Курдлар ким? Феминистлар, ИШИДни енгганлар ва бўлиб ташланган халқ
Курдларнинг ҳарбий отрядлари ИШИД устидан қозонилган ғалабада муҳим ролни ўйнашганди, аммо ҳозир америкаликлар Сурия шимолидан кетиши ва Туркия қўшинлари бу ҳудудга бостириб кириши туфайли уларнинг тақдири хавф остида қолмоқда.
Уруш ичида қолган Сурияда улар ҳокимиятни децентрализация тамойиллари асосида (марказлашган системадан марказлашмаган системага ўтиш), феминизм, экология ва ижтимоий адолат қоришмасидаги мафкура таъсиридаги мухторият тузишга ҳаракат қилишмоқда.
Би-би-си Сурия курдлари - Яқин Шарқдаги давлатлар ўртасида бўлиб олинган 30 миллионлик халқнинг илғор вакиллари ҳақида ҳикоя қилади.
Курдлар ким?
Курдлар - ҳинд-европа этноси, уларнинг тарихий ватани Курдистон ҳозирги Ироқ, Эрон, Сурия ва Туркиянинг тоғли ҳудудларида жойлашган.
Бу ҳудудларда бугунги кунда жами 30 млн нафар атрофида курдлар яшайди, бу сони бўйича Яқин Шарқдаги тўртинчи энг йирик халқ, минтақанинг ўз давлатига эга бўлмаган энг йирик халқи.
Улар нима учун курашади?
Курдларнинг аксар қисми - сунний мазҳабига эътиқод қилувчи мусулмонлардир, шу билан бирга уларнинг орасида бошқа мазҳаблар ҳам кенг тарқалган.
Шу жумладан, езидлар - кўплаб динларнинг элементлари қоришган эътиқод.
Бу синкретик эътиқод издошлари асрлар давомида «иблисга сиғинувчилар» сифатида таъқиб қилиб келинган, мусулмон курдлар томонидан ҳам.
Нега курдларнинг ўз давлати йўқ?
XX аср бошида Европадаги державалар (суперқудратли давлатлар) Усмонлилар империяси ҳудудида мустақил Курдистон давлатини тузишни режалаштиришганди. Аммо бу ғоя амалга ошмай қолган.
Ҳозирда курдлар ягона давлат учун эмас, мавжуд давлатлар ичидаги мухторият учун курашишади. Сурияда ҳам, Туркияда ҳам курдлар Ироқдаги миллатдошлари каби (бу давлатдаги Ироқ Курдистони мухторияти янги конституция бўйича кенг ваколатлар билан таъминланган) ўз ўзини бошқарувчи ҳудуд мақомини олишни исташади.
Курдларнинг энг кўп қисми Туркияда яшайди, турли баҳоларга кўра, Туркия аҳолисининг 15 фоиздан 23 фоизгача бўлган қисми курдлардир. Бу рақам ўсиб бормоқда - демографик кўпайишдан ташқари, мамлакатнинг асли курд бўлган фуқаролари ўзларини курд сифатида идентификациялашмоқда.
Туркия улар террорчилигини айтади. Чиндан ҳам шундайми?
«Курд масаласи» - XX аср мобайнида Туркиянинг асосий бош оғриғи бўлиб келган. Турклар ҳукумати бундай миллат борлигини кўп вақт давомида тан олмаган ва уларни «тоғлик турклар» деб аташган.
Курдларнинг ҳуқуқ ва мухторият учун курашидаги ҳал қилувчи ролни Абдулла Ўжалан бажарган, у 1970-йилларда Курдистон ишчи партиясига - сиёсий ва жангари ташкилотга асос солган.
Ўжалан аввалига марксчи-ленинчи бўлган, аммо йиллар ўтиб унинг қарашларида анархизм ва либертар-социализм ғоялари ҳам пайдо бўлган, шунингдек, аксилглобалчилар орасида машҳур бўлган америкалик файласуф Мюррей Букчин асарларини ўрганган. Буларнинг барчаси ҳам Туркиядаги, ҳам Суриядаги курдларнинг элита табақалари таркибини ўзгартиради: улар жамиятнинг қуйи қатламлари томонидан қўллаб-қувватланади.
Курдистон ишчилар партияси Туркияда, АҚШда ва Европанинг қатор давлатларида террорчи ташкилот сифатида тан олинган. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Суриядаги курд ҳарбий бўлинмалари Курдистон ишчи партияси томонидан бошқарилишини ва улар ҳам террорчилар ҳисобланишини таъкидлаб келади.
