Ўзбекистон | 17:40 / 03.11.2019
41024
10 дақиқада ўқилади

Трамп боши узра «қора булутлар», Тошкентда ШҲТ мажлиси, кўп кутилган мораторий ва ҳафтанинг бошқа хабарлари

Якунланаётган ҳафта ҳам барча ҳафталарда бўлганидек муҳим жараёнларга бой бўлди, жаҳоннинг турли нуқталарида ҳам, Ўзбекистонда ҳам эътиборга молик воқеалар бўлиб ўтди. Kun.uz ўтган ҳафтанинг энг асосий ва диққат марказида турган мавзулари бўйича ҳафталик дайжестни тақдим этади.

Президент уй-жойлар нархи ошиб кетмаслигини таъминлаш чораларини кўриш бўйича топшириқ берди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 октябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ва ипотека бозорини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда уйлар нархини тушириш ва сифатини ошириш учун инновацион қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

«Ҳисоб-китобларга кўра, халқимиз эҳтиёжини тўла қондириш учун ҳар йили 145 минг хонадондан иборат уйлар қуриш керак. Бунинг учун эса қарийб 30 триллион сўм зарур бўлади. Бу маблағ эса давлат бюджетининг 23 фоизидан зиёдини ташкил этади.

«Масалан, ғишт ўрнига газобетон ва пенобетондан фойдаланилса, ишлаб чиқаришда газ сарфи 8 баравар камаяди ҳамда иссиқлик сақлаш 5 баравар ошади», деган президент.

Йғилиш давомида Шавкат Мирзиёев уй-жойга муҳтож оилаларни танлаб олишда таниш-билишчиликка йўл қўйилаётганини қоралади. 

Қурилиш соҳасида ҳам рақобат ва сифат бўлиши учун буюртмачи функцияси «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компаниясидан босқичма-босқич хусусий секторга ўтказилиши белгиланди.

Янги тизимга мувофиқ, кўп қаватли уй-жой қурилиши тадбиркорлик субъектлари томонидан амалга оширилади. Давлат томонидан ер ва ипотека кредити учун банкларга маблағ ажратилади. Уй-жойлар нархининг ошиб кетмаслиги ва ҳамёнбоп бўлишини таъминлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилади.

Ким бош вазир бўлади?

Ўзбекистондаги партиялар сайловда ғолиб бўлса, бош вазирликка кимларни тавсия қилишлари маълум бўлди. Либерал-демократлар партиясидан амалдаги бош вазир Абдулла Арипов номзод бўлиши аниқ эди. 25 октябрь куни «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан ўтказилган давра суҳбатида Халқ демократик партияси ушбу лавозимга бош вазир ўринбосари, Транспорт вазири Очилбой Раматов номзодини илгари сурмоқчилиги маълум қилинди. 

Кейинроқ Kun.uz мухбири Адолат СДП адлия вазири Русланбек Давлетовни асосий номзод сифатида кўраётганини аниқлади. Бундан ташқари, «Адолат»да партия аъзолари бўлган – Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов номзоди ҳам бор. Миллий тикланиш партияси эса эҳтиёткорликни маъқул кўрди ва номзодини сир сақлади. Экологлар партияси эса «Ўзкимёсаноат» АЖ раиси Одил Темировни бош вазир сифатида кўриш истагини билдирди.

Бу маълумотлар ортидан ким бош вазир бўлиши ҳақидаги сўровномалар ўтказила бошлади, уларда дастлаб Очилбой Раматов олдинда борди, кейин Абдулла Арипов устунликни қўлига олди.

Телеграмдаги davletovuz канали эса «Сиёсий партиялар лидерлари ҳукуматни бошқара олмайдими?» дея савол қўйди.

Конституцияга кўра, сиёсий партия бош вазир номзодини президентга таклиф қилади ва уни президент кўриб чиқиб, тасдиқлаши учун Олий Мажлис палаталарига киритади.

Бағдодийнинг ўлими оқибатлари

Фото: EPA

ИШИД террорчилик гуруҳи етакчиси Абу Бакр ал-Бағдодий америкалик ҳарбийлар томонидан 27 октябрга ўтар кечаси Сурияда ўтказилган махсус операция вақтида «худкуш камари»ни портлатиб, 48 ёшида ҳалок бўлди. Энг кўп қидирилган террорчи туннел ичида ҳарбийлардан яширинишга уриниб, АҚШ президенти Дональд Трампнинг таърифлашича, «итдек ўлим топди, қўрқоқларча ўлди».

30 октябрь куни Пентагон ИШИД етакчисини йўқ қилиш бўйича операция тафсилотлари ва ҳарбий ҳаракатлар видеосининг айрим қисмларини эълон қилди. Унинг жасади қолдиқлари денгизга чўктирилган, Ал-Бағдодийни топишда ёрдам берган айғоқчига 25 млн доллар мукофот пули берилиши мумкин.

31 октябрь куни ИШИД ўз раҳнамоси ва етакчиси Абу Бакр Ал-Бағдодийнинг ўлгани ҳақида тарқалган хабарларнинг ростлигини тасдиқлади ва учун АҚШдан қасос олинишини айтиб, таҳдидли хабар йўллади. Ташкилотнинг яна бир етакчиси, Бағдодийнинг ўринбосари сифатида кўрилган Абу ал-Ҳасан ал-Муҳожир ҳам ҳалок бўлгани тасдиқланди.

