Ўзбекистон | 12:33 / 17.10.2019
230916
2 дақиқада ўқилади

Йил охирида доллар курси қанча бўлиши тахмин қилинди

Фото: Morteza Nikoubazl / Zuma / ТАСС

Марказий банк сўровида иштирок этган аҳолининг аксарияти 2019 йил охирида доллар курси 9837–9895 сўм атрофида бўлади, деб ҳисобламоқда.

Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмаларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, 2019 йилнинг III чорагида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг иқтисодиётдаги нархлар ўзгариши борасидаги кутилмаларига ёқилғи-энергетика маҳсулотлар нархлари ўзгартирилишининг эълон қилиниши ва оширилиши юқори таъсир кўрсатган.

Сентябрга келиб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли кутилмаларида пасаювчи тренд кузатилган, аммо ўрта муддатли кутилмалари юқори даражада сақланиб қолди.

«Сўров иштирокчиларининг валюта курси бўйича кутилмалари келгуси даврларда миллий валютанинг тебранувчанлик даражасига нисбатан ноаниқлик таъсири остида шаклланди», - дейилади Марказий банк маълумотида.

Аҳолининг 2019 йил якунига айирбошлаш курси бўйича кутилмалари сентябрда ўртача 1 АҚШ доллари 9837 сўмга, тадбиркорлар кутилмалари эса ўртача 1 АҚШ доллари 9895 сўмга тенг бўлди.

Шунингдек, III чоракда миллий валютанинг юқорироқ суръатда қадрсизланиши ва давлат секторида иш ҳақларининг навбатдаги индексацияси инфляцион кутилмаларга қўшимча босим шаклланишига хизмат қилган.

Билдирилишича, 2019 йил якунига қадар бир марталик омиллар таъсири камайиши натижасида инфляцион кутилмалар аста-секин пасайиб боради. Мўтадил паст даражадаги инфляцион кутилмаларга эришиш учун уларга таъсир этувчи омилларни барқарорлаштириш ва уларга боғлиқ ўзгаришларни олдиндан аниқлаш имкониятларини ошириш талаб этилади.

Бундан олдин, Марказий банк миллий валюта девальвацияси аҳолининг жамғариш кайфиятига ҳам таъсир кўрсатганини маълум қилганди.

Мавзуга оид