Ўзбекистон | 20:40 / 23.10.2019
3992
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон спорт тиббиёти бўйича Россия билан ҳамкорлигини кучайтирмоқда

Россия Федерациясининг Свердловский вилояти Соғлиқни сақлаш вазири, тиббиёт фанлари номзоди Андрей Цветков бошчилигидаги ишчи гуруҳ 23 октябрь куни Миллий олимпия қўмитасида бўлди.

Қўмита қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) раҳбари Абдушукур Садиков ва россиялик мутахассислар ўртасида кечган суҳбатда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

«Муассасамиз Марказий Осиёда ягона бўлиб, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига тиббий хизмат кўрсатади.

Яқинда Россия Олимпия қўмитасининг тиббиёт соҳасидаги мутахассислари билан ҳамкорлик бўйича ижобий келишувга эришиб қайтган эдик. Свердловск вилоятининг тиббиёт соҳасидаги имкониятларини яхши биламиз. Ўйлайманки, мутахассисларимизнинг ўзаро тажриба алмашиши янада ривожланишимизга туртки бўлади», – деган Содиқовнинг сўзларини келтирди МОҚ расмий сайти.

Ўз навбатида Андрей Цветков ҳам самимий қабул учун ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди.

«Ўзбекистондаги тиббиёт марказининг имкониятини кўриб чиқмоқдамиз. Унинг замонавий ускуналар билан жиҳозланганлигига шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Бизда спорт тиббиёти чуқурлаштириб ўқитиладиган олий ўқув-юртлари ва бу соҳадаги малакали мутахассислар бор. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликни йўлга қўйишдан миннатдормиз», – деди Андрей Цветков.

Суҳбат давомида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув якунида меҳмонларга МОҚнинг эсдалик совғалари тақдим қилинди. Шундан сўнг Андрей Цветков бошчилигидаги делегация РСТИАМни айланиб, унинг моддий-техник базаси, иш фаолияти билан яқиндан танишди.

Мавзуга оид