Маълум қилинишича, эндиликда ташкилотга Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший раҳбарлик қилади. ИШИД баёнотида у ҳақда деярли ҳеч нарса дейилмаган. Фақат у «художўй» ва «уруш фахрийси» экани маълум. Ал-Бағдодийнинг «ўнг қўли» ҳисобланган ва унинг ўлимидан бир неча соат ўтиб иккинчи амалиёт натижасида ҳалок бўлган Ал-Муҳожир ўрнини эса Абу Ҳамза ал-Қурайший эгаллаган.

Президент фармони билан дарахтлар кесилишига мораторий эълон қилинди

Президент фармони билан Давлат экология қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси ва жамоатчиликнинг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Мораторий 2019 йил 1 ноябрдан 2020 йил 31 декабргача амал қилади. Амал қилиш даврида ваколатли давлат органларига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига рухсатнома бериш ман этилади. Аммо фармонда «баъзи ҳолатлар мустасно эканлиги» белгилаб қўйилган.

Телеграмдаги bakiroo канали иккита савол қўйган: Биринчи савол: Арзонларини кесиш мумкинми? Иккинчи савол: Дарахтнинг арзон ё қимматлигини дарахт кесувчилар белгила(ма)йдими? 

Украинагейт

Фото: AFP

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Украина президенти Владимир Зеленский билан мулоқоти туфайли бошланган импичмент жараёни давом этмоқда. Америкаликлар президенти Зеленскийдан 2020 йилги президентлик сайловларида ўзининг асосий рақиби бўлиши кутилаётган Жо Байденнинг «Burisma» компанияси раҳбарларидан бири бўлган ўғлига қарши текширув бошлаш орқали уни обрўсизлантиришни сўраганидан кейин бошланганди.

Ўтган ҳафтада АҚШ армияси подполковниги, Ироқдаги уруш фахрийси, Оқ уйда Украина бўйича асосий эксперт ҳисобланади, кейинги вақтларда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашида Украина билан муносабатлардаги сиёсатни шакллантиришга масъул ҳисоблан Александр Виндман 29 октябрь куни Конгресс қўмиталари ёпиқ мажлисида президентга қарши кўрсатма берди. У июль ойида Украина делегациясининг Вашингтонга ташрифи вақтида Америка делегацияси вакили украинлардан Байденлар масаласига аралашишни сўраганини тасдиқлади, шунингдек, АҚШ ва Украина президентларининг сентябрь ойидаги телефон мулоқотидан ташвишдалигини билдирди.

31 октябрь куни эса АҚШ Конгресси президент Дональд Трампнинг импичменти бўйича очиқ муҳокамалар жараёни бошланиши учун резолюция қабул қилинди. Вакиллар палатаси аъзоларининг кўпчилик қисми Оқ уйнинг амалдаги раҳбари ҳокимиятдан четлатилишини ёқлаб овоз беришди.

Ноябрь ойи давомида Сенатда эшитувлар ўтказилиши керак. Эндиликда президентни четлатиш учун Сенат аъзоларининг учдан икки қисми (100 овоздан 67та) маъқуллаб овоз бериши кифоя қилади - бу ўринда Вакиллар палатаси аъзолари прокурор, Сенат аъзолари эса ҳакам ролида. Қайд этиш керакки, айни вақтда Сенатда республикачилар устунлик қилади - 53 республикачи ва 45 демократ, 2 мустақил сенатор. Агар шунда ҳам Трампни кўпчилик қўллаб-қувватламаса, президентнинг ваколатлари янги сайловларга қадар АҚШ вице-президенти Майк Пенс зиммасига ўтади.

Бу вақтда Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Мелания расман асосий яшаш жойини ўзгартирди — улар Нью-Йоркдан Флоридага кўчиб ўтишди. Президент буни «бу штатнинг сиёсий етакчилари ўзи билан ёмон муносабатда бўлгани» билан изоҳлаган.

«Мен Нью-Йорк ва унинг аҳолисини қадрлаганман, бундан кейин ҳам шундай бўлади. Бироқ ҳар йили шаҳарга миллионлаб доллар маҳаллий солиқларни тўлашимга қарамай, шаҳар ва штатнинг сиёсий етакчилари мен билан ёмон муносабатда бўлди. Бунақаси камдан-кам бўлган».

Президент 2 ноябрь куни Нью-Йоркда ўтказилган UFC 244 турнирига ташриф буюрди. Madison Square Garden аренасида унга ҳуштакбозлик қилинди.

Тошкентда ШҲТ мажлиси

1 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг бош вазирлари Тошкентда жам бўлишди ва президент қабулида бўлишди.

2 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ташкилотга аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг ўн саккизинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлар бош вазирлари иштирок этди. Бу йирик тадбирга Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Афғонистон, Беларусь, Мўғулистон ва Эрон ҳукуматлари раҳбарлари ҳам таклиф этилган эди. ШҲТ ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси давомида 14та ҳужжат имзоланди, ушбу ҳужжатлардан 12тасини бевосита бош вазирлар тасдиқлади.

Мавзуга оид