Спорт | 14:20 / 23.10.2019
38632
12 дақиқада ўқилади

«Биз ҳаммасини эслаймиз» — Чусовитина спортдаги йиллари, Германияга кетиши сабаби ва ҳаётидаги энг бахтли куни ҳақида

«Менинг чиқишларимни кўрган инсон энди бас қилаверса ҳам бўлаверади, демаслиги учун ҳам шундай чиқаман», дейди 7та олимпиадада иштирок этган жаҳондаги ягона гимнастикачи, 44 ёшли Оксана Чусовитина. 2020 йилги олимпиада унинг учун саккизинчиси бўлади.

Фото: Baptiste Fernandez

Илк марта у 1992 йили Барселонада ўтган ёзги олимпиадада собиқ иттифоқ мамлакатлари терма жамоаси таркибида қатнашган ва олтин медал соҳиби бўлган. Ўшанда у 17 ёшда эди. Спортчи 2008 йили Пекин олимпиадасида Германия терма жамоаси таркибида иштирок этиб, кумуш медал олган.

Ўшанда у ўғлини оққон касалидан даволаш учун бир неча йилга Германияга кўчиб ўтган эди. Европада олти йил яшагач у жонажон Ўзбекистонга қайтиб, ўз мамлакати учун олимпиада медалини олишни мақсад қилган.

«Медуза» 44 ёшли гимнастикачи билан гимнастика мактаби, сиёсат билан шуғулланаётган спортчилар ва чиройли кетиш ҳақида гаплашди.

— Сиз шунча йилдан бери спортдасиз ва ғалаба қозонишда давом этмоқдасиз. Буни ўзингизга қандай тушунтирасиз? Сизда бошқаларда йўқ бирор табиий иқтидор борми?

— Биласизми, кўпчилик мендан шуни сўрайди. Билмадим, менга шунчаки залга келиб гимнастика билан шуғулланиш, қанақадир янги элементларни ўрганиш, ниманидир синаб кўриш ёқади. Буни чин қониқиш билан қилсанг, нималаргадир эришар экансан. Мен эса доимо ишимни сидқидилдан бажараман. Спорт менга ҳузур бахш этмай қўйган куни бурилиб залдан чиқиб кетаман, бошқа иш билан шуғулланаман.

— Спортда шунча вақт бўлишингизни кутганмидингиз?

— Йўқ, албатта! Кўпчилик ишонмас, лекин гимнастикага келиб шуғуллана бошлаган пайтим ҳаттоки жаҳон чемпиони бўлишни ҳам орзу қилмаган эдим, олимпиадани-ку қўятуринг. Мен шунчаки залга келиб, ўзим хоҳлаган ишни қилар эдим.

Ҳозир мен муваффақиятсиз чиқиш қила бошласам, айрим одамлар кетишим кераклигини айтишса ҳам, кўпчилик мени ҳамон қўллаб-қувватлаб турганини кўраман. Мен улардан миннатдорман, айнан уларнинг шарофати билан машғулотларни янада кучайтираман.

— Агар танқид ҳақида гапирсак, ёш қатнашувчилар ва уларнинг мураббийлари сизга қандай муносабатда? Қайсидир маънода сиз уларнинг ўрнини банд қилиб қўймаяпсизми?

— Биласизми, ким билан таниш бўлсам улар мен учун қайғуришади, мухлислик қилишади, муваффақиятли чиқишларимдан қувонишади. Бу албатта ёқимли. Ишим мобайнида ижобий фикрдаги инсонлар кўпроқлигига амин бўлдим. Айрим пайтлар слбий фикрлар ва шарҳлар ҳам керак, бу сенинг ҳамиятингга тегади ва яхшироқ эканлигингни кўрсатишга ундайди. Ҳар қандай фикр олға интилишга ёрдам беради.

— Бу балким спортдаги қарийб 30 йил ичида сизда рақобатга муносабат ўзгарганидандир?

