Ўзбекистон | 19:37 / 22.10.2019
12034
6 дақиқада ўқилади

АОКА киритган таклиф – блогерлар устидан назоратми ё уларни жавобгарликдан ҳимоялаш?

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2018 йил 5 сентябрдаги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Таклиф этилаётган янги тартибга кўра, Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги каналлари орқали веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгасига ўз сайти ва (ёки) саҳифасидан қонунчиликка зид, қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи ахборотни ўчиришни талаб этувчи хабарнома юбориш амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, мазкур қарор билан ахборотни ўчиришни талаб этувчи хабарномани юбориш тартиби тўғрисида низом ҳам тасдиқланиши кутилмоқда.

Муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳасини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда уни янада такомиллаштириш юзасидан қуйидаги фикр ва мулоҳазаларни баён этишга қарор қилдик.

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-1-моддасига кўра, веб-сайтнинг ва (ёки) веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштириладиган интернет тармоғидаги ўз веб-сайтида ва (ёки) веб-сайт саҳифасида жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда уни дарҳол ўчириб ташлаши шарт.

Эълон қилинган янги ҳужжат лойиҳаси мазмунидан кўриш мумкинки, агентлик ўз зиммасига юқорида санаб ўтилган вазифаларни бажаришга қаратилган катта масъулиятни олмоқда. Шу йўл билан, ахборот соҳасидаги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш билан бир вақтда веб-сайт, веб-сайт ёки мессенжер саҳифаси эгаларининг ҳуқуқлари ҳимояси таъминланса ажаб эмас.

Эътиборли жиҳати шундаки, ўз мақоласи ёки пости остида қолдирилган қонунга ҳилоф изоҳнинг шу қолдирилган жойида туришидан ўзини ва қонунларни ҳурмат қиладиган бирор блогер манфаатдор бўлмаса керак. Фақатгина унинг доимий равишда изоҳларни кузатиб боришга вақти бўлмайди. Бу функцияни эндиликда давлат органи ўз зиммасига олмоқчи, блогердан эса келиб тушган хабарномаларга ўз вақтида муносабат билдириб туриш талаб этилади.

Бундан ташқари, агентлик «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-1 моддаси талабларини бузилишини олдини олиш мақсадида ўз зиммасига веб-сайт эгалари ёки блогерлар қилиши керак бўлган вазифани олмоқда. Шунингдек, ушбу лойиҳага фуқароларда интернет ресурслари орқали мулоқот қилиш маданиятини шакллантириш ҳамда этика қоидаларига риоя этилишига эришиш сари ташланган навбатдаги қадам дея бахо бериш мумкин.

Шунга қарамай, муҳокама этилаётган ҳужжатни камчиликлардан холи, деб бўлмайди. Қонун ижроси билан қонун бўла олишини ҳисобга олсак, лойиҳа бироз такомиллаштирилиши лозим.

Жумладан, лойиҳада Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида туриб фаолият юритаётган, ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган веб-сайтлар ва блогерларнинг қонун талабларига зид постлари ва улар остида қодирилган изоҳлар учун хабарнома юбориш, бу хабарномалар мазкур веб-сайт эгалари ёки блогерлар томонидан жавобсиз қолдирилган тақдирда қандай йўл тутилиши масаласи очиқ қолган.

Бундан ташқари, фақат агентлик эмас, балки ҳар қандай ваколатли (манфаатдор) давлат органи ва идорасига ҳам тўғридан-тўғри веб-сайт эгаси ёки блогерга қонун талабларига зид пост ёки изоҳларни ўчиришни сўраб хабарнома юбориш ҳуқуқини бериш керак. Сабаби, ахборот оқимининг бугунги кундаги шиддатига агентликнинг ички меҳнат ресурслари дош бера олмаслиги аниқ. Қолаверса, тор соҳа вакилларигина тушуниши мумкин бўлган масалалар бевосита мутахассис бўлмаган агентлик модераторларнинг назаридан четда қолиб кетиши мумкин.

Ҳар бир блогерга у билан тўғридан-тўғри боғланиш имконини берувчи телефон рақами ёки мессенжер манзилини агентликка тақдим этиш мажбуриятини юклаш керак. Бу юборилаётган хабарноманинг тўғридан тўғри блогернинг ўзи (ёки унинг ишончли вакили) томонидан қабул қилиб олганлигини билиш учун керак бўлади.

Маълумки, оммавий ахборот воситаси лицензия талаб қиладиган фаолият тури ҳисобланади. Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиб, лицензия асосида фаолият юритиб келаётган веб-сайтлар агентликнинг тегишли изоҳни ўчириш тўғрисидаги хабарномасини олгандан кейин ҳам бу талабни бажармаслиги лицензиясидан маҳрум қилишгача бўлган жазо кутаётганини ҳис этишга мажбур қилади.

Бироқ, лицензияга эга бўлмаган блогер эса, табиийки хабарномани жавобсиз қолдиришнинг оқибатларидан кўп ҳам хавотир (балки масъулиятдир) сезмаслиги мумкин. Шу сабабли, блогерларнинг ҳам шахсий масъулиятини ошириш мақсадида уларнинг расмий реестрини юритиш таклиф этилади.

Яна бир таклиф, маълумки Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватловчи жамоат фонди мавжуд. Бироқ бу фонднинг мақсади ўз номи билан босма оммавий ахборот воситаларининг фаолиятини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Замон тараққий этиб, электрон оммавий ахборот воситалари, шу жумладан блогерлик фаолияти ривожланмоқда. Электрон пресса олами вакилларини бирлаштириб, фаолиятини қўллаб-қувватловчи, уларнинг эркинлиги ва иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамловчи, ахборот хизмати кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган истиқболли лойиҳалари ва дастурларини қўллаб-қувватловчи нодавлат нотижорат ташкилоти таъсис этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дилшод Абдукадиров,
ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид