Жамият | 08:33 / 25.10.2019
47331
2 дақиқада ўқилади

ФВВ Хоразмдаги фожиа юзасидан қўшимча маълумот берди

Хоразмда эр-хотин икки боласи билан ис газидан заҳарланиб вафот этгани хабар берилганди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот тақдим этди.

Жорий йилнинг 22 октябрь кунидан 23 октябрь кунига ўтар кечаси Хоразм вилояти Янгиариқ тумани, Остона қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролар К.Ғ., унинг турмуш ўртоғи ва 2 нафар фарзанди иситиш қозонининг дудбурони носозлиги боис ис газидан заҳарланиб, вафот этганлар.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Бахтсиз ҳодиса сабаблари ўрганилганда, хонадондаги иситиш қозони дудбуронининг (мўриси) ичига ёз пайтида қушлар ин қургани, дудбурон хас-хашак ва қушларнинг пати билан тўлиб қолгани ва тортиш кучини йўқотганлиги сабаб бўлган.

Фото: ФВВ матбуот хизмати

Табиий газнинг чала ёниши оқибатида ис гази ҳосил бўлиши ҳамда унинг уй ичига тўпланиши фуқароларнинг ўлимига олиб келган.

“Кириб келган куз-қиш мавсумида иситиш печларидан фойдаланишдан аввал дудбуронларнинг тозалиги ва тўғри ўрнатилганлигига ишонч ҳосил қилинг”, - дейилади ФВВ хабарида.

Мавзуга оид