Жамият | 19:10 / 22.10.2019
10421
5 дақиқада ўқилади

Вилоят ҳокимлиги Андижондаги шифохона масаласини ҳал қилган. Лекин кўп саволлар очиқ қолмоқда

21 октябрь куни Kun.uz сайтида «Андижонда «кўпчилик қизиқадиган» шифохона машмашаси қачон ҳал этилади?» сарлавҳали материал эълон қилинган эди. Андижон вилоят ҳокимлиги мазкур масалага муносабат билдирди.

Унда айтилишича, матбуот хизматининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига мурожаатлар бўлгач, масала ўрганилиб вилоят ҳокимлигига хабар берилган. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов 13 октябрь куни вилоят травматология ва ортопедия шифохонасига борган. Шифохона жамоаси билан тадбиркор ўртасида келиб чиққан низо сабабли, вилоят ҳокими шифохона ходимлари билан учрашган.

Учрашувда олий тоифали шифокорлар Яшар Абдурашидов, Неъматилла Ҳакимов, Ҳамидулло Зокиров, Иброҳимжон Назаров ва Алишер Зухриддинов шифохона давлат тасарруфида қолиши даволанаётган оддий халқнинг талаби эканлиги, бунақа шифохона республиканинг фақатгина учта вилоятида борлигини айтишиб, жамоадаги муҳитнинг соғломлиги, мутахассис шифокорларнинг малакаси кучли эканлиги учун республиканинг барча вилоятларидан беморлар шифо излаб айнан Андижонга келиши, қўшни Қирғизистон республикасидан ҳам даволанувчилар кўплигини таъкидлашган.

Жамоа билан суҳбат натижасида вилоят раҳбари шу кунгача жамоани бошқариб келаётган олий тоифали ортопед травмотолог Дилмурод Эрматовга ишонч билдирган. Маҳаллий бюджетдан маблағ ажратиб, эртадан шифохонани замонавий кўринишга келтирилиш ишлари бошланиши ва қўшимча бинолар қуриш учун лойиҳа ишларини бошлаш учун «Мадат инвест элит» МЧЖ раҳбари А.Рўзиевга топшириқ бериб, жамоага шифохона давлат тасарруфида қолишини эълон қилган.

14 октябрь куни тадбиркор ва шифохона ўртасида келишув битими имзоланган. Шифохона 3 ой давомида тадбиркор сарфлаган маблағни тўлаб бериши кўрсатилган. Шунингдек, вилоят раҳбари Андижон давлат тиббиёт институти ректорига шифохонада қайтадан травматология ва ортопедия, анестезиология ва малака ошириш кафедраларини ташкил этиш тўғрисида топшириқ берган.

Яъни, шифохона ҳақидаги мақола эълон қилинишидан олдин «шифохона тақдири ҳал этилган». Айни вақтда шифохона жамоаси ва беморлар муассасада бошланган қурилиш-таъмирлаш ишларидан мамнун.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати келгусида Kun.uz таҳририятига шифохонанинг замонавий ҳолати юзасидан фото ва видео лавҳалар билан қўшимча маълумот беришни режалаштирган.

«Ҳал қилинмаган» саволлар

Ҳокимлик муносабатида таъкидланганидек, шифохона ва тадбиркор ўртасидаги муаммони ҳал этиш бўйича амалий учун ишлар бошлангандир балки. Бироқ жавобини кутаётган бир қатор саволлар ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Биз шифохонага 10 октябрь куни боргандик. Вилоят ҳокимлиги масалани кейинроқ ўрганган. Ваҳоланки, орада томонлар бир неча бор судлашган, икки тараф ҳам бир неча ташкилотга ёзма мурожаат қилган.

Шифохона хўжалик юритувида мустақил бўлиб, соғлиқни сақлаш бошқармаси балансида бўлмаса ҳам тадбиркорга бериб юборилгани айтилганди. Бу масалада ёлғон ахборот бериб, вазиятни чигаллаштирган масъулларга қандай чора кўрилади?

Шифокор Ҳ.Зокиров «Тадбиркор 2018 йилнинг февраль ойида бузиш ишларига рухсати бўлмай туриб, бир қаватли бинони бузиб ташлагани» ҳақида айтганди. Буни тадбиркор ҳам тан олиб, вақт камлиги боис қурилишни тезроқ бошлаш учун бузиш ишларини бошлаб юборганини тасдиқлаганди. Бу ҳолатда тадбиркорга қандай чора кўрилади?

Шифокорлар иштирокисиз тузилган уч тарафлама («Андижон вилоят давлат мулкини ижарага бериш маркази» давлат унитар корхонаси, Андижон вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва тадбиркор ўртасида) ижара шартномаси кейинчалик бекор қилинган. Ноқонуний ижара шартномасини тузган масъул ташкилотларга қандай чора кўрилади?

Ижара шартномаси тузилганидан сўнг тадбиркор таъмирлаш ишларини бошлаб, 3 қаватли фойдаланилиб турилган бинонинг ертўла қисмидан тешиклар очган. Шифокор кучлироқ зилзила бўлса, бино қулаб тушиши мумкинлиги, бинога зарар етгани ҳақида айтганди. Бинога зарар етказилган бўлса, бу масала нима бўлади? Зилзилага бардошлик масаласида тегишли ташкилотлар қандай фикрда?

Тадбиркор Ҳ.Ниёзов шифохонада катта тушум борлиги, унинг даврига келиб бу миқдор ошганини айтганди. Эндиликда тушум масаласида қандай зарур чоралар кўрилади?

Шифокорлар ҳозирда фойдаланилаётган бинонинг пастки қисми яроқсиз ҳолатдалигини айтишганди. Биз ҳам канализация трубаларидан сув томаётганига гувоҳ бўлгандик. Бу масала ҳал этиладими?

Видеога тушиб қолган, ҳужжат кўрсатмай, ўзини танитмай, беморлар хоналарини айланиб юрган ходимлар юзасидан расмий идоралар изоҳ бермайдими? Улар кимнинг буйруғи бўйича ва нима мақсадда келишганди?

Гарчи вилоят ҳокими шифохонага келиб муаммони қисман ҳал қилган, шифохона раҳбарияти ҳам бу мавзуга бошқа қайтмасликни истаётган бўлса-да, юқоридаги саволлар ҳали ҳам ўз жавобларини кутмоқда.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Зафарбек Солижонов

Kun.uz мухбири

Мавзуга оид