— Мен ҳозир ҳам ҳеч ким билан рақобат қилмайман, ўз-ўзимча шуғулланаман. Мен майдонга чиқиб, ўзим шуғулланган нарсани максимум кўрсатишга ҳаракат қиламан. Баъзан ўхшамайди, келиб тасалли беришади. Лекин мен ўзимга «Ҳечқиси йўқ, агар ўхшаганида нима устида бош қотиришни билмаган бўлар эдим», дейман. Мен доим ҳар қандай салбий нарсадан ижобий жиҳат топишга одатланганман. Биз помостга чиққанимизда ҳаммамиз тенгмиз: 18 ёш бўламизми, 40 ёшми. Бизга бир хил ҳакамлик қилишади. Мен доим тугатишим керак бўлиб кўринмайдиган қилиб чиқиш қиламан.

— Ёшлигингизда муносабат бошқача эдими?

— Ҳа, мутлақо. Ўшанда мен кўпроқ ташвишланардим, ёш ва тажриба ошган сайин ўтиб кетди. Ҳозир бу спорт экани-ю, ҳар қандай ҳолат бўлиши мумкинлигини биламан, лекин ёшлигимизда мағлубиятларни бошқача қабул қиламиз.

Фото: gymnovosti.com

— Олимпиада қоидаларида қандай муҳим ўзгаришлар рўй берганини эслайсиз?

— Қоидалар ҳар тўрт йилда ўзгаради, мен уларга мослашишга кўникканман. Мен доим ҳар қандай гимнастикачининг кўпкурашда иштирок эта олиши керак, дердим, бу эса кўплаб олимпиадаларда ўз исботини топмоқда. Кўпкурашчиларда Олимпиадага бориш имконияти кўпроқ.

— Ўз спорт карьерангизда уч давлат — СССР, Ўзбекистон ва яна Германия шарафи учун курашгансиз. Қачондир немис жамоасининг бир қисми бўламан, деб ўйлаганмидингиз?

— Мен немис жамоасининг бир қисми бўлганман, лекин ҳар доим Ўзбекистон менинг ватаним деб билганман. Мен Германиядан миннатдорман, улар ўғлимни қутқаришга ёрдам беришди: уларнинг гимнастика федерациси билан ҳамон яхши муносабатдаман. Ўғлим Алишер тузалгач, мен дарҳол юртимга қайтдим ва улар мени тушунишди.

— Алишерга оққон ташхиси қўйилганида у неча ёшда эди?

— Уч ёшга яқинлашиб қолган эди. Биз бу дард нимадан пайдо бўлганини билмасдик. Кўпчилик мени фарзандимни даволаш учун шуғулланишда давом этганимни ёзади. Лекин ўшанда сабаб бошқа эди: куни бўйи касалхонада қолаверганимда эсим оғиб қолар эди. Бу нарсадан ўтиш, касал болаларни кўриш жуда оғир эди. Афсуски, болалар Германияда ҳам касалликдан вафот этишади. Залда мен бу ташвишлардан бироз чалғирдим.

— Германиядаги ҳаётингиз ва ишингиз, немис терма жамоаси сафида чиқиш қилишингиз қандай рўй берган?

— Ўшанда мен Кёльндаги клубда шуғулланар эдим. 2002 йилда ўғлимга ташхис қўйилганидан бир ҳафта ўтиб, мусобақалар бошланди. Унда қатнашгим келмасди, лекин эрим [курашчи Баҳодир Қурбонов] билан яхшилаб ўйлаб кўриб, Германияга бориш ва даволаш ҳақида маълумот олиш керак, деган тўхтамга келдик. Бизда бундай имконият бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаган эдик. Немис клуби ўғлимизга касалхонада жой топиб берди, Германияда ҳам жой тақчил. Даволаш баҳоси [120 минг евро]ни айтишганда шошиб қолдим. Бизда ҳеч қачон бундай пул бўлмаган. Кёльн жамоаси ҳомийси Toyota агар пулни тўплай олмасак, биз учун тўлаб беришини билдирди. Бизни ўша заҳоти касалхонага ётқизишди.

