Спорт | 12:00 / 03.11.2019
23933
11 дақиқада ўқилади

Месси «Барса»ни бир ўзи торта олмаяпти. Вальвердега саволлар кўпайди

«Барселона» Испания чемпионатининг 12-турида «Леванте»га сафарда дастлаб ҳисобни очган бўлсада, иккинчи бўлимда 7 дақиқа ичида 3 гол ўтказиб мағлуб бўлди (1:3).

Испания чемпионати. Лига 1. 12-тур
«Леванте» — «Барселона» — 3:1 (0:1)

Голлар: Месси, 38 — пенальти (0:1). Кампанья, 61 (1:1). Майораль, 63 (2:1). Радойя, 68 (3:1).
«Леванте»: Фернандес, Мирамон, Везу, Постиго, Клерк, Мелеро, Радойя, Барди (Рочина, 62), Кампанья (Кабако, 88), Майораль, Моралес (Вукчевич, 82).
«Барселона»: тер Штеген, Сержи Роберто, Пике, Лангле, Семеду, Видаль (Бускетс, 65), де Йонг, Артур (Фати, 67), Месси, Суарес (Перес, 41), Гризманн.
Огоҳлантиришлар: Артур, 12. Барди, 52. Гризманн, 56. Пике, 66. Лангле, 67. Сержи Роберто, 81. Фати, 85.
Ҳакам: Эрнандес Эрнандес.
2 ноябрь. Валенсия. «Сьюдад де Валенсия» стадиони.

Эрнесто Вальверде жамоасида «иситма» бошланди. Чемпионлар лигасида «Славия»га қарши ўйиндаги қийин ғалабадан кейин (ўша ўйинда на Месси, на Суарес ва на Гризманн қаҳрамон бўлолган, фақатгина тер Штегеннинг маҳоратигина «Барселона»ни қутқарганди) ҳам деярли ҳеч нарса ўзгармади. Дарвозабон ўша ўйиндан кейин жамоа ичида жиддий суҳбат бўлиб ўтишини таъкидлаганди.

Бундай суҳбат ёки ўтказилмади, ёки суҳбатнинг таъсири бўлмади. Кейинги ўйинда каталонлар янаям ёмон ўйнашди. Етти дақиқа ичида «Леванте» учта гол уриб, ғалабага эришди.

Ноқулай рақиб

«Барселона» ҳар ой бошида мухлисларини хафа қилмоқда. Августда — чемпионатнинг биринчи турида — каталонлар «Атлетик»нинг фахрий футболчиси Адуриснинг қойилмақом зарбасидан кейин нокаут ҳолатига тушганди (0:1). Сентябрда мавсум дебютанти «Гранада»га қарши ўйинда фиаско рўй берди (0:2). Ноябрь ойи бошида эса кучли жамоаларга муаммо туғдиришни биладиган «Леванте» рўбару келди.

Худди шу жамоа 2018 йил майида чемпионга қарши ақлбовар қилмас ўйин ўтказган ва 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ҳозир ҳам аномал воқеа рўй берди. Бунақаси асрда бир кузатилади, деса ҳам бўлади. Кўк-анорранглилар 7 дақиқаю 31 сония ичида уч гол ўтказиб нокаут ҳолатига тушди.

Валенсияликлар («Леванте») Эрнесто Вальверде учун «Барселона» бошқарувидаги ўйинлардаги энг ноқулай рақиби ҳисобланади. Ушбу мутахассис Каталониядаги фаолияти давомида 133та расмий ўйин ўтказиб, жами 15 бор мағлуб бўлган, шундан энг кўпи (уч марта) «Леванте»га қарши ўйинларда рўй берган. Пако Лопес Ла Лигада «Барса»ни икки бор енгган ягона мураббийдир. Бундан ташқари, 2019 йил январида, Испания Кубоги 1/8 финали доирасидаги биринчи учрашувда «Леванте» «Барселона»дан устун келганди.

