Ўзбекистон | 14:57 / 17.10.2019
32918
2 дақиқада ўқилади

«Талабалар ўқитувчиларни танлайди» — Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги янги тизим ҳақида маълумот берди

Кредит-модуль тизимига кўра, керакли баллни йиға олмаган талабалар ОТМларда узоқ йиллар давомида ўқишига тўғри келади. Тингловчи ўрнатилган кредит балларни тўплаган тақдиридагина диплом олишга муваффақ бўлади.

Бугун, 17 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда маълумот берилишича, концепциянинг мақсадли кўрсаткичларида 9та йўналиш белгиланган бўлиб, асосий эътибор олий таълим билан қамровни кенгайтириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган.

2019 йилда олий таълим билан қамраб олиш даражаси жами битирувчилар сонига нисбатан 20 фоизни ташкил этган бўлса, 2030 йилга бориб 50 фоиздан ошиши режалаштирилган.

Шунингдек, айни пайтда кредит-модуль тизими жорий этиладиган ОТМлар сони 2тадан 85тага етказилиши режалаштирилган. Нодавлат, давлат-хусусий шериклик асосидаги ОТМлар сони эса 35тага етказилади.

Вазирлик бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиқовнинг маълумот беришча, кредит-модуль тизими таълимнинг якунида талабаларнинг хорижий ОТМларда ўқиб келишида муаммо бўлмаслиги ва таълим сифатини яхшилаш учун зарур.

«Бундан ташқари, назарияни амалий кўникмаларга алмаштириш бўйича ҳам фармонда алоҳида таъкидланган. Бугунги кунда хорижий ОТМларда 55-70 фоизгача мустақил таълим белгиланган. Ҳозир бизда таълимнинг 40 фоизи мустақил таълим учун ажратилган бўлса, концепцияга кўра, бу кўрсаткич 2030 йилгача 60 фоизгача етказилади», дея Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, кредит-модуль тизимига ўтиш – давр талаби. Бу тизимда ўқитувчиларни талабалар танлайди. Танлов фанлари сони кўпайтирилади, яъни талаба ўз йўналиши бўйича танлаб ўрганиши мумкин бўлган фанлар сони кўп бўлади.

Лекин кредит-модуль тизимида керакли баллни йиға олмаган айрим талабалар ОТМларда узоқ йиллар давомида ўқишига тўғри келади. Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳозирги кунда талабаларни ўқишга тиклаш масаласи ҳам ОТМлар зиммасига юклатилган. 

Мавзуга оид