Иқтисодиёт | 11:11 / 25.10.2019
70785
15 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг инвесторлар билан судлашувлари: Низодан сақланиш учун нималарга эътибор бериш керак?

Фото: Getty Images

2019 йил 4 октябрь куни Инвестицион низоларни ҳал қилиш халқаро маркази ICSID (бундан кейинги ўринларда – халқаро марказ)да «GUNESH TEKSTIL» корхонаси ва Ўзбекистон ҳукумати  ўртасидаги низога якун ясалди. Халқаро марказ қарорига мувофиқ, мулкий ҳуқуқлар бузилгани сабабли (Туркуаз иши) Ўзбекистонда 2004-2011 йилларда савдо фаолияти билан шуғулланган бир гуруҳ туркиялик инвесторларга 40 миллион AҚШ доллари миқдорида компенсация тўланадиган бўлди.

Инвесторлар ўз даъволарида келтирган фактларига эътибор қаратсак, «GUNESH TEKSTIL» ва унинг ҳамкорлари Тошкентдаги савдо марказига, шунингдек, Ўзбекистондаги «Turkuaz» савдо белгиси остида фаолият кўрсатган бир қатор савдо марказларига эгалик қилишган. Даъвогарларнинг таъкидлашича, уларнинг мулклари устида маҳаллий маъмурлар томонидан ўтказилган рейдлар давомида компания ходимларига жисмоний тазйиқ ўтказилган, корхоналарга божхона, импорт ва солиқ қонунларига хилоф равишда фаолият олиб бориш айблари қўйилган. Корхонанинг асосий ходимлари кейинчалик афв этилиб, депортация қилинган. Аммо инвесторлар бу ишлар уларнинг мулкларини тортиб олиш учун олдиндан пухта ўйланган ҳаракатлар, деб иддао қилишган.

Бир неча юз миллион долларлик мазкур инвестиция низосида Ўзбекистонни дунёга машҳур White and Case юридик фирмаси ҳимоя қилган бўлса, турк тадбиркорлари Истанбулдаги Akinci Law Office хизматидан фойдаланишган. Тортишувга бельгиялик Ҳанс Ван Ҳут, франциялик Эрик Шварц ва британиялик Филипп Сандсдан иборат уч кишилик ҳакамлар ҳайъати ҳакамлик қилди. 2013 йил август ойида бошланган иш роппа-роса 6 йил ўтиб, 2019 йил октябрь ойининг 4-куни ўз ниҳоясига етди. Ушбу иш Вашингтон конвенциясига мувофиқ ташкил этилган халқаро марказ томонидан ҳал этилган. Хорижий инвестор ўз даъвосини 1992 йилдаги Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги «Капитал маблағларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга доир» битим (бундан кейинги ўринларда Туркия-Ўзбекистон ўртасидаги Инвестиция битими) ва Ўзбекистоннинг 1998 йилдаги «Инвестиция фаолиятига оид» қонунига асосан қўзғатган.

Ҳакамларнинг хулосаларига кўра, Ўзбекистон томони туркиялик инвесторларнинг мол-мулкини Туркия-Ўзбекистон ўртасидаги Инвестиция битимини бузган ҳолда тортиб олган. Шу билан бирга, халқаро марказ тадбиркорларнинг Ўзбекистонга қаратилган куч ишлатиш орқали етказилган маънавий зарарни қоплашга оид даъвосини рад этган.

Шундай қилиб уч кишилик ҳакамлар гуруҳи Ўзбекистон томонига нақд 40 миллион AҚШ доллари миқдорида жарима юклади (хабарларга кўра, инвесторлар 200 миллион доллардан ортиқ компенсация талаб қилишганди). Бу мустақил Ўзбекистон тарихидаги икки томонлама инвестиция битимларига доир ҳал этилган энг катта (эълон қилинган хабарларга суянадиган бўлсак) жарима ҳисобланиб, 2013 йилда Британиянинг Oxus Gold ширкатига қўйилган 10,3 миллион долларлик компенсациядан ошиб тушди.

40 млн AҚШ доллари - миллий пул бирлигимизда 378 200 000 000 (уч юз етмиш саккиз миллиард икки юз миллион) сўм деганидир. Жайдари қилиб айтадиган бўлсак, бу пулга 4976 дона NEXIA 3 LT (2 позиция) машинаси сотиб олиш мумкин.

Шу ерда ўринли саволлар туғилади:

 ① Қандай қилиб бир хорижий инвестор катта бир давлатни халқаро арбитраж судига торта олади?

② Нега давлат сифатида биз бунча катта суммани хорижий инвесторга тўлашга мажбур бўляпмиз?