Аммо экспертларнинг ҳисоблашича, Сурия курдлари КИПга бўйсунишмайди, камида тўғридан-тўғри алоқа йўқлиги айтилади.
«Суриядаги вазият ҳаддан ташқари оғир, уни КИП раҳбариятининг Ироқ шимолидаги Кандил тоғларида жойлашган қароргоҳидан туриб бошқариб бўлмайди», - дейди Вашингтондаги Яқин Шарқ институти илмий ходими Гуней Йилдиз.
Курдлар партиялари ва отрядлари бюрократик тузилишига кўра эмас, мафкуравий жиҳатдан горизонтал ҳаракатлар сифатида бир-бирига боғланган, дейди Берлиндаги Трансминтақавий тадқиқотлар форумининг маданий антропологи ва илмий ходими бўлган Ектан Туркйилмаз.
«Ҳеч қандай марказий қўмита йўқ - бу оксиморон бўлган бўларди, чунки тармоқ ҳокимиятни марказсизлаштириш тамойили устига қурилган», - дейди Туркйилмаз.
Курдлар Сурияда нима учун курашади?
Сурия шимоли-шарқида тахминан 1,5-2 млн курд яшайди. Аммо уларнинг ҳуқуқлари расмий Дамашқ томонидан доимий равишда инкор этиб келинган, чунки Сурияни бошқарадиган ягона араб давлати тузиш ғояси байроқдори бўлган Баас партияси араб миллатчилиги мафкурасидан чекинмайди.
Сурия режими ҳатто минтақанинг кўплаб халқлари орасида тарқалган Наврўз байрамини нишонлашни ҳам чеклаб қўйган.
Фуқаролик уруши бошлангач Дамашқ ва курдлар муносабатлари яхшилана бошлади. Курдлар Асадга қарши ҳаракатларга қўшилмади, ўз навбатида Сурия армияси ҳам курд отрядлари назорат ўрнатган шимоли-шарқдаги ҳудудларга бостириб кирмади.
Бу яқинлашув финали Россиянинг Хмеймимдаги базасида Сурия ҳукумати ва курдлар ўртасидаги келишув битими бўлди. Курдлар таклифи билан Сурия армияси Россия ҳарбийлари ҳамроҳлигида мамлакат шимолига, Туркия ва унинг иттифоқчилари ҳужумига қарши жўнатилди.
«Эрдўған икки кун ичида Россия йиллар давомида қила олмаган ишни қилди», - дейди Би-би-сига Россия фанлар академияси шарқшунослик институти илмий ходими Константин Труевцев.
Курд мухторияти қандай ташкил қилинган?
2012-2013 йилларда курд отрядлари Сурия шимоли-шарқидаги катта ҳудудни қўлга киритишди. Ҳозир улар мамлакатнинг тўртдан бир қисмини назорат қилишади. 2014 йилда улар ўзини ўзи бошқариш органларини тузишган, бу аввалбошдан миллий мухторият учун асос сифатида кўрилган.
Вақт ўтиши билан араблар, туркманлар, оссурлар ва арманлар яшайдиган ҳудудлар ҳам курдлар бошқарувига ўтди. Натижада Сурия Шимолий-Шарқий мухторияти (Рожава) маъмурияти фақат курдларни эмас, ҳудуддаги барча халқ вакилларини ўз халқи деб ҳисоблайди.
Бу мухториятда ҳокимиятнинг ҳар бир органида - маҳаллий кенгашлардан тортиб ҳудудий раҳбариятларга қадар - ҳамраисларга эга, бу лавозимлардан бирини албатта аёл киши эгаллайди. Маъмурият раҳбарлигида айни вақтда араб Мансур Селам ва курдлар вакили Илҳам Аҳмад (аёл киши) турибди.
Сурия курдларининг демократик ғоялари мухторият ҳудудида кўпхотинликни тақиқлайди; курд аёллари ИШИДга қарши жангларда ҳам қатнашишди.
«Улар муваффақият билан ҳам сиёсий тузилмаларни қуришди, ҳам қуролли кучларни ташкил этишди», - дейди Константин Труевцев.
АҚШ ва Россия билан музокараларни ким олиб боради?
