«Синглим – ақли заиф ҳам, фоҳиша ҳам эмасди!» — Нодира Қодированинг акаси билан суҳбат
Жиззахлик меҳнат муҳожири Нодира Қодирова шу йилнинг сентябрида, 23 ёшида Туркия парламенти депутатининг уйидаги ҳодиса оқибатида вафот этган эди.
Ҳозиргача воқеа юзасидан Анқара полицияси ва прокуратураси, Ўзбекистон консуллиги ҳамда депутат Ширин Уналнинг ўзи расман изоҳ берган бўлса-да, жамоатчиликда шубҳа-гумонлар ҳамон сақланиб қолмоқда.
Kun.uz бу мавзуни ҳам турк матбуоти, ҳам ўз мухбирини Анқарага юбориш орқали ёритиб келди. Воқеадан бир ой ўтиб, Нодира Қодированинг акаси билан кечган батафсил суҳбатимиз биз эълон қилиб келган ўндан ортиқ хабарларни бир-бирига боғлагани, миш-мишларга ойдинлик киритгани ва фожиа ҳақида умумий тасаввур ҳосил қилишга имкон бергани билан ҳам аҳамиятли бўлди.
Нодира охирги бир йил давомида Туркия парламенти депутати, истеъфодаги генерал Ширин Уналнинг уйида унинг 20 йилдан буён хаста аёлига қараб келаётганди.
«Синглимнинг ўз жонига қасд қилишига ҳеч қанақа сабаб йўқ эди. Психологик ё моддий муаммолари йўқ эди. Ҳаммаси жойида эди, умидлари кўп эди. «Ака, ўқийман, олийгоҳларга кираман», деган мақсадлари бор эди», – дея турк ОАВга берган интервьюларидаги сўзларини тасдиқлади Муҳаммадали Қаршибоев.
(Ака-сингилнинг фамилияси бошқача экани уларнинг бирига ота, иккинчисига она томондан бобосининг исми фамилия сифатида берилгани билан боғлиқ).
– Воқеа пайти Ширин Унал сизни телефон қилиб чақирган экан. Уни олдин кўрганмисиз?
– Кўрганман, синглимни назорат қилиб туриш учун уйига бориб турардим. Чойга чақириб туришарди. Бориб, суҳбатлашиб, шу баҳона синглимдан хабар олиб турардим. Нима муаммонг бор, кайфиятинг қанақа, бирон нарса керак бўлмаяптими, деб сўраб турардим, 1-2 соат ўтириб қайтиб келардим.
– 23 сентябрь кунги воқеалар хроникасини гапириб берсангиз.
– 23 сентябрь куни оқшом 20:48да Ширин Уналбей шахсий телефонидан менга телефон қилди. Уйда тўппонча йўқолгани, шу сабабли 3-4 кундан бери бу масала бўйича нотинчлик бўлаётганини айтди.
Унинг гаплари «Синглинг пистолетни олиб, сенга олиб бориб бермадими?» деб сўрамоқчидек бўлиб туюлди, лекин бундай дея олгани йўқ. «Сенга пистолет керак бўлдими?», демоқчи экани сезиляпти. Йўқ, дедим. «Пистолетга эҳтиёжим йўқ, биз унақа тарбия кўрган болалардан эмасмиз».
Кейин эса: «Йўқ, бу ерда бир янглишлик бор, нима бўлди ўзи?» деб сўрадим. Саросимага тушдим. Ҳозир бораман, дедим. Шу пайт телефон ўчди.
Таксига ўтириб, уйига бордим. У ерда полиция ва прокуратура ходимлари бор эди. Мени уйга киргизишмади, лекин мен талаб қилдим. Акаси бўламан, кирай, кўрай, дедим.
Орган ходими: «Хавотир оладиган жойи йўқ, синглингнинг қўлидан озгина ўқ ялаб ўтган», деди. Мен синглимнинг қаердалигини сўрадим. Анқаранинг Билкент туманидаги шифохонага олиб кетилди, деди. Полиция ходимларидан илтимос қилиб, мени у ерга олиб боришларини сўрадим. «Ёрдам қилиб олиб боринглар, ёнимда ҳамёним йўқ, қандай чиқиб келганимни билмайман», дедим.
