Жаҳон | 01:05 / 15.10.2019
30805
3 дақиқада ўқилади

Путин ва Саудия Арабистони подшоҳи музокаралар ўтказишди ва совғалар алмашишди

Россия президенти Владимир Путин Саудия Арабистонига ташриф буюриб, подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд билан музокаралар ўтказди ва ўзаро совға алмашди.

Эътиборлиси, икки давлат етакчилари музокаралар ўтадиган саройга электромобилда кириб келишган. Путин сарой томон йўл олаётган вақтда подшоҳлик қўриқчилари белидаги ҳанжарлар билан қизиққан. Подшоҳ Салмон шу ондаёқ ҳарбийларга Путинга “Жамбия” деб аталувчи ханжарни кўрсатишни буюрган.

Учрашув вақтида Саудия подшоҳи Россиянинг минтақа ва дунёда муҳим роль ўйнашини, подшоҳлик хавфсизлик, тинчлик ва барқарорлик, террорчилик ва экстремизмга қарши кураш, иқтисодий ўсишни мустаҳкамлаш масалаларида Москва билан биргаликда ишлашга интилишини қайд этиб ўтган. Подшоҳ икки давлат ҳамкорлигини дўстона деб атаган.

Ўз навбатида, Путин подшоҳнинг 2017 йилда Россияга ташриф буюргани ва ўшанда эрилишган барча келишувлар муваффақиятли амалга оширилаётганини эслатиб ўтган.

Учрашув давомида икки давлат нефть ишлаб чиқарувчилари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик хартияси, “Роскосмос” ва Саудия Арабистонининг коинот бўйича комиссияси ўртасида космонавтика ва ГЛОНАСС глобал навигация тизимини молиялаштириш соҳасида ҳамкорлик ҳақидаги баёнот, икки давлат энергетика вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик баённомаси, шунингдек, маданият, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

Музокаралар натижаларига кўра, Россия ва Саудия Арабистони Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги ихтилофларнинг дипломатик йўл билан ҳал қилиниши ва террорчилик таҳдидларига қарши курашни қўллаб-қувватлашлари таъкидлаб ўтилган. Бундан ташқари, Россия ва подшоҳлик ҳукуматлари икки давлат фуқароларига визалар бериш тартибини соддалаштириш ҳақидаги меморандумни имзолаган.        

Учрашувдан кейин Путин подшоҳга Камчатка шумкари (кречет) қушини совға қилган ва жавоб совғаси тариқасида подшоҳдан сурат олган.   

Шунингдек, Россия президенти валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмонга мамонтнинг дандон тишидан ишланган бадиий буюм совға қилган.

Мавзуга оид