Биз Германияга Москва орқали учдик. Ўзбекистоннинг Москвадаги консуллиги ўғлим ва эримга зудлик билан виза расмийлаштиришда кўмак берди. Биз ҳаммасини эслаймиз ва бизга ёрдам қўлини чўзган инсонларга миннатдорчилик билдирамиз.

— Германияда қанча вақт бўлдингиз?

— Кимётерапия бир йил чўзилди, сўнгра икки ярим йил тикланишга кетди. Беш йил мобайнида рецидив юз бермаслиги учун қон ва таҳлил топшириб юрдик. 

Оксана Чусовитина ўғли Алишер билан. Германия, 2006 йил
Фото:  Vladimir Rys/Bongarts/Getty Images

— Алишер тузалганини 2008 йилги Пекин олимпиадасида кумуш медал қўлга киритган кунингизнинг эртасига билдингизми?

— Ҳа, бу ҳаётимдаги энг бахтли куним. Ҳаттоки Олимпиада медали фарзандингнинг соғлиғига тенг кела олмас экан. Бешта олтин медал ҳам!

— Алишер ҳам спорт билан шуғулланадими?

— У баскетболни яхши кўради, кичик болаларни шуғуллантиради. У ҳозир Германияда олий мактабни тамомламоқда. Унга Германия ёқиб қолди, ҳозир у 20 ёшда, қаерда яшашни ўзи танлайди. У математика ва спорт ўқитувчиси бўлмоқчи.

— Асосий ишингиздан ташқари жамоат ишлари билан ҳам шуғулланасиз. Шу ҳақда ҳикоя қилиб беринг.

— Ҳозир бу иш билан жиддий шуғулланиш учун вақтим чегараланган, лекин катта спортдан бўшашим ҳамоноқ болалар спортини ривожлантириш билан астойдил шуғуллана бошлайман. Биз Тошкентда болалар клубини очдик. Имкон қадар кўпроқ болалар спорт билан шуғулланишини истайман.

— Клубни қачон очдингиз?

— Яқинда. Уни кенгайтиряпмиз, кўпроқ болалар қатнашишига интиляпмиз. Мен болалар спорт гимнастикаси ва бошқа спорт турлари нима эканлиги билишларини истайман. Қанчалик кўп болалар спорт билан шуғулланса, шунчалик соғлом авлод етишиб чиқади. Эрим бу ишда катта ёрдам бермоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг таниқли спортчилари спортни ривожлантириш ташаббусини қўллаб-қувватламоқда.

— Сиз Ўзбекистон президентини тилга олдингиз. У билан спортни ривожлантириш ҳақида шахсан гаплашганмисиз?

— Йўқ, қарорлар, рухсатлар чиқмоқда. Бунақа «рухсат»лар бўлганида вазирлик ҳам ёрдам бера бошлайди. Биз ўзимиз истаган йўналишда спортни ривожлантиришга имкон яратилаётгани жуда ёқимли.

— Хайрия билан шуғулланасизми?

— Таассуфки, хайрия тадбирларининг ҳаммасида ҳам қатнаша олмайман, лекин бугун [16 октябрь] онкологик касалликларга чалинган болаларга бағишланган хайрия кечасига бораман. Кимгадир ёрдам кераклигини кўрсам, даволанишига маблағ йиғилаётган бўлса, мен доим ёрдам беришга ҳаракат қиламан — имконим етган маблағни ўтказиб бераман. Ўзим буни бошимдан кечирганман ва бу қанчалик оғирлигини биламан.

— Россия номидан қатнашиш учун ҳеч таклиф олганмисиз?

— Йўқ, ҳеч қачон.

— Сизга Ўзбекистонда қандай муносабатда бўлишларини гапириб бердингиз. 1990-йилларда қандай бўлган? Совет иттифоқи тарқагач, республикада руслар сони ўз-ўзидан тўрт мартага камаймаган, уларни сиғдиришмагандир?