7 дақиқадаги 3 гол

Биринчи бўлимда «Барселона» ўз ўйинидаги муаммоларни тўпга эгалик қилиш орқали ёпа олди. Албатта, биринчи бўлимда кўк-анорранглилар голли вазиятлар яратиш борасида ҳам рақибдан устунлик қилишди.

Урилган гол бир жамоанинг иккинчисидан яққол устунлик қилиши эмас, «Барса»нинг алоҳида футболчиларининг индивидуал маҳоратлари самараси сифатида юзага келди. Артурнинг пасидан кейин вазиятни яхши ҳис қила олган Гризманн тўпни ўтказиб юборди ва Семеду жарима майдонига ёриб кирди. Воқеалар ривожининг бундай тус олишини кутмаган рақиб ҳимоячиси Хорхе Мирамон уни йиқитиб қўйди. Ҳакам нуқтани кўрсатди ва Месси совуққонлик билан зарба бериб ҳисобни очди.

Беш дақиқа ўтиб аргентиналик футболчи жамоаси устунлигини ошириш имкониятига эга бўлди, унинг зарбасини дарвозабон қайтарди, қайтган тўпни дарвозабон қўллари орасидан яна дарвоза сари йўналтирганида эса ҳимоячи тўпни тўсишга улгурди. Леонинг бу вазиятни ҳал қила олмагани ўйиндаги бурилиш нуқта бўлди. Агар «Барселона» танаффусга икки тўп фарқи билан йўл олганида ғалаба қўлдан чиқарилмаслиги ҳақиқатга яқин эди.

Ўйин тақдири 63 ва 68-дақиқалар оралиғида ҳал бўлди. Концентрацияни йўқотган каталонлар осонлик билан «Леванте» футболчиларини ўтказиб юбораверишди. Аввалига мезбонлар Пикенинг тўпни қабул қилишдаги хатосидан унумли фойдаланишди. Тўпга эга чиққан «Леванте» футболчилари Кампаньяни қулай вазиятга чиқаришди ва у тўпга бир тегинишда кучли зарба бериб ҳисобни тенглаштирди.

Уч дақиқа ўтиб «Реал»нинг собиқ футболчиси Майораль рақиб жарима майдони яқинида қулай вазиятда пайдо бўлди, Пике у бемалол ўгирилиб зарба беришига йўл қўйиб берди, тер Штегеннинг ташланиши фойда бермади - тўп унинг қўлқопини силаб ўтиб дарвоза тўридан жой олди. Яна бироз ўтиб Радойянинг зарбаси Бускетс орқали рикошет бўлиб тер Штегенни ожиз қолдирди.

Қолган 20 дақиқада «Барса» тўхтовсиз ҳужум уюштирди ва вазиятлардан бирида тўп дарвоза тўрига бориб тушди ҳам. Аммо ҳакам видеотакрор орқали офсайд ҳолатини қайд этиб, Мессининг голини бекор қилди. Бу вазиятда Гризманн олдинроққа чиқиб кетгани маълум бўлди. Меҳмонлар ҳаққоний гол уришга улгуришмади.

Бу ўйиндан кейин ҳам «Барселона» футболчилари яна бир суҳбатлашиб олиши керак. Аммо бу сафар суҳбат жиддийроқ бўлиши талаб этилади.

Сафар ўйинлари комплекси

«Леванте»нинг лақаби «қора мушуклар» бўлгани каталонияликларни оқлай олмайди. «Барселона» шу вақтга қадар фақат жиддий рақиблар бўлмагани туфайли Испания чемпионатида пешқадамлигини сақлаб қолмоқда. Лекин жамоа ўтган 11 ўйинда («Барселона»нинг 11-турда «Реал»га қарши ўйини декабрга қолдирилган) уч бор мағлуб бўлди. Бу ўтган мавсумдаги барча мағлубиятлар сонига тенг. Ва бу мағлубиятларнинг барчаси сафар ўйинларида қайд этилган.

