Жамият | 16:12 / 17.10.2019
32610
5 дақиқада ўқилади

Тошкент туманида аукцион орқали сотиб олинган ер участкалари ғолибларга берилмаяпти. Фуқаролар алданганмиди?

Сўнгги вақтларда аукцион орқали ер-мулк сотиб олган фуқароларнинг мулклари билан боғлиқ муаммолар тез-тез учраб турибди. Яъни, очиқ аукцион орқали сотиб олинган мулклар қайтариб олиб қўйилмоқда ёки тан олинмаяпти.

Kun.uz таҳририятига 34 нафар фуқаро номидан мурожаат келиб тушди. Мурожаат айнан аукцион орқали сотиб олинган ер масаласи ҳақида.

Маълум бўлишича, фуқаролар томонидан очиқ аукцион орқали сотиб олинган ерга ҳоким қарори чиқарилган ва тегишли тартибда кадастр ҳужжатлари берилган. Бироқ фуқаролар сотиб олган ерига кира олишмаяпти.

Ҳолатни ўрганиш мақсадида Тошкент вилояти Тошкент тумани «Дархон» маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, шу муаммолар гирдобида қолиб кетган фуқаролар билан суҳбат қилдик.

«Узоқ йиллар давомида ижтимоий ҳимояга ва уй-жойга муҳтож бўлганимиз сабабли 2018 йил 10 октябрь куни «Кўчмас мулк савдо хизмати» МЧЖ томонидан ўтказилган очиқ аукцион савдолари орқали Тошкент тумани, Юнусобод ҳудуди, «Дархон» МФЙдаги 24-контурда жойлашган ер майдонидан 0,04 сотихдан иборат ер участкасини ғолиблик баённомаларига асосан ютиб олдик.

Шунга кўра, ҳар биримиз билан ютиб олган ер учун тўрт томонлама шартномалар тузилиб, белгиланган тўловларни 100 фоиз амалга оширдик. Шунингдек, ютиб олинган ерларимиз учун Тошкент туман ҳокимлиги томонидан «ер участкасини мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида»ги қарорлари чиқди. Мазкур қарорларга асосан, «Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисида»ги бизнинг номимизга гувоҳномалар ҳам берилиб, эгалик ҳуқуқини олдик.

Аммо Тошкент тумани Юнусобод ҳудуди 24-контурда очиқ аукцион савдолари орқали сотиб олган ерларга, туман ҳокимининг қарори, ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизматининг гувоҳномаларига асосан эгалик ҳуқуқимиз бўлатуриб, ушбу ер участкасига киришимизга тўсқинлик қилинмоқда», дейди мурожаатчилардан бири Нодирбек Шамсуддинов. 

Бу ерга йиғилган фуқароларнинг барчасида шу муаммо. Улар аукцион орқали сотиб олган ерига эгалик қила олмай, бир неча йилдан буён сарсон бўлишмоқда.

Таҳририятга мурожаат йўллаган фуқаролар аукционда иштирок этиб, ҳар бири 4 сотихдан ер сотиб олган. Аммо, айни пайтда Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институтининг «Дархон» илмий-тажриба хўжалиги ерни шартнома асосида тадбиркорга ижарага берган.

Ерига кира олмаётган фуқаролар бу муаммо юзасидан салкам бир йилдан буён кўплаб ташкилотларга мурожаат қилиб келишмоқда. Лекин натижа бўлмаяпти. Ҳолат юзасидан прокуратурага йўлланган шикоятга жавобан белгиланган тартибда судга мурожаат қилиш тавсия этилган.

Шундан сўнг фуқаролар судга мурожаат қилишган. Суд ҳатто бир неча фуқаронинг ер масаласи бўйича аризаларини қаноатлантирган.

Ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Тошкент тумани ҳокимлигида бўлдик. Туман ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Жаҳонгир Ғиёсов лавозимига янги тайинлангани сабаб мазкур муаммоли ер масаласидан чуқур хабардор эмаслиги, лекин ҳозирда суд жараёнлари кетаётгани ҳақида эшитганини айтиб, қонуний баҳони суд беришини маълум қилди.

Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институтининг «Дархон» илмий-тажриба хўжалиги раҳбари Муҳиддин Тулаковнинг таъкидлашича, фуқароларга сотилган ер ҳокимлик эмас, аксинча «Дархон» илмий-тажриба хўжалиги балансида бўлган.

«Иккинчидан, Ўрмон хўжалигига тегишли ерни ҳокимият очиқ аукцион орқали сота олмайди. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг қарори керак бўлади. Фуқаролар сотиб олган ерга эса Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқмаган. Ҳозирда биз ушбу ерни қонуний асосда тадбиркорга ижарага берганмиз», дейди Муҳиддин Тулаков.

Хулоса ўрнида

Ҳалигача очиқ аукцион орқали сотилган ер-мулкларни тасарруф қилишда бундай муаммолар юзага келаётгани бор гап. Буни юқоридаги ҳолатдан ҳам англашимиз қийин эмас. Хўш айб кимда?

Фуқароларнинг очиқ аукцион савдосига ёки бўлмаса ҳоким қарори ва кадастр ҳужжатига ишонганидами? Муайян давлат органларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида оддий халқ жабр чекиши ва сарсон-саргардонликка маҳкум этилиши қай даражада адолатли?

Умид қиламизки, ушбу мақола тегишли ваколатли органлар назаридан четда қолмайди ва 34 нафар сарсон фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилади.

Kun.uz мухбири Раҳматилло Исроилов
Оператор Дониёр Ёқубов

Мавзуга оид