Иштихонликлар авария ҳолатидаги эски кўприкдан фойдаланишмоқда: янгиси қачон битказилиши барчага қизиқ
Иштихон туманида 1969 йилда барпо этилган, туман марказини Митан шаҳарчаси билан боғлайдиган кўприк авария ҳолатида. Янги кўприк қурилиши эса чўзилмоқда.
Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги Оқдарё дарёси узра тушган кўприк қурилганига 50 йил бўлмоқда. 1969 йилда барпо этилган бу кўприк туман маркази Иштихон шаҳрини Митан шаҳарчаси билан боғлайди.
Айни кунларда ярим аср муқаддам ўша вақтдаги эҳтиёждан келиб чиқиб барпо этилган кўприк торлиги ва жуда эскиргани туфайли бугунги кун талабларига жавоб бермай қолган.
Авария ҳолатига келиб қолган кўприкдан оғир юкли юк машиналари ўтиши тақиқлаб қўйилган, бироқ юк машиналари юксиз ўтганида ҳам кўприк чайқалиб, тебраниб туради.
Ҳозир эски кўприк ёнидан Оқдарё узра янги кўприк барпо этилмоқда. У кенгроқ — тўрт полосали бўлади. Бироқ қурилиш ишлари тўхтаб қолган. Чунки кўприк қурилиши учун зарур қурилиш материаллари етказишда узилишлар рўй бермоқда.
Иштихон туман ҳокими Шуҳрат Негматовга бу борада мурожаат қилганимизда, қурилиш учун зарур маблағлар ажратилгани, бироқ айнан қурилиш материаллари ўз вақтида етказиб берилмаётгани сабабли қурилиш-монтаж ишлари оқсаётганини айтиб ўтди.
Иштихонликлар эса ҳозирча эски кўприкдан юрак ҳовучлаб фойдаланишмоқда. Улар янги кўприк тезроқ ишга тушишини орзиқиб кутишмоқда.
Чиндан ҳам, қишнинг қировли ва ёғинли кунларига қолдирмасдан янги кўприкни ишга тушириш керак. Токи, эски кўприкда бирор кор-ҳол рўй бермасдан.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири,
Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи.
Мавзуга оид
16:53 / 02.12.2024
Иштихонда уч метрлик бўғма илон уйда сақланаётгани аниқланди
15:34 / 24.04.2024
Самарқандда 13,1 минг куб мармарни ноқонуний қазиб олиш ҳолати аниқланди
11:10 / 15.06.2022
Иштихон тумани ҳокими ўзгарди
18:45 / 11.01.2021