Шу орада Ширин Уналнинг ўзи чиқиб келди. «Аҳмоқ синглинг ўзини ўзи отди», деди. Қани у десам, тез ёрдамда шифохонага олиб кетишди, деди. У ерга боришимга ёрдам беришларини сўрадим. Ширин Унал ходимлардан бирига менга такси пули беришларини айтди. Менга 50 лира пул беришди. Таксига ўтириб, шифохонага бордим.
45-50 дақиқача кутдим, шифохона ичкарисига қўйишмади. 50 дақиқалардан кейин шифокорлар чиқишди. Акаси эканимни айтдим. «Айни пайтда отаси ҳам, онаси ҳам менман. Отамдан ёдгорлик», дедим. Шифокор бандалик деди. Ўша ерда йиқилдим.
Кўрсам бўладими, деб сўрадим. Прокурорнинг рухсатисиз кўриш мумкин эмас, дейишди. У ердаги полиция ходими: «Ўзингизни қўлга олинг, прокурор қачон рухсат берса, ўшанда кўрсатилади», деди.
Моргнинг кутиш хонасида кутдим. 24 сентябрга ўтар кечаси, соат 00:30ларда прокурор келди. Савол-жавоб қилдик. «Синглинг ўзини ўзи ўлдиргани бўйича суриштирув кетяпти. Ўз жонига қасд қилишга бирор бир сабаб бормиди?», деб сўради. Мен ҳеч қанақа сабаб йўқлигини, бундай қилишга синглимда жасорат ҳам бўлмаганини айтдим.
– Синглингизни охирги марта қачон кўргандингиз?
– Охирги марта 18 сентябрда кўргандим. Дам олиш кунида ишлаётган жойимга келиб, овқатланиб кетарди. Унинг дам олиш куни ҳафтада бир марта, у ҳам бўлса 12 соат давом этарди. Шунда ҳам 4-5 соатга ёнимга кела оларди. Кейин уйидан телефон бўларди, қайтиб кетарди. Олдимга келганида онам билан IMO`да гаплашардик.
Ишхонам билан у яшаётган жой ораси жуда узоқ – метро, автобусда 2 соатлик йўл. Ишхонамга иложи борича ҳар ҳафта келиб турарди.
– Охирги келганида кайфияти қанақа эди?
– Кайфияти жуда ҳам зўр эди. Энергетик, хушчақчақ эди. Юзида ҳеч қанақа тушкунлик, саросима аломатлари йўқ эди. Хурсанд эди: «Ака, ўқийман, ўзингиз бош-қош бўласиз, назорат қилиб турасиз». Ҳар келганида ўқиш ҳақида гаплашардик.
22 сентябрда ҳам қўнғироқлашгандик. Ҳатто воқеа рўй берган 23 сентябрь куни ҳам тушдан кейин соат уч ярим – тўртларда гаплашганмиз. «Ноди, сен топган репетиторларингдан бироз шубҳаланяпман. Бўлмайди. Таниш-билиш қилиб, суриштирдим – олийгоҳга тайёрлайдиган яхши, ишончли ўқитувчилар бор», дедим. «Хўп бўлади, ака», деди. Гаплашдик.
«Сиз айтаётган университетни дипломи дунёнинг бошқа давлатларида ҳам ўтадими», деб сўради. Ўтади, дедим. «Дипломи ҳамма жойда ўтадиган халқаро университет экан. Ҳам ўзимнинг танишим. Ўзим олиб бориб, ўзим олиб келаман», дедим. [Буни эшитиб] жуда ҳам хурсанд бўлди. Охирги пайтлар ўқиш масаласи бўйича гаплашгандик.
Тушган кейин гаплашганимизда ишда эдим. Оқшом пайти соат 8ларда ишдан чиқдим. Уйга боргим келмай, бироз вақт ўтсин деб кўчада ўтирдим. Уйга кириб борганимдан кейин телефон бўлди. Оқшом соат 20:48да.
– Ширин Унал телефон қилганида нега бунчалик шошилиб йўлга отландингиз? У синглингиз ҳақида нима деганди?
– Отиб қўйди, деб [телефонда] айтмади. Лекин пистолет йўқолди, шунақа-шунақа воқеалар бўляпти, 2-3 кундирки шу масала бўйича муаммо бўляпти, деди. Кейин эса: «Тентак синглинг менинг пистолетимни олиб, хонасига қулфланиб олди. Биз эшикни оча олмаяпмиз», деди.
У орада қизининг девор-эшикка урган овозлари чиқди. Синглимнинг эмас, Ширин Уналбейнинг қизининг овозини эшитдим. Шу орада телефон ўчди.
Қолаверса, синглим агар битта телефон қилса, ҳамма ишимни ташлаб бораман. Мени ишдан ҳайдаб юборишса ҳам. Чунки бу ҳаётда синглимдан, оиламдан муҳимроқ нарса йўқ.
– Телефонда сиз эшитган шовқинни тўлиқроқ тасвирлай оласизми?
– Ширин Уналбейнинг ўзи жуда ҳам хотиржам бир кайфиятда телефон қилди. Унинг ўрнида мен бўлсам, уйимда қурол масаласи кўтарилиб турган бўлса, хизматкоринг уни олиб қўйган бўлса, бу – жуда жиддий масала.
Менинг уйимда шундай бўлса, жуда ҳам саросимага тушган бўлардим. Нега қуролимни хизматкорим олади, деб ҳаяжонланардим. «Тез етиб кел, Муҳаммадали! Шунақа воқеа бўляпти!» деган бўлардим. Аксинча, бу одам жудаям хотиржам эди.
Бу орада қизи бақиряпти. «О-о-ч эшикни, оч!» деган овозлар. Менимча, бу нарсалар – уюштирилган. Шу зайлда телефонини ўчириб қўйди.
– Унинг қизи тахминан неча ёшда?
– Тахминан 32 ёшда. Турмушга чиқмаган.
– Марҳумни Ўзбекистонга юбориш жараёни қанақа кечди? Харажатларни Ширин Унал тўлаб бердими?
– Ҳа. 24 сентябрга ўтар кечаси тунда синглимнинг жасадини касалхонадан олиб чиқиб, экспертиза бўладиган жойга – моргга юборишди. Бу вақтда Ширин Уналнинг ҳайдовчиси ёрдам тариқасида ёнимизда эди.
Уналнинг ўзи 23 сентябрь куни касалхонадалигимда ҳам [синглим вафот этгани аниқ бўлгач], эртаси куни ҳам телефон қилгани йўқ. Бандалик экан, деб ўзи, на оиласи телефон қилди. У оиланинг ўрнида мен бўлганимда ҳамма ишларимни ташлаб, ёрдам қилган бўлардим. Чунки менинг уйимда бўлаётган нарса, тушуняпсизми? Бир инсон ҳаётдан кўз юмяпти...
Эртасига экспертиза бўладиган жойга боришимизни, Ўзбекистон консуллиги билан маслаҳатлашган ҳолда нима қилишни ҳал қилиб олишимизни айтишди. Бордик, айрим ҳужжатларга қўл қўйдим. Кейин ҳужжатларни кутиб ўтиргандик.
Ширин Уналнинг ҳайдовчиси келиб: «Ҳамма ҳужжатлар тайёр экан, фақат қўл қўйсанглар бўлди», деганида ҳайрон қолдик. Биз эрталабдан бери кутиб ўтиргандик. Бизга маълумот беришмаётган пайтда у буёқдан келиб ҳаммаси тайёр, деб айтяпти.
– Биз деб кимларни назарда тутяпсиз?
– Ёнимда Нодиранинг дугонаси Лайло Ниёзова, [Анқарада яшовчи ўзбекистонлик аёл] Нигора опам ва ишхонамдаги хўжайиним бор эди. Ҳаммасидан Аллоҳ рози бўлсин, менга ёрдам бериб туришди.
