Ўзбекистон | 18:07 / 30.10.2019
7575
3 дақиқада ўқилади

Маҳаллалар кенгаши: Ажримлар ва маҳаллалардаги жиноятлар сони ошган

29 октябрь куни «Оила ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этишда жамоат ва давлат ташкилотлари ҳамкорлиги» мавзусида ўқув-семинари ўтказилди.

Ўқув семинарида Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова, Ёшлар иттифоқи раиси Алишер Саъдуллаев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази директори, сенатор Дилором Тошмуҳамедова, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, «Нуроний» жамғармаси Марказий Кенгаши раиси Шуҳрат Жалилов иштирок этди.

Унда бўлиб ўтган видеоселекторда Республика Маҳаллалар кенгаши бошқаруви раиси Ш.Жавлонов раислик қилди.

«Жорий йилнинг 9 ойи давомида нотинч оилалар яъни, оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этганликлари учун 12 490 нафар шахслар профилактик ҳисобга олинган бўлиб, 2018 йилнинг шу даврига (12 819 нафар) нисбатан 329 нафарга камайган бўлса-да, Тошкент вилоятида бундай ҳолатлар 1019тага, Фарғонада 567тага, Қашқадарёда 184тага, Бухорода 142тага ошган.

Ноқобил оилалар, яъни фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-оналар сони 4 473 нафарни ташкил этиб, 2018 йилга (5 195 нафар) нисбатан 722 нафарга камайган. Бироқ, Андижон вилоятида 207тага, Тошкент вилояти, Қорақалпоғистон Республикасида 74тадан, Хоразм вилоятида 17тага, Қашқадарё вилоятида 16тага, Тошкент шаҳрида 13тага кўпайган.

Ажримлар сони жорий йилнинг 9 ойида 23 948тани ташкил этиб, 2018 йил (23853) шу даврига нисбатан 95тага ошган, жумладан, Тошкент шаҳрида 537тага, Бухорода 39тага, Жиззахда 32тага, Наманганда 30тага ошган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика бўйича 1498та маҳаллаларда шундан, Қашқадарёда 26 фоиз, Жиззахда 23 фоиз, Бухорода 22 фоиз, Сирдарё, Қорақалпоғистон Республикасидан 21 фоиздан, Самарқандда 19 фоиз, Фарғонада 18 фоиз, Наманганда 17 фоиз, Сурҳондарёда 15 фоиз маҳаллаларда жиноятчилик ошиб кетган», – дея кенгаш раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбир сўнгида Республика маҳаллалар кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, «Нуроний» жамғармаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази билан ҳамкорликда «Маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирларни тизимли ташкил этиш бўйича жамоат ташкилотларининг 2019 йил ноябрь-декабрь ойларига мўлжалланган ҳамкорлик дастури» тайёрланди ва ушбу ташкилотлар раҳбарлари томонидан имзоланди.

Мавзуга оид