Ўзбекистон | 13:51 / 15.10.2019
14236
2 дақиқада ўқилади

Полковник Руфтулло Ниғматов: «Муайян давлатнинг хавфсизлигига таҳдид бугунги кунда миллий чегаралар доирасида қолиб кетолмайди» 

Фото: KUN.UZ

Тошкентда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти шафелигида «Замонавий ҳарбий можаролар: мазмуни ва олинган сабоқлар» мавзусида биринчи халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, анжуманда Қуролли Кучлар академияси бошлиғи ўринбосари, полковник Руфтулло Ниғматов маъруза қилди.
 
«Муайян давлатнинг хавфсизлигига таҳдид бугунги кунда узоқ вақт давомида миллий чегаралар доирасида қолиб кетолмайди ва улар минтақавий кўламда намоён бўлади. Бунда минтақанинг хавфсизлигини унинг иқтисодий ривожланиши масаласидан ажралган ҳолда кўриб чиқиб бўлмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, тобора кўпроқ экспертлар Марказий Осиёни хавфсизлик муаммолари бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган давлатлар гуруҳи сифатида кўриш керак, деган фикрга келишмоқда. Уларнинг миллий хавфсизлигига таҳдидларни алоҳида таҳлил қилиш ва ҳал этиш мумкин эмас», - деди Р. Ниғматов.

Бундан олдин, Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Баҳодир Қурбонов бугунги кунда сиёсий мақсадларни кенг кўламли қуролли тўқнашувсиз ҳам амалга ошириш мумкин экани ҳақида айтиб ўтганди.

Мавзуга оид