Уналнинг ҳайдовчиси келгач, оқшомгача у ёрдам қилди. Элчихонага бордик. Жасадни юбориш, менга чипта олиш харажатларининг ҳаммасини элчихона билан гаплашди. Элчихона билан маслаҳатлашган ҳолда самолётга чиқариб юборишди.
– Ўзбекистонга келгач, аэропортда сизни сўроқ қилишгани ҳақида миш-мишлар бор.
– Етиб келганимизда ҳеч қанақа савол-жавоблар бўлмади. Туркияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам аэропортда ҳеч қандай сўроқ бўлгани йўқ.
Ўзбекистонга [25 сентябрь] соат 07:00да келдик. Соат 11да дафн қилдик...
– Жасадни ювиш вақтида танада бир эмас, иккита ўқ изини кўришгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бера оласизми?
– Ҳа. Ғассоллар беш киши эди. Юваётган пайти белининг чап қисмида ўқ чуқур кирмаган, ялаб ўтган [-ини кўришган]. Яъни ўқ кирган жойи бор, тикилган, лекин унча ичкари кирмаган. Иккинчи ўқ юрагининг бироз устидан тешиб ўтган. Танада умумий иккита ўқ изи бор.
Танада кўкарган-қизарган жойлар бор. Чап кўзида калтак еганининг изи қолган. Орқа миясида ёриқ изи бор, нима биландир урилган.
(Изоҳ: Бу жароҳатлар тиббий экспертиза ўтказилгани билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин – таҳр.)
– Ўзбекистонга қайтгач, суд-тиббий экспертизаси ўтказилишини сўрамадингизми?
– Туркиядан келганимда шок ҳолатида эдим. Кутилмаган ҳолат бўлгани учун ўзимда эмасдим. Жуда ҳам қўрқинчли нарса бўлди...
Ва, олиб келганимизда Аллоҳга шукр дедим. Ўлигини бўлса ҳам олиб келдик, Аллоҳ насиб қилди. Ўлигини олиб кела олмаган юртдошларимиз бор, кўпчилигини эшитганман, ҳатто кўрганман.
Шукр, жасад кўчада қолмади, олиб келдим дедим. Бўлди, ким қилган бўлса ҳам Аллоҳга ҳавола...
Бир неча кун ўтиб, интернетда ҳар хил гап-сўзлар тарқала бошлади. Оила аъзолари депутат ва истеъфодаги генерал Ширин Уналдан пул олиб, жимгина юришибди, деган миш-мишлар ҳам бўлди. Йўқ, биз ҳеч кимдан пул олмадик.
Буни ким айтган, билмадим, лекин интернетдаги миш-мишларга кўра, Туркия прокурорлари томонидан синглим фоҳишаликда айбланди. Кейин ақли заиф, психологик касал, деган номлар бера бошлашди. Булар – куракда турадиган сўзлар эмас. Бизнинг оиламизга, Ўзбекистон халқига хос эмас бу нарсалар...
Биз ҳам қараб турмадик, адвокат ёлладик. Ундан адолатни юзага чиқаришини сўрадик.
Менинг 23 ёшли бокира, покиза синглим – фоҳиша эмас. Буни ким айтган бўлса, жавоб берсин, ўртага чиқарсин.
– Ширин Уналнинг ҳайдовчиси Ўзбекистонга келиб, дафн маросимини кузатиб тургани борасида ҳам гап-сўзлар тарқалди.
– Йўқ, бу ҳам ёлғон. Ширин Уналбейнинг ҳайдовчиси ёрдам қилди. У Ширин Унал билан алоқада бўлиб турди. Туркиядалигимизда қаердалигимиз, нима қилаётганимиз ҳақида унга маълумот бериб турди.
Ҳайдовчи бизни Анқарадаги катта автобус бекатигача кузатиб қўйди. Бу бекатдан биз Истанбулга, Истанбулдан Ўзбекистонга келдик.
Ширин Уналнинг ҳайдовчиси Ўзбекистонгача келиб, жанозада қатнашиб ёки жараённи назорат қилиб тургани ҳақидаги гаплар – миш-миш. Бунақа нарса бўлгани йўқ.