Сурия курдлари номидан жаҳондаги йирик давлатлар билан музокараларни Сурия демократик кучлари (SDF) - АҚШ томонидан қуроллантирилган ва қўллаб-қувватланиб келинган, курдлар, араблар, оссурлар ва мамлакат шимоли-шарқидаги бошқа халқлардан таркиб топган ҳарбий тузилма қўмондони, генерал Мазлум Абди олиб боради.
Абди - Сурия шимолидаги Кобани шаҳрида туғилган. У ўз вақтида Курдистон ишчи партиясида таълим олган ва партия етакчиси Абдулла Ўжалан билан дўстлашган.
Лекин бу ўз вақтида америкалик сенаторлар Жон Маккейн ва Линдси Грэмга Суриянинг озод этилган шаҳарларига генерал Мазлумнинг меҳмонлари сифатида ташриф буюришига халал бермаганди.
Айнан КИП ва Ўжалан билан алоқалари туфайли Туркия Абдини террорчи деб ҳисоблайди.
Нима учун курдлар АҚШ иттифоқчисига айланган?
Чоршанба кунги матбуот анжуманида АҚШ президени Дональд Трамп икки марта курдлар жанг қилишни билиши ҳақида гапириб ўтди. Бу эртак эмас. Чиндан ҳам, АҚШ раҳбарлигидаги коалиция ИШИД билан жанглардаги муваффақиятлари туфайли курдларга ишонч билдиришганди.
Америкаликлар ИШИДга қарши кураш бошлагач, АҚШ авиацияси ҳамкорлигида қуруқликда террорчиларга қарши жанг олиб бора оладиган иттифоқчиларни қидиришганди.
Курдлар бу борада энг умидли ва ишончли иттифоқчи бўлиб чиқди. Ўз навбатида авиация ва артиллерия кучларига эга бўлмаган курд отрядлари учун ҳам бу тактик билимларга эга бўлган бундай ҳарбий альянс манфаатли эди.
Айнан курд отрядлари Раққани озод этиш ва Сурияда жангарилар халифалигига барҳам беришда коалиция таркибида асосий ишни бажарган қуруқликдаги кучлар бўлганди.
Курдлар ва Россия
Курдларнинг Россия билан муносабатлари ўтган аср бошларига бориб тақалади - Биринчи жаҳон уруши вақтида барзонийлар уруғига мансуб бўлган отрядлар Рус императори армиясига қўшилган, дейди Би-би-сига Константин Труевцев.
Иккинчи жаҳон уруши вақтида советлар Эронни оккупация қилиши оқибатида курдларнинг Мехабад Республикаси тузилганди, аммо совет аскарлари кетгач, 1946 йилда Эрон шоҳи бу давлатни йўқ қилади.
Мехабад ҳарбий кучларига бошчилик қилган генерал Барзоний СССРга қочиб боради, у бу ерда 1958 йилгача яшайди ва кейин Ироққа келади. Унинг ўғли Маъсуд Барзоний 2005 йилда Ироқ Курдистони мухториятининг биринчи президентига айланади.
«Мен 1986 йилда Маъсуд Барзоний билан учрашганимда, у Москвада яшагани ва маҳаллий болалар билан футбол ўйнаганларини эслаши ҳақида айтиб берганди», - дейди Труевцев.
Шарқшуноснинг сўзларига кўра, Москва ҳамиша курдлар билан алоқаларни қўллаб-қувватлайди. Россия Суриядаги низога аралашгач, россиялик дипломатлар курдлар ва Дамашқни келиштириш учун ҳаракат қилиб келишади.
Расмий Москва Сурия Курдистонида ҳукмрон бўлган, аҳолининг 80 фоизидан ортиғи томонидан қўллаб-қувватланадиган Демократик иттифоқ ҳамраислари билан алоқа ўрнатган.
Аммо россиялик ҳарбийларнинг бир қисмида АҚШ билан иттифоқ тузгани учун уларга ишончсизлик мавжуд, дея қўшимча қилади Труевцев.
Мавзуга оид
11:33 / 10.12.2024
Асад режими қулагач, Туркия Сурия шимолида курдлар билан жанг олиб бормоқда
08:32 / 09.12.2024
Қуролли гуруҳлар Сурия шимолида курдларга қарши жанглар олиб бормоқда
21:46 / 30.10.2024
Эрдўған курдларни «Туркия асрини» биргаликда қуришга чақирди
08:30 / 24.10.2024