③ Юртимиз имижини бузадиган ва солиқ тўловчилар чўнтагига таъсир этувчи бундай ҳолатлар юз бермаслиги учун ҳукуматимиз бундан кейин нималарга эътибор бериши лозим?

Мазкур мақола – шу уч саволга жавоб бериш йўлидаги уриниш.

1. Қандай қилиб бир хорижий инвестор катта бир давлатни халқаро арбитраж судига торта олади?

Авваламбор, хорижлик тадбиркорлар билан бўладиган низоларда икки ҳолатни ажратиб олиш лозим:

1. Давлат (давлат органи) ва хорижий инвестор ўртасидаги низо.

2. Хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркор ўртасидаги низо.

Ушбу мақолада 1-гуруҳ низоларга эътибор қаратаман.

1991 йилдан бошлаб Ўзбекистон 50га яқин икки томонлама ва кўп томонлама инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоялаш битимларини тузган. Мазкур битимларда кучли ва сирли, 1990 йиллар бошида маҳоратли юристлар кашф қилган механизм ўрин олган. Бу механизм – давлатлар устидан тўғридан-тўғри нейтрал халқаро арбитраж судларига даъво қилиш ҳуқуқи. Одатда халқаро ҳуқуқда давлатлар якка шахс ёки юридик шахсларга устиларидан халқаро судларга даво қилишга имкон беришмайди. Фақат 1960-йиллардан бошлаб баъзи мамлакатлар хорижий инвестицияларни жалб этиш мақсадида чет эллик инвесторларга шундай алоҳида ҳуқуқ беришга рози бўлишди. Натижада инвестиция битимларига бу қоида киритила бошланди. Ҳозирда бундай битимларнинг бутун дунёдаги сони 3000дан ошиб кетган.

Aйнан шу халқаро ҳуқуқий механизмини ишлатган ҳолда юридик ёки якка шахс бўлган хорижий инвестор катта бир давлатга нисбатан халқаро арбитраж судларида даъво билан чиқиши мумкин. Шундай бўляпти ҳам. Маълумотларга кўра, давлатлар ва хорижий инвесторлар ўртасида мингга яқин шундай низолар кўриб чиқилган.

Икки томонлама инвестиция битимлари хорижий инвестор мол-мулкининг тўлиқ ҳимояси ва хавфсизлигини (full protection and security) таъминлайди, маҳаллий ёки учинчи давлат инвесторларига нисбатан камситилишини (миллий ва энг кўп қулайлик туғдирувчи режим), мол-мулкнинг омма манфаатига зид равишда ва керакли компенсациялар тўланмаган ҳолда, қонунларга зид равишда тортиб олинишини тақиқлайди.

Қозоғистон Марказий Осиёда хорижий инвесторлар томонидан энг кўп марта халқаро арбитражга даъво қилинган давлат ҳисобланади. Ушбу давлат баъзи қарорларга кўра 500 миллион долларлик жарима тўлашга мажбур бўлган.  

Матбуотимизда кам ёритилган бўлсада, Ўзбекистон ҳам бу жараёндан четда қолмаган. Шу пайтгача давлатимизга нисбатан хорижий инвесторлар томонидан халқаро арбитраж судларида икки томонлама инвестицияларни ҳимоялашга доир битимларга асосланиб қуйидаги даъволар қўзғатилган:

                      

Юқоридаги низолар  давлатимиз тузган икки томонлама битимларга асосланиб қўзғатилган ишлардир. Аммо ички қонунчилигимиз ёки давлат органининг инвестор билан тузган шартномасига кўра қўзғатилган ишлар ҳам кам эмас. Инвестиция ҳимоясига доир қонунчиликка асосланиб қўзғатилган ва кейинчалик катта миқдордаги сумма тўлаш бўйича келишувга эришилган энг машҳур иш Zarafshan-Newmont - Ўзбекистон инвестиция низоси ҳисобланади. 2006 йилда бир қатор ғарблик инвесторларга нисбатан солиқ имтиёзлари тугатилиши натижасида Newmont’га берилган солиқ имтиёзи ҳам олдиндан тугатилган. Натижада америкалик инвестор Ўзбекистонни халқаро арбитраж судига берган. Гарчи бу ишда арбитраж суди қарори чиқарилмаган бўлсада, айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, Ўзбекистон инвестор билан келишиб, унга 78 миллион AҚШ долларига яқин компенсация тўлаган.

