Жамият | 23:25 / 13.10.2019
117125
2 дақиқада ўқилади

Хонанда Озода Саидзода кечирилди ва унга яна эркин ижод қилиш имконияти тақдим этилди

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси тарқатган пресс-релизга кўра, хонанда Озода Саидзода (Нурсаидова) шу йилнинг 10 октябрь куни «Ўзбекконцерт»га рухсат берувчи лицензия сўраб мурожаат қилган. Мурожаат юзасидан 13 октябрь, якшанба куни «Ўзбекконцерт»да санъаткорлар иштирокида давра суҳбати ташкил этилган. 

Давра суҳбатида хонанданинг бундан бир неча йиллар олдин сиёсий хатога йўл қўйгани, билиб-билмай, асосланмаган маълумотларга ишониб, инсон шахсиятига тегувчи ноўрин фикрлар билдиргани, бундан ташқари мухлисларга нисбатан ҳурматсизлик қилгани, санъаткор одоби доирасидан четга чиқувчи ҳаракатлар содир этгани устозлар томонидан қаттиқ танқид қилинган. 

Хонанда Озода Саидзоданинг ўзи ҳам сўзга чиқиб, хатоларини тан олиб, жамоатчилик орасида ўзининг ноўрин фикрларини ижтимоий тармоқлар орқали баён этганидан астойдил пушаймон эканлигини билдирган, президент, халқ ҳамда барча санъаткорлардан узр сўраган. 

Барча устоз санъаткорларнинг фикрлари тингланганидан сўнг, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси директори О.Абдуқаҳоров президент Ш.Мирзиёевнинг санъат аҳлига бўлган ғамхўрлиги, меҳрибонлиги ва кечиримлилиги боис хонанда Озода Саидзода кечирилгани ҳамда унга эркин ижод қилиш имконияти яратилганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, қатор йиллар «тақиқ»да бўлган санъаткорлардан Шерали Жўраев, Юлдуз Усмонова, Севара Назархон ва бошқалар Ш.Мирзиёев президент этиб сайланганидан сўнг яна телеэкранлар ва катта саҳналарга қайтишган эди.