Ўзбекистон | 20:10 / 25.10.2019
38808
4 дақиқада ўқилади

«Энди банклар ресурс жалб этиш бўйича «ўз аравасини ўзи тортиши» керак» — Президент банк тизимини ислоҳ қилишга бағишланган йиғилиш ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни банк тизимини ислоҳ қилиш ва банкларнинг инвестициявий фаоллигини ошириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Тадбиркорликни ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни молиявий қўллаб-қувватлашда банклар муҳим ўрин тутади. Шу боис ушбу молиявий институтларнинг барқарорлигини ва ҳаётдаги ролини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.

Охирги йилларда давлат бюджетидан тижорат банкларига дастурларни молиялаштириш учун 8,4 триллион сўм, айланма маблағлар учун 400 миллион доллар, устав капиталини ошириш учун 1,7 миллиард доллар маблағ ажратилди. Умуман олганда, сўнгги икки йил ичида банклар капитализациясини ошириш учун 3,3 миллиард доллар давлат маблағлари берилди.

Йиғилишда бу маблағлардан самарали фойдаланилмаётгани, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш, мижозлар ва банк даромадларини кўпайтириш борасидаги ишлар етарли эмаслиги танқид қилинди. 

Мисол учун, хусусий банклар кредит ресурсининг ярмидан кўпини депозитлар ҳисобига шакллантираётган бўлса, давлат банкларида бу кўрсаткич атиги 10 фоиз атрофида.

Шунингдек, давлат банклари кредит портфелининг ярмидан кўпи 5та йирик давлат корхонаси ҳиссасига тўғри келади. Ҳануз эскирган дастурий таъминотлардан фойдаланаётгани учун банк хизматлари сифати талаб даражасида эмас.

Тизимда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш мақсадида банклар фаолиятида давлат иштироки босқичма-босқич қисқартирилмоқда. Хусусан, давлат дастурлари доирасидаги кредитлар фоизи қайта молиялаш ставкаси билан тенглаштирилди ва 2021 йилдан тўлиқ эркинлаштирилиши белгиланди. Бу банкларни кўпроқ мижоз топиш, ресурс жалб қилиш, кредит ажратиш бўйича изланишга, ривожланишга ундайди. 

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, банклар трансформациясини тезлаштириш ва сифатли амалга ошириш мақсадида барча давлат банкларидаги акциядорлик вазифаси Молия вазирлигига юклатилди.

Йиғилишда Молия вазирлиги ва Марказий банкка Жаҳон банки билан биргаликда банк секторини узоқ муддатли ривожлантириш стратегиясини якунлаш вазифаси қўйилди. 

Давлат раҳбари тижорат банкларининг ҳозирги ҳолатини таҳлил қилиб, долзарб чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.

Бугунги кунда банкларга қўйилган депозитларнинг 70 фоизи қисқа муддатли бўлгани ҳолда, кредитларнинг 90 фоизи узоқ муддатга берилган. Айрим банкларда жорий харажатлар даромадга нисбатан 60-70 фоизни ташкил этади.

Шу боис банкларни молиявий соғломлаштириш ва уларнинг барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Банкларнинг мижозга йўналтирилган, аҳолининг кенг қатламига мўлжалланган хизматларини кўпайтириш ҳамда кредитлаш тартибини соддалаштириш бўйича топшириқлар берилди. Онлайн ва мобил алоқа орқали хизмат кўрсатиш, чет элларда кенг тарқалган «скоринг» ва автоматлаштирилган модулли кредит ажратиш тизимини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Банкларнинг ташкилий тузилмасини такомиллаштириш, бизнесга йўналтирилган корпоратив бошқарув тизими ва кузатув кенгашларини жонлантириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Инвестициявий жозибадорликни ошириш орқали хусусий сектор иштирокини кенгайтириш кераклиги таъкидланди. 

– Энди банклар ресурс жалб этиш бўйича «ўз аравасини ўзи тортиши» керак. Шундагина бозор шароитига мос, замонавий бошқарув тизимига эга молиявий институтга айлана олади, – деди Президент.

Йиғилишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, Марказий банк ҳузурида ташкил этилаётган Банк ходимларини қайта тайёрлаш корпоратив маркази ва Тошкент молия институти бу борада жиддий шуғулланиши кераклиги айтилди. Банк ходимларининг мижозлар билан ишлашини рағбатлантириш, улар фаолиятини самарадорликка қараб баҳолаш индикаторларини жорий этиш бўйича ҳам кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш сўнгида «Саноатқурилишбанк» ҳамда Халқ банкининг 2020 йил ва истиқболдаги режалари тақдимоти ўтказилди.

Мавзуга оид