– Ҳозиргача сизга, оила аъзоларингизга ёки Нодиранинг дугоналарига босимлар бўлмадими?
– Йўқ, бугунгача менга ҳам, марҳума синглимнинг дугоналарига ҳам ҳеч қанақа босим бўлмади. Лекин у ерда қўрқмадим эмас, қўрқдим.
Чунки биринчидан, бу воқеадан кейин шок ҳолатида яшадим. Қўрқувга тушдим – истеъфодаги генерал Ширин Уналнинг ҳайдовчиси ёнимда эди. У ҳамма нарса ҳақида Уналга маълумот бериб турганди. Бу жараёнда ўзим ҳам бироз қўрқдим. Ўзимга ўзим савол бера бошладим: «Муҳаммад, ҳозир бу ерда ножўя бирор ҳаракат қилсам, мени ҳам ўлдириб юборишдан тоймайди...» Чунки атроф-муҳит, атрофдаги одамлар шу нарсани кўрсатиб турибди.
Айнан нимани кўрсатиб турибди? Ножўя ҳаракат қилсам, «Синглимни сен ўлдирдинг» деган гапларни қилсам, у ерда мени ҳам ўлдириб юбориши ҳеч гап эмас, деб қўрқдим. Қўрқинчли бир жараён бўлди. Лом-мим демадим.
– Яъни қўрқув фақат ўзингизда бўлди, ҳеч ким қўрқитмади?
– Ҳа, ҳеч ким қўрқитмади. Фақат ўзим озгина қўрқувда яшадим.
– Лайло Ниёзова ва Нигора Абдураҳмонованинг биринчи кўрсатмасини ҳуқуқ идоралари қабул қилмагани айтиляпти.
– Тўғри, лекин бу нарса прокуратура эмас, полиция ходимлари томонидан бўлди. Мен ҳам ўша ерда эдим. Кўрсатма бериш ва фикр олиш учун бирга боргандик. Шунақа воқеа бўлди, шунақа даъво очсак нима бўлади, деган маънода боргандик.
У ерда полиция вакиллари: «Бу ишларни кўриб чиқиб, сизга хабар берамиз», деб қандайдир жиддий эътибор қаратишмади. «Жиноят бўлди, одам ўлдириш бўлди!» деган муносабатни кўрмадик. Қониқарсиз жавоблар беришди.
– Идорага кўрсатма бериш учун чақирилганмидинглар?
– Йўқ, ўзимиз бордик. Кўрсатма берайлик ва бу воқеа бўйича чора-тадбир кўрилсин, деган мақсадда боргандик.
Воқеа интернетда, телевидениеда овоза бўлиб кетганидан кейин адашмасам, 1-2 кундан кейин ички ишлар ходимлари Лайло Ниёзова ва Нигора опамнинг уйларига бориб, у ердан олиб кетилган ва 2-3 кун давомида сўроқ қилинган. Савол-жавоблар босим тариқасида бўляпти.
Лайло Ниёзова бошида нима деб айтган бўлса, охиригача битта гапини айтган. «Бор гап, яъни марҳума дугонам нима деган бўлса, шуни айтяпман. Аллоҳдан қўрқаман, ўзимдан тўқиб чиқарганим йўқ», деб Лайло Ниёзова бор гапни айтган.
Нигора опа эса: «Мен билган Нодира олдинга интилган, орзулари кўп, қувончи тўла, ўқийман деган қиз эди. Ўзини ўзи ўлдиришга бирон бир сабаб йўқ эди», деган.
– Лайло Ниёзованинг айтишича, воқеадан бир кун олдин Нодира билан телефонда гаплашганида, у «Акамнинг кўзига қандай қарайман?» деган.
– Лайло Ниёзова марҳум синглим билан бир кун олдин гаплашган экан. 23 сентябрга ўтар кечаси соат 12:30дан бошлаб чамаси 1-2 соат гаплашишган экан. Лайлонинг айтишича, синглим роса йиғлаган экан...
