Жаҳон | 23:57 / 24.10.2019
7445
2 дақиқада ўқилади

Инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича Сахаров мукофоти қамоқдаги уйғур ҳуқуқ ҳимоячисига берилди

Хитойда уйғурлар ҳуқуқлари учун курашувчи ва ҳозирда умрбод қамоқ жазосини ўтаётган уйғур иқтисодчиси Илҳом Тўхти 2019 йил учун Европарламентнинг “Фикр эркинлиги учун” Сахаров мукофотига лойиқ топилди.

Илҳом Тўхти

Тўхти Европарламент сиёсий гуруҳлари етакчиларининг овоз бериши билан танланган. Европарламент президенти Давид Сассоли совриндорни эълон қила туриб, “Тўхти ҳаётини Хитойдаги уйғур озчилиги ҳуқуқларини ҳимоялашга бағишлади. У ярашув ва мўътадиллик овози бўлганига қарамай, 2014 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган”, деб айтган.

“Бу мукофотни берар эканмиз, Хитой ҳукуматидан Тўхтини озод қилишни ва Хитойдаги озчиликлар ҳуқуқларини ҳурмат қилишни қатъиян талаб қиламиз”, деб айтган Европарламент раҳбари.

Пекин университети профессори бўлган Тўхти 2014 йилда айирмачилик айблови билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. У қамоққа тушишдан аввал UighurOnline деб номланган сайт очиб, долзарб мавзуларда уйғурча ва хитойча хабарлар бериб борган.

Тўхти аввалроқ Европа Кенгашининг инсон ҳуқуқлари бўйича Вацлав Ҳавел мукофотига ҳам лойиқ кўрилган эди.

Жорий йилда Сахаров мукофотини олишга финалчилар орасида бразилиялик ҳуқуқ ҳимоячилари ва кениялик талабалар ҳам бўлган. Улар 18 декабрда Страсбургда ўтадиган мукофотлаш маросимига таклиф қилинадилар. Мукофот миқдори 50 минг еврони ташкил қилади. 

Академик Андрей Сахаров номидаги мукофот 1988 йилдан бошлаб инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларни ҳимоялашда ажралган одамлар ва ташкилотларга берилади. 2018 йилда ушбу мукофотни украиналик режиссёр Олег Сенцов олганди.

Мавзуга оид