Ўзбекистон | 12:49 / 01.11.2019
52222
3 дақиқада ўқилади

ИИВ боди-камералар бўйича қўшимча маълумот берди

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг анжуманлар залида «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирлар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Ички ишлар вазирининг матбуот котиби, полковник Шоҳрух Ғиёсов, вазирлик Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбарияти ва бошқа масъул ходимлари, шунингдек, республика ва хорижий ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Тадбирда масъул шахсларга пойтахтда ЙҲХБ инспекторларига 32та боди-камера тарқатилгани ҳақида хабарлар тарқалгани ва ушбу жараён ҳозир қандай босқичда экани ҳақида савол берилди.

ИИВ жавобида айтилишича, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан боди-камералар синовдан ўтказилган.

«Синовдан ўтказиш чоғида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда тизимни янада такомиллаштириш бўйича таклиф ва фикрлар ижро этувчи комиссияга тақдим этилди», - дейилади ИИВ масъул шахсларининг жавобида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 июлдан ЙПХ ходимида видеокамера бўлиши мажбурий қилинганди. Лекин бу тартиб ўз муддатида кучга кирмади - ИИВ ЙҲХББ жорий йилнинг ёзида «Камералар бутунлай бекор қилингани йўқлиги, фақат муддатларини узайтириш режалаштирилаётгани» тўғрисида баёнот берди.

Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 3 июлда қабул қилинган «Ички ишлар органлари ходимларини мобил видеокузатув воситалари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 556-сон қарори билан ички ишлар органларининг йўл-патруль бўлинмалари ва патруль-пост хизмати ходимларини мобил видеокамералар ҳамда планшетлар билан таъминлаш 2020 йил 1 январга қадар узайтирилди.

Жорий йилнинг 22 июлидан эса Тошкент шаҳрида боди-камераларни синов-тажриба тариқасида ишлатиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ишлари бошланди.

«ЙПХ инспекторлари ҳайдовчи билан мулоқотга киришганда, уларнинг суҳбатлари боди-камерага ёзилаётгани ҳақида огоҳлантирадилар. Синов-тажриба натижалари комиссия томонидан кўриб чиқилиб, ишлаб чиқарувчи ташкилотга тегишли таклиф ва тавсиялар тақдим этилади», - дейилганди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг хабарида.

Мавзуга оид