«Интернет имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш керак» — Президент ўзбек тили тарғиботи ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда ўзбек тили тарғиботида интернет имкониятларидан фойдаланиш зарурлиги ҳақида гапирди.
«Айни пайтда аҳоли, айниқса, ёшларимиз турли маълумотларни асосан Интернет ва ижтимоий тармоқлардан олмоқда. Бинобарин, она тилимизни жозибали ва қизиқарли тарзда тақдим этиш, бунинг учун ўзбек тилининг компьютер дастурларини, онлайн дарсликлар, электрон луғатларни яратиш керак. Интернет имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, ўзбек тилини кенг тарғиб этиш бўйича ишларимизни кучайтиришимиз лозим.
Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур. Ёш авлод қалбига она тилимизни болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўргатишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин», деган президент.
Президент давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб билиш кераклигини таъкидлаган.
«Биз халқимизнинг тақдири, эртанги куни ҳақида ўйлар эканмиз, энг аввало, миллатимизнинг асл фазилатларини, гўзал урф-одатларимиз, бетакрор санъатимиз ва адабиётимизни, она тилимизни кўз қорачиғидай сақлашимиз зарур.
Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Бу олижаноб ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз, она тилимизга, урф-одат ва қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга меҳримизни амалий фаолиятда намоён этишимиз керак», деган давлат раҳбари ўз нутқида.
Мавзуга оид
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024
Тошкентда Юнусобод деҳқон бозори ўрнида уч қаватли экобозор қурилади
19:47 / 11.12.2024
Мирзиёев ва Путин икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди
15:25 / 06.12.2024