Спорт | 23:31 / 30.10.2019
17458
2 дақиқада ўқилади

Жек Ма боксчи Флойд Мейвезерни жангга чақирди

Alibaba асосчиси, яқинда пенсияга чиққан миллиардер Жек Ма америкалик машҳур боксчи Флойд Мейвезерга бокс жанги уюштиришни таклиф қилди. Манинг таъкидлашича, “у  Мейвезер билан исталган жойда, исталган вақтда жанг қилишга тайёр”.

Манинг бу таклифи билдирилган видео филиппинлик боксчи Мэнни Пакьяонинг твиттердаги саҳифасида жойлаштирилган. Роликда Ма Пакьяо билан бирга бокс зарбаларини машқ қилаётгани, сўнгра филиппинлик Мейвезерга юзланиб, “Агар ҳақиқий жангни истасанг мен билан жанг қил. Агар томошани истасанг – дўстим Жек Ма сен ҳақингда қайғуради”, деб мурожаат қилган. Пакьяо Мейвезернинг The Money Team (Money - “пул” америкаликнинг лақабларидан бири ҳисобланади) брендига сўз ўйини қилиб, “Мэннининг ҳақиқий жамоаси” (The Real Manny Team) деб қўшиб қўйган. 

Ма бунга жавобан Мейвезер билан жанг қилишга тайёрлигини тасдиқлаган. “Исталган жойда, исталган вақтда”. Мэнни жамоаси тайёр”, деб айтган миллиардер.

Таъкидланишича, ушбу видео хитойлик миллиардернинг Ханчжоудаги уйида олинган. 

Флойд Мейвезер ўз фаолиятида ўтказган 50 жангдан бирортасида мағлуб бўлмаган. У бир неча маротаба дунёнинг энг катта ҳақ олувчи спортчилари рейтингига етакчилик қилган. Америкалик спортчи 2017 йилда фаолиятини якунлаган бўлса-да, баъзида тижорий жангларда иштирок этиб туради.

Пакьяо эса боксчилик фаолиятини давом эттирмоқда ва шу билан бирга ўз давлати сенатининг спорт бўйича қўмитасига бошчилик қилмоқда. У 2015 йилда Мейвезер билан жанг ўтказиб, ҳакамлар қарорига кўра мағлуб деб топилган. 

Ма айни вақтда 37,3 млрд долларлик бойлик билан Хитойнинг энг бой одами ҳисобланади ҳамда дунёнинг энг бой одамлари орасида 21-ўринни эгалламоқда. У сентябрда Alibaba Group компанияси директор кенгаши раиси лавозимини ўз ихтиёри билан тарк этган.

Мавзуга оид