Нон нархи қайси зарурият туфайли оширилмоқда?
Кеча, 14 октябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2019 йилнинг 15 октябридан бошлаб Ўзбекистонда дон ва ун нархларининг эркинлаштирилиши борасида бир қанча янги тартиблар ўрнатилиши белгиланган. Ўрнатиладиган янги тартиблар нон нархига ҳам таъсир кўрсатиши кутилмоқда.
Kun.uz қарор асосидаги ўзгаришлар, шунингдек, бунга сабаб бўлган бошқа омиллар бўйича батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон Молия вазирлиги билан боғланди.
Саволларимизга Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи директори Баҳром Ашрафхонов жавоб берди.
«Нархларнинг эркинлаштирилиши борасидаги талаб фермерлар томонидан билдирилди ва у Олий Мажлис томонидан жиддий қабул қилинди».
«2 октябрь куни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа эгалари кенгаши Раёсати ҳукумат ва парламентга ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мурожаатнома билан чиқди.
Уларнинг айтишларича, йиллар давомида аҳолини арзон ун ва нон билан таъминлаш масаласи ғалла етиштириш ва уни қайта ишлашнинг давлат томонидан қатъиян бошқарилиши ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалланинг бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилиш тамойиллари асосида ҳал қилиниб келинди.
Натижада, фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга қизиқиши пасайиб, харажатларни фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга ошириб, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтиришдан манфаатдорлиги бўлмади.
Шунингдек, давлат харидлари бўйича фермерларнинг ғалласига паст нарх белгилаб, унинг арзон баҳода сотилиш механизми фермерлар ва дон корхоналарига иқтисодий манфаатдорлик келтирмаяпти. Уларни ғалла ҳосилдорлигини оширишга рағбатлантирмайди.
Раёсатнинг расмий мурожаатномаси Олий Мажлис томонидан жиддий қабул қилинди. Ҳақиқатдан ҳам, 2018 йилга қадар ғаллачиликка давлатнинг аралашуви 100 фоиз бўлиб келди. Лекин сезяпмизки, энди бозор иқтисодиётига ўтмасак бўлмайди.
Фермерлар шу сабабдан қатъий талаб билан чиқишдики, «Мева ва сабзавот маҳсулотларини истаган нархда сотаяпмиз, нега энди ғаллада нархга аралашув бўлиши керак. Аҳвол бу кетишда давом этса, бизни ғалла экканимиздан нима фойда? Агар ғалла керак бўлса, нархни бозор шароитларида, эркин қилинглар».
«Олий Мажлис қонунчилик палатаси ўрганишлари фермерлар ҳақ эканлигини кўрсатди»
«Мурожаатнома 2 октябрь куни Олий Мажлис қонунчилик палатасига келиб тушган. Қонунчилик палатаси эса тезда расмий мурожаат юзасидан жойлардаги ҳолатни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузди.
Ишчи гуруҳ аъзолари уч кишидан бўлиб, барча 14та ҳудудда ўрганиш олиб борди.
Бир ҳафталик ўрганишлардан сўнг, 9 октябрь куни Парламент эшитуви бўлиб ўтди. Унга кўра, ишчи гуруҳ аъзолари жами 298 та фермер хўжаликлари, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компаниясининг 28 та ҳудудий бўлимлари, 96 та сотув нуқталари ва аҳоли вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, ўрганишлар олиб боришган.
Бу ўрганишлар шуни кўрсатдики, бозорларда давлат нархида олинган ун бир неча баробар қиммат нархда сотилмоқда. Масалан, давлат нархида 88 минг сўмга олинган ун 110 мингдан 150 минг сўмгача нархда сотилмоқда.
Нон ишлаб чиқарувчилар эса бошқа йўлга ўтиб олишган: 1100 сўмга белгиланганидек, 600 грамм эмас, 450 граммли қолипли нонларни ҳам сотишмоқда. Хуллас, бу тизим қоғозда ишлаяпти, лекин жойлардаги асл ҳолат бузилиб кетган.
Ўрганишлар бўйича бир нечта вазирликларнинг ҳисоботлари ҳам тингланди.
Эшитишлардан мурожаатномадаги ҳолатлар тўғри эканлиги тасдиқланди ва маълум бўлдики, дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш керак.
Аслида, сабзавот, мева ёки дуккакли экинлар сингари буғдой ҳам қишлоқ хўжалигининг бир маҳсулоти. Ҳар қанча аҳамиятли бўлмасин, уни етиштирган деҳқон зарарига сотмаслиги, янчган завод қинғирлик билан ишламаслиги, ёпган новвой кимгадир қарам бўлиб қолмаслиги керак.
Шу билан бирга, бу жараёнда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашни кучайтириш керак».
Янги қарор бўйича тизимда қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Баҳром Ашрафхонов суҳбат давомида шунингдек, янги қарор бўйича кутилаётган асосий ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Унга кўра, 2019 йил 15 октябрдан:
«Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси тизимидаги ташкилотлар томонидан 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларининг барча тоифаларига фақат биржа савдолари орқали ҳеч қандай чекловларсиз сотилади. Бунда, ғалланинг бошланғич нархи сотувчи томонидан амалдаги харид нархи, тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва бошқа харажатлардан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.
Ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида эса 2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1 300 минг сўмдан улгуржи нархларда сотилади. Бунда, буғдойнинг ўртача харид нархи ва улгуржи нархи ўртасидаги 120 минг сўм миқдоридаги салбий фарқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қопланади.
Ашрафхоновнинг айтишича, ҳукумат қарорида, шунингдек, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси билан биргаликда ички бозорда нархларнинг сунъий равишда ошиб кетиши ва бозордаги бошқа салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, зарур ҳолларда, бир савдо сессиясида бир харидор томонидан харид қилинадиган ун ва доннинг максимал миқдорини (лимитини) белгилаши ҳамда талаб ва таклифдан келиб чиқиб ушбу ҳажмларга тузатишлар киритиши мумкинлиги белгиланган.
Илёс САФАРОВ тайёрлади.