» маҳалласида истиқомат қилувчи Сирожиддин Абдуғаффоров томонидан йўлланди.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Олтинсой туманида бўлдик ва фермернинг эътирозларини тингладик.

«2018 йилда «Бахтбек Исоқов» фермер хўжалигини ташкил этдим. Фермерлигим ташкил топганига эндигина ўн ой бўлганида ҳоким қарори билан тугатилди ва ер олиб қўйилди. Ҳокимлик буни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида мақбуллаштириш бўлгани билан изоҳлади. Лекин бу жараёнда ҳуқуқларим очиқчасига бузилди. Туман ҳокимлиги 2018 йил ғалладан бўшаган ерга такрорий экин учун фермерлигим билан шартнома қилганди. Шу шартнома асосида фермер хўжалигим ер майдонида карам, сабзи, пиёз маҳсулотлари экилган эди. Ер олиб қўйилаётганидан норозилик билдирганимдан кейин туман ҳокими такрорий экинлар тайёр бўлмаса-да, тракторни устига ҳайдаттирди. Шунча меҳнат бекор кетди, шунча маҳсулот увол бўлди. Ҳокимлик ва фермер хўжалигим ўртасидаги шартномага ҳам қараб ўтиришмади. Еримни ҳам олиб қўйишди. Ҳалигача фермерлигим тугатилганлиги ҳақидаги туман ҳоким қарорини ҳам менга беришмаган», – дейди фермер.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, туман ҳокимининг 2018 йил 30 мартдаги қарори билан «Экраз» маҳалласи ҳудудидан 29,55 гектар ер пахта-ғаллачилик ихтисослигидаги фермер хўжалиги ташкил этиш учун 30 йил муддат билан «Бахтбек Исоқов» фермер хўжалигига ижарага берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 14-сонли қарори асосида ўтказилган мақбуллаштиришда туман ҳокимининг 2019 йил 21 январдаги қарори билан «Бахтбек Исоқов» фермер хўжалиги тугатилган.

Фермер хўжалик раҳбари С.Абдуғаффоров бу жараёнда ўз ҳуқуқларини бузилган, деб ҳисобламоқда.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами 100 гектар этиб белгиланган. Мақбуллаштириш жараёнида туман ҳокимликлари захирасига қайтарилган ер участкалари, биринчи навбатда тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган, молиявий ҳолати яхши ва қишлоқ хўжалиги техникаларига эга кўп тармоқли фермер хўжаликлари, пахта-тўқимачилик кластерлари, экспорт қилувчи ва қайта ишловчи корхоналарга берилиши, бир гектар ер майдони учун пахта-ғаллачилик лойиҳасига 2 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида ҳамда сабзавот-ғаллачилик, боғдорчилик-узумчилик, сабзавот-полизчилик лойиҳаларига 5 минг АҚШ доллари эквиваленти миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритадиган талабгорларга ва кластер корхоналарига туман сектор раҳбарининг тавсиясига кўра танлов ўтказмасдан туман ҳокимининг қарорига асосан ер участкалари ажратилиши кўрсатилган.

Айнан шу жараёнда ҳақиқатан ҳам фермер С.Абдуғаффоровнинг ҳуқуқлари бузилганми, жараён тегишли тартибда олиб борилмаганми?

Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Олтинсой тумани ҳокимлигида бўлдик ва туман ҳокимининг қишлоқ хўжалигига масъул ўринбосари Баҳодир Худойқулов билан суҳбатлашдик.

«Айни вақтда «Бахтбек Исоқов» фермер хўжалиги ва яна уч нафар фермернинг ери экспортёр корхонага берилган. Мақбуллаштириш жараёнида бу тўрт нафар фермернинг ҳар бири билан суҳбатлашганман. Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами 100 гектар этиб белгиланган. Бу фермерлар бунча катта ерга эга фермер хўжаликни юритолмаслигини, бунга имкониятлари етмаслигини билдирди. Бу таклифни «Бахтбек Исоқов» фермер хўжалиги раҳбари Сирожиддин Абдуғаффоровга ҳам билдирганмиз. У ҳам рад этган. Шунинг учун тўртта фермер орасидан номзод бўлмагандан кейин ер қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириб, қайта ишлаб, экспорт қиладиган корхонага берилди», – дейди ҳоким ўринбосари.

Суҳбатимизда бевосита иштирок этган Сирожиддин Абдуғаффоров ҳақиқатан ҳам шундай таклиф бўлганини тасдиқлади. Дастлаб рад этган бўлса-да, кейин рози бўлган. Туман ҳокими ўринбосари Баҳодир Худойқуловнинг таъкидлашича, орадан вақт ўтган ва фермер кейинчалик розилик берган бўлса-да, бу фермер хўжалиги жойлашган сектор раҳбари хулосаси билан рад қилинган.

Шундан сўнг, фермернинг еридаги такрорий экин ҳали етилмасдан аёвсизларча бузиб ташлангани ҳолати юзасидан изоҳ сўрадик.

Туман ҳокими ўринбосари такрорий экин учун шартнома бўлмаганини айтди. Мутасаддига туман ҳокимлиги ва «Бахтбек Исоқов» фермер хўжалиги ўртасида тузилган шартнома нусхасини тақдим этдик. Аммо бу борада аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, маълум бўлишича Сирожиддин Абдуғаффоровнинг ўз фермерлигини сабзавот-полизчилик, боғдорчиликка ихтисослаштириб, ерни сақлаб қолиш бўйича сўровини туман ҳокимлиги рад этган.

Ўрганиш якунида туман ҳокими ўринбосари Б.Худойқулов фермерга боғдорчилик ва сабзавот-полизчилик учун ер ажратилиши имкони кўриб чиқилишини маълум қилди.

Бардошбек САМАД ўғли,

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид