Спорт | 22:03 / 17.10.2019
101371
1 дақиқада ўқилади

Каратэ бўйича Ўзбекистон кубоги вақтида мураббий ва ҳакамлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлди

Карате бўйича Ўзбекистон кубоги ўтказилаётган вақтда оммавий муштлашув содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига воқеа жойида бўлган томошабинлар хабар қилди.

Фото: Xabar.uz

Маълум бўлишича, кеча 16 октябрь куни Тошкентда ўтказилаётган мусобақа вақтида мураббийлар ва ҳакамлар ўртасида оммавий муштлашув содир бўлган. Бир неча дақиқа давом этган жанжални ички ишлар ходимлари тинчитган.

Ушбу муштлашув тасвирланган видео xabar.uz сайтида эълон қилинди. Видеони олаётган мобил репортёрнинг гапидан жанжаллашаётганларнинг юзлари қон бўлганини пайқаш мумкин. Kun.uz мухбири воқеа борасида маълумот олиш учун Ўзбекистон каратэ федерацияси билан боғланди. Федерация ходими воқеа юзасидан хизмат текшируви ўтказилаётгани сабаб маълумот бера олмаслигини, барча айбдорлар аниқлангач, ОАВга хабар қилинишини айтди.

Маълумот учун, бугун 17 октябрь куни каратэ бўйича Ўзбекистон миллий жамоасига янги мураббий тайинланди. Эндиликда ўзбекистонлик каратечилар 2020 йил Токиода ўтказиладиган олимпиада йўлланмасини қўлга киритиш учун эронлик Шаҳоб Султоний мураббийлиги остида шуғулланади.

Мавзуга оид