Лайло ўша гаплашган куниёқ менга ҳеч нарса демади-да... Хабар бермади. «Муҳаммадали, шунақа гаплар, синглинг йиғлаяпти, муаммоси бор», деганида эди, балки мен ишлаётган жойига борардим, дардини олардим. Шунда балки бу воқеалар бўлмасмиди, деган армон қолди ичимда.
Лайло Ниёзованинг айтиши бўйича, у синглимдан: «Нега йиғлаяпсиз, менга айтинг, ким хафа қилди?» деб сўраган. Нодира эса «Йўқ, қўяверинг», деб айтишни хоҳламаган экан. «Акамнинг кўзига қандай қарайман...» деган. Орада бироз Ширин Уналбей ҳақида гапириб ўтган. Яъни: «Хонамга чиқиб, эшикни ёпди ва ётган жойимда ортимдан келиб қучоқлай бошлади. Бақирдим, чақирдим...» Уёғига фақат йиғлаган.
Тажовуз қилдими, бирон нарса бўлдими, деб сўраганида марҳума синглим йиғлаган.
– Оилангиз томонидан адвокатлик қилган ҳуқуқшунос кейинроқ ишни топширганини айтди.
– Ҳа, шундай бўлди. Туркиялик адвокатлардан бири Мужде Тозбей Эрден исмли аёл билан мулоқотда бўлиб турдик. Адолат қарор топиши учун қўлимдан келганича ёрдам қиламан, деди. Бу опадан Аллоҳ рози бўлсин, бу иш бўйича юқоригача чиқди.
Бу опани мен танимайман, кўрмаганман. Кўрмаганим сабабли унга ишонч ҳосил қила олмадим. Фақат телефонда гаплашганмиз. Балки Ширин Уналбейнинг одамидир, деб ишона олганим йўқ.
Шу орада... Нигора опанинг эри Ўрхан деган инсон бор, уни жуда яхши танийман. «Нодира менинг ҳам синглим эди», деб бўлган воқеадан жуда қайғурди.
«Муҳаммад, қўлимдан келганча сенга ёрдам қиламан. Энг яқин, ёшликдан бирга ўсган жўрам – адвокат. Сен ҳеч кимга ишонма. Шу ўртоғим билан маслаҳатлашган ҳолда иш олиб борамиз. Менга ишонасанми?» деди. Мен аввало Аллоҳга, кейин эса сенга ишонаман, дедим. Чунки Ўрханбей – у турк фуқароси – доим ёрдам қўлини чўзиб келган.
[Ўрханбейнинг тавсияси билан] адвокат Бирол Ўзтуркка оиламиз номидан иш юритиш учун ваколатнома бердим.
Ўша пайтда адвокат опа Мужде Тозбей Эрден, «Менинг шунча ҳаракатларим пучга чиқди, менга ишонмади, мен шунча курашдим, Нодира қизимиз учун ҳаракат қилдим, лекин ваколатномани менга бермади», деган маънода ишдан чиқди. Бу нарсалар маслаҳат билан бўлди, телефонлашдик.
Ҳозир туркиялик адвокат Бирол Ўзтуркбей менинг номимдан иш олиб боряпти.
Муҳаммадалининг айтишича, у ҳодиса рўй берган куни тунда прокурор билан суҳбатда бўлганидан сўнг, кўрсатма бериш учун ҳуқуқ органларидан бошқа чақирув олмаган.
Суҳбатнинг иккинчи қисмида жиззахлик оиланинг ўтмиши ва бугуни, ака-сингилнинг Туркияга бориб ишлаши сабаблари, Муҳаммадали Қаршибоевнинг Туркияда мусофирчиликда кўрган-кечирганлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Комрон Чегабоев суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:04 / 22.12.2024
Туркияда тиббий вертолёт шифохона биносига урилиб, қулаб тушди
11:37 / 22.12.2024
Ўғриликда айбланиб 4 йилдан буён қидирувда бўлган аёл Туркиядан Ўзбекистонга депорт қилинди
20:38 / 20.12.2024
Эрдўған Сурия шимолидаги террорчиларни зарарсизлантириш вақти келганини айтди
17:42 / 20.12.2024