Иккинчи иш 2012 йилда россиялик ва америкалик инвесторлар томонидан ташкил этилган телекоммуникация ширкати – МТСнинг лицензияси олиб қўйилиши билан боғлиқ ҳолат. Миш-мишларга сабаб бўлиб келаётган мазкур иш Ўзбекистон ҳукумати томонидан энг катта абонент сонига эга бўлган телекоммуникация ширкати лицензиясининг тўсатдан бекор қилиниши оқибатида келиб чиққан эди. Бу ишда ҳам якуний қарор чиққани йўқ ва тарафлар келишган ҳолда ишни ҳал этишди. Лекин бу иш мамлакатимизда мол-мулк ҳимоясига доир ҳолат нақадар ёмонлигини дунёга ошкор қилиб қўйганди.

2. Нега давлат сифатида биз хорижий инвесторга катта жарима тўлашга мажбур бўляпмиз?

Чунки бундай мажбурият давлатлараро ёки ҳукуматлараро битимлардан келиб чиқмоқда.

Ўзбекистон шу пайтгача қуйидаги давлатлар билан икки ёки кўп томонлама битимлар тузган ва тузишда давом этмоқда.

Ўзбекистон билан Инвестицияни ҳимоялашга доир битим тузган давлатлар рўйхати:

Бундан ташқари, Ўзбекистон 1994 йилда Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро маркази Вашингтон Конвенциясини ҳам имзолаган. Унга кўра, икки томонлама (давлатлараро ёки ҳукуматлараро) битимлар ёки инвестор билан тузилган шартномавий муносабатлар бўйича халқаро марказнинг ҳакамлик судларида кўрилган ишлар тараф бўлган давлат томонидан албатта ижро этилиши лозим. Бундай қарорларга ички судлар ёки адлия вазирликлари томонидан чет эл судлари қарорларининг тан олиш ва ижро этишга доир процедураси татбиқ этилмайди. Хуллас, инвестиция битимлари ва Вашингтон Конвенцияси хорижий инвесторга халқаро ҳуқуқий ҳимоя қалқони вазифасини ўтаб беради.

Aгар Ўзбекистон бундай битимни ижро этишдан, яъни ўзи ютқизган қарор ижросидан бўйин товласа, унда инвестор унинг чет эллардаги мулкларига ижрони қаратиши мумкин. Aгар бунинг ҳам иложи бўлмаса суброгация тизими орқали инвестор мансуб бўлган хорижий давлат мамлакатимизга нисбатан инвестиция битимига асосланиб қайта ишни бошлайди (масалан, Давлатлараро битимни ижро этмагани учун Ўзбекистон «Gunesh Tekstil» масаласида Туркия томонидан бир томонлама санкцияларга учраши мумкин). Камида халқаро инвесторлар жамиятининг «ишонарсиз давлат» деган тамғаси остида қолиб, чет эл инвестицияларидан қуруқ қолади. Шу ва бошқа сабабларга кўра, давлатлар ҳозиргача деярли барча арбитраж қарорларини бажариб келишмоқда.

Шу сабабли, Ўзбекистон ҳам юқорида тилга олинган қарорга мувофиқ, 40 миллион долларлик компенсацияни тўлаш мажбуриятида турибди. Бунга халқаро арбитраж суди харажати ва давлатимизни арбитраж судида ҳимоя қилган White and Case ширкатига тўланган миллионлаб доллар ёки ўзбек мулозимларининг шу иш учун Вашингтон ёки Парижга қатнагани харажатлари кирмайди. Тушунган бўлсангиз керак, халқаро арбитраж одатда катта харажатларни талаб этадиган қиммат жараён ҳисобланади.  

3. Юртимиз имижини бузадиган ва солиқ тўловчиларнинг чўнтагига таъсир этувчи бундай ҳолатлар юз бермаслиги учун ҳукуматимиз бундан кейин нималарга эътибор бериши лозим?

Яқин тарихдаги аччиқ сабоқларни унутмаслик керак, зеро инвесторлар жамиятида бу каби ҳолатлар осонгина унутилмайди.

Биринчидан, хорижий инвесторнинг мулкий дахлсизлигига эътибор бермаслик давлатимиз учун мультимиллион ва баъзида ҳатто мультимиллиард долларлик халқаро-ҳуқуқий жавобгарликни юзага келтиради. Aгар биз халқаро инвесторлар ҳамжамиятининг ишончини қозонмоқчи бўлсак, мулк ҳуқуқи дахлсизлигини биринчи ўринга қўйишимиз, аввало, ўзимиз қабул қилган қонунларга ўзимиз амал қилишни бошлашимиз даркор.  

Биз хусусий мулкка нисбатан қарашимизни мутлақо ўзгартиришимиз керак: уни асосий ҳуқуқ сифатида қабул қилишимиз ва унинг ҳимоясига миллий номус ўлароқ қарашимиз шарт.