Жамоанинг сафар ўйинларидаги комплекси ҳақида Вальверде биларди. У ўйиндан аввалги матбуот анжуманида ҳам жамоа яхши ўйнай бошлагани, аммо жамоага бегона стадионлардаги ғалабалар ҳам кераклигини қайд этиб ўтганди. Аммо мураббийда бу муаммони ҳал қилиш бўйича ечим йўқ эди. Ўйиндан кейин ҳам унда бундай ечим йўқ. «Леванте»га қарши ўйиндан кейин журналистнинг Вальвердега бу борада берган саволига «бизда сафарда ҳам яхши ўйинлар бўлган» дея жавобдан қочиб жавоб берилди.

Вальверде фақат «Барса» ўйинига структуравийлик етишмаётганини тан олганида нисбатан конкрет фикр билдирди. Жамоани клуб учун чап оёғида 500-голини урган Месси қутқариши ҳам мумкин эди. Биринчи бўлим сўнгида Леонинг иккинчи голига дарвоза чизиғи устида пайдо бўлган ҳимоячи, иккинчи бўлимда ҳисоб 3:1 бўлиб турганида офсайд қайд этган ВАР халақит қилди. Каталонларнинг яна икки хавфли ҳужуми — жамоа сардорининг бошланғич паси эвазига бўлди, аргентиналик футболчи ўз ишини қилмоқда, аммо бошқалар-чи?

Куманнинг сояси

Суарес тезлигини йўқотган, бу ўйиндан олдин ушбу футболчига дам берилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Яхшиси дам берилиши керак эди, чунки Луис жамоага ёрдам бера олмади ва биринчи бўлимдаёқ жароҳат олиб, бир футболчи алмаштиришни банд қилди. Гризманн ўйиндан ўйинга орқароқ сурилмоқда ва бу ўйинда ҳам фақат бир марта зарба беришдан бошқа вазиятда деярли кўринмади.

Вальвердеда ҳужумда вариантлар бордек кўринганди, аммо Дембеле сабабсиз равишда заявкадан ташқарида қолди, Фати эса майдонга жуда кеч туширилди.

Таркиб ротацияси — алоҳида мавзу. Айниқса майдон маркази, мураббий бу ерда де Йонг ва Артурга имконият бермоқда. Бу тандем дахлсиздек кўринади, бошқалар эса бундан жабр кўришмоқда. Масалан, Видаль яқиндагина кескин норозилик билдирди. 

Шанба кунги ўйинда «Барса» майдон марказини бой берди ва қарши ҳужумларни яхши уюштира олмади. Артуро ҳам яхши ҳаракатлана олмади, иккинчи бўлимда, иккинчи голдан кейин чилилик футболчи ўрнига майдонга тушган Бускетс эса тер Штегенни чалғитиб, учинчи голга сабаб бўлди. «Леванте»нинг биринчи ва иккинчи голларида асосий масъулият Пике зиммасида, у аввалига тўпни рақибга топширди, кейин Борха Майоралнинг йўлини тўса олмади. Майораль бу мавсумда ҳам «Барса»га, ҳам ўзининг қадрдон жамоаси «Реал»га гол урган ягона футболчи.

Умуман олганда, фахрий футболчилар ёшариб қолмайди. Масалан, бу мавсумда захирада қолаётган Ракитич миш-мишларга кўра қишда жамоасини ўзгартиради. Ёшлар эса деярли ўсишмаяпти, ҳолбуки яқиндагина Рикард Пуч ва Карлес Аленьяга катта умидлар билдирилганди. Мантиқан, Вальвердедан истеъфо талаб қилишнинг айни вақти. Мураббий истеъфога чиқиш ҳақида ташвишланмаётгани, ҳали барчаси олдиндалигини айтаётган бўлса-да, унинг истиқболи туманли кўринмоқда. Айниқса, «Камп Ноу»га барселоналикларнинг яна бир афсонаси Роналд Куман қайтиши ҳақидаги гаплар пайдо бўлганида. Бундай клубда ишлаш учун Нидерландия терма жамоасидаги ишдан воз кечиш ҳам мумкин.

Мавзуга оид