— Балким бошқаларга шундай бўлгандир, лекин мен ҳеч қачон русларни сиғдиришмаётганини сезмаганман. Менимча, бизнинг мамлакатимиз энг тотув мамлакат бўлса керак. Менга доимо ўзлариникидек муносабатда бўлишган. Дўстларим — мусулмонлар, ўзбеклар, корейслар — уларнинг ҳеч бири шикоят қилмаган. Агар сен ишласанг ва банд бўлсанг, ўзингни ҳар қандай давлатда эркин сезасан. Дангаса бўлсанг, ўз-ўзидан атрофингдаги барча нарсадан шикоят қила бошлайсан.

— Сиз 1992 йилда Олимпиада олтин медал ютгансиз, 2008 йилда Германияга кумуш олиб бергансиз. Ҳозирги бош мақсадингиз Ўзбекистон учун медал ютиш. Шундай эмасми?

— Бу менинг орзум! Ягона қолган азалий орзум. Ўзбекистон — менинг Ватаним. Ватаним мен учун кўп нарса қилди, бу ерда менинг ҳамма нарсам бор: бутун умримни ўтказдим, болалигим ўтди, турмуш ўртоғим, дўстларим шу ерда, фарзандим шу заминда дунёга келди. Орзумни амалга ошириб, менга мухлислик қилувчи халқимни хушнуд этмоқчиман. Ўзбекистонда чиқишларимни олқишловчи, кўнглимни кўтарувчи мухлисларим жуда кўп.

Оксана Чусовитина 2008 йил Пекинда бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари бадиий гимнастика спорт мусобақаси аёллар ўртасидаги сакраш турнири тақдирлаш маросимида. Пекин, 2018 йил 17 август
Фото: AFP /LLUIS GENE

— Россияда ҳам кўп спортчилар ватанпарварлик ҳақида гапиришади, лекин уларнинг костюмлари ёқасида Давлат думаси депутати нишони туради. Сизни сиёсатга чорлашмаганми?

— Сиёсат — мен учун эмас. Инсон ўзининг қўлидан келадиган иш билан шуғулланиши керак. Мен ўзим ҳеч нарсани тушунмайдиган жойда ғалати аҳволда кўринишни истамайман. Мен спорт йўналиши бўйича бориб, болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантиришим, терма жамоамизга ёрдам беришим мумкин, лекин сиёсат ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганман. Олий Мажлисга сайловда қатнашиш учун таклифлар бўлган, мен дарҳол рад этганман. Актёрга рол ўйнаши, артистга қўшиқ айтиши учун керак бўлганидек, бунинг учун ҳам махсус билим керак. Ҳар бир ишга ўқиш керак. Мен эса ўзим бир умр ўқиган нарсани қилишни истайман.

— Лекин қачондир спортдан кетишга тўғри келади-ку? Оғир бўлса керак ўшанда?

— Йўқ, бўлмайди. Мен ҳозир залда аввалгидек кўп вақт сарфламаяпман. Эрталаб уч соат шуғулланаман. Авваллари суткасига саккиз соат машқ қилардим. Ҳозир қолган вақтимни клубимга, болаларга [спорт клуби тарбияланувчиларига], оиламга бағишлайман. Менинг спортдан бошқа, шуғулланишим лозим бўлган ишларим жуда кўп. Спорт — эндиликда мен учун хобби.

Агар чарчасам ёки ютқазишни бошласам карьерамни бамайлихотир якунлашим мумкинлиги ҳақида аллақачон ўйлаб бўлганман.

— Қандай қилиб, қачон кетиш ва буни қай тариқа чиройли тарзда амалга ошириш керак?

— Чиройлиси албатта медал билан бўлади. Бу — спорт, олдиндан ҳеч нарсани айтиб бўлмайди. Лекин орзумга эришиш учун қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан.

Мавзуга оид