Куни кеча Туркиядаги элчимиз ўз интервьюсида айтганидек, афсуски, бизда мулкий ҳуқуқлар эмас, балки қудрат ва пул роль ўйнаяпти. Ахир, мансабдор ўзгаларнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол қилиб, менга ер берса, унда эртага мендан каттароқ инвестор келса, менинг ҳам ҳақ-ҳуқуқим ер билан яксон қилинар эканда?!

Иккинчидан, янгиликларда чиқаётган хабарларга эътибор берадиган бўлсак, кейинчалик ҳам давлатимизга нисбатан бундай низолар қўзғатилиши эҳтимоли йўқ эмас. Инвестицион муҳит яхшилангани сайин инвесторлар сони ҳам, улар билан боғлиқ низолар ҳам ортади. Низо чиқиши-ку бизнесдаги одатий ҳол, аммо инвесторнинг ҳуқуқий ҳимояси таъминланмагани ноодатий ҳол.

Сўнгги икки йил давомида хорижий инвесторлар билан боғлиқ хабарларни текшириб кўрдим: кўпчилик ҳолатларда халқаро-ҳуқуқий битимларга зид ҳолат кўзга ташланади. Биз бундай моддий нормаларга потенциал зид келувчи ҳолатлар ҳақидаги хабарларни кунора ўқиб турибмиз.

Эътиборингизга шу 1-2 йил ичида чиққан баъзи хабарларни тақдим этаман:

✔︎Бизга инвесторлар керакми ёки йўқ: Ҳиндистонлик инвесторни Сурхондарёда қийнаётган муаммолар ҳақида

✔︎ Инвестор адолат сўрамоқда. У Жиззахда қурилган заводни ишга туширолмаяпти

✔︎Aндижонда хорижий инвестор мулкини ким тортиб олди? Бунга ҳаққи борми ўзи?

✔︎Жиззахдаги 100 миллион долларлик инвестиция можароси: лойиҳа амалга ошишига нималар тўсиқ бўлмоқда?

✔︎Сариосиёда президент қарорида белгиланган лойиҳага тўсқинлик қилишмоқда

Учинчидан, юртимиз имижини яхшилаймиз деб хорижий инвесторнинг ҳар бир талабини қонунларни хатлаб ўтган ҳолда бажаравериш нотўғри, албатта. Ҳар бир иш қонун доирасида бўлмоғи лозим. Шундагина салбий ҳолатлар камаяди, тартиб ўрнатилади. Бунинг учун халқаро инвестиция битимлари ва ички қонунчилигимиз шунга тайёр бўлиши лозим.   

Тўртинчидан, чет эллик инвесторга берилган турли имтиёзлардан фойдаланиш ва икки томонлама  инвестиция битимлари ҳимояси остига кириш учун атайин чет элга чиқиб, у ерда фақат қоғоздагина хорижий компания (paper company) очиб, мамлакатимизга қайтиб кирувчи маҳаллий мулкдорлар борлиги ҳам бор гап. Бундай ҳолатга барҳам бериш учун солиқ имтиёзлари тизимини ислоҳ қилиш ва мулк ҳуқуқи ҳимоясини кучайтириш керак. Бундай ишлар инвестиция низоларига айланганини Миср, Украина ва Руминия каби давлатларда кўриш мумкин.

Хулоса ўрнида

Мамлакатга сармоя киритаётган чет эл инвесторининг ҳуқуқий ҳимояси йўлида нафақат ички қонунлар, балки халқаро ҳуқуқ нормалари ҳам борлигини унутмаслик керак. Гарчи инвестициялар ҳимояси соҳасида халқаро ҳакамлик судлари ҳам етарлича муаммоларга эга бўлсада, улар шу пайтгача ҳал этган катта низолар сони 1000га яқинлашди. Ўзбекистон ҳам халқаро ҳамжамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида бу соҳага эътибор бермоғи ва халқаро мажбуриятларини ўз ўрнида бажармоғи лозим. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам яқин келажакда қўшни мамлакатларга инвестиция кирита бошлаши мумкин, шунинг учун инвестиция битимларимизни ҳамда  инвесторларимизнинг хорижий давлатлардаги ҳимояси масалаларини ҳам қайта текшириш керак бўлади.

Мулк ҳимоясига катта эътибор қаратилиши мамлакатимизга фақат фойда келтиради, холос. Ундан хавфсираш – мантиқсизлик. Мулкий ҳуқуқлар беқарорлиги эса – бир дунё муаммоларнинг илдизидир...

Алишер УМИРДИНОВ,
Нагоя (Япония) иқтисодиёт университети, бизнес ҳуқуқи факультети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси.

 

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин

Мавзуга оид