АОКА раҳбарлари фейк аккаунтлар ва тролларга қарши кураш бўйича БАА тажрибаси билан танишди
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги делегацияси БААга ташрифининг иккинчи кунида ҳам амирликнинг қатор мулозимлари билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда агентлик директори Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилишди.
Қайд этилишича, делегация 15 октябрь куни БАА Ҳукумат ва келажак ишлари вазири Муҳаммад Ал-Гергави билан учрашган.
«БАА вазири билан учрашувимиз интернет ва ижтимоий тармоқлардаги хавфсизлик масаласи бутун дунёнинг умумий муаммосига айланганини яна бир бор тасдиқлади. Ёлғон хабарлар, ижтимоий тармоқлардаги фейк аккаунтлар, троллар — барча мамлакатлар учун чинакам хатарга айланган ва унга қарши кескин курашлар кечмоқда.
Биз бу борада ривожланган араб мамлакатининг ахборот соҳасидаги тажрибаси, улар қўллаётган услублар билан танишдик. Мамлакат имижини шакллантириш ва PR соҳасига оид халқаро илғор тажрибалар билан ўртоқлашдик», – деб маълум қилди Алламжонов.
АОКА раҳбарлари сешанба куни Дубай амирлиги ҳукумати Медиа офисининг Бош директори Мона Ал Марри билан кўришган.
«Учрашувда PR соҳасидаги Дубай тажрибаси, икки мамлакат журналистлари ва пиар менежерлари учун ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилдик», – деб ёзади Мирзиёева.
Мавзуга оид
02:08 / 24.12.2024
Саида Мирзиёева: «Келгуси йил учун белгиланган вазифалар кўлами жуда кенг»
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
20:49 / 19.12.2024
Саида Мирзиёева Президент администрациясида ўқувчи ёшлар билан учрашди
19:14 / 12.12.2024