Спорт | 14:34 / 04.11.2019
120906
6 дақиқада ўқилади

Кўнгли бўшлар кўрмасин (+18): Гомеш, Месси ва жаҳон футболидаги энг даҳшатли яна 5 жароҳат

Фото: AFP / Oli Scarf

Англия Премьер-Лигаси 11-тури доирасидаги “Эвертон” – “Тоттенҳэм” (1:1) учрашувида нохуш воқеа юз берди. Мезбонларнинг португалиялик 26 ёшли футболчиси Андре Гомеш 78-дақиқада даҳшатли жароҳат олиб, ўйиннинг 10 дақиқа тўхтаб қолишига сабаб бўлди. Сон Хин Миннинг четлатилишига сабаб бўлган қўполлигидан кейин ҳам Серж Орье билан тўқнашган Гомешнинг ўнг оёғи синди. Tribuna.uz қуйида футболдаги энг даҳшатли жароҳатларни ёдга олади.

 Люк Шоу («Манчестер Юнайтед»)

Англия терма жамоаси ҳамда «МЮ» ҳимоячиси Люк Шоу учун 2015/16 йилги Чемпионлар Лигаси 1-тури даҳшатли тарзда якунланди. “ПСВ”га қарши ўйинда Эктор Моренонинг қўполлиги натижасида Люк Шоунинг чап оёғи очиқ синди. 20 ёшли футболчига кислородли маска кийдириб, майдонда узоқ вақт тиббий ёрдам кўрсатилди. 24-дақиқада майдонни замбилда тарк этган Шоу, дарҳол Эйндховендаги шифохонада ётқизилиб, оёғининг икки жойидан очиқ синиши ташхиси қўйилган. Жарроҳлик амалиётидан сўнг, Шоу орадан 8 ой ўтиб, машғулотларга киришганди.

 Лионель Месси («Барселона»)

2010 йилнинг 19 сентябрь куни ўтказилган “Атлетико” – “Барселона” учрашувининг 90+2-дақиқасида Лионель Месси фаолиятидаги энг қўрқинчли жароҳатга йўлиққанди. Ўйин якунида ҳужумга ўтаётган аргентиналикни мадридликларнинг чехиялик футболчиси Томаш Уйфалуши оёғини ўта қўпол тарзда босиб олди. Кўринишидан жароҳат қўрқинчлига ўхшаса-да, Мессининг бахтига бу фаолиятига таъсир қиларли жароҳат бўлмади. Пай чўзилиши ташхиси қўйилгач, Месси икки ҳафталик тикланишдан кейин яна сафга қайтди.

 Франческо Тотти («Рома»)

2006 йилнинг 19 февраль куни Италия А Серияси доирасидаги “Рома” – “Эмполи” ўйинида “Бўрилар” етакчиси Франческо Тотти жиддий жароҳат олди. “Эмполи” футболчисининг қўполлигидан кейин футболчига чап оёғини синиши ҳамда мушак пайларининг шикастланиши ташхиси қўйилди. Ўшанда Тоттининг бир йилга сафдан чиққани ва ЖЧ-2006га бора олмаслиги тахмин қилинганди. Аммо италиялик шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан “Император” 4 ойда жароҳатини тиклади ва Германиядаги жаҳон чемпионатига йўл олди. Якунда эса Тоттининг муваффақиятли ўйини “Мовий гвардия” чемпионлиги билан тугаганди.

 Жабриэль Сиссе («Ливерпуль»)

2006 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида Франция терма жамоаси Хитой термасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказди. Афсуски, баҳснинг бошланиши футболдаги энг даҳшатли жароҳат билан ёдда қолган. 10-дақиқада Хитой терма жамоаси сардори билан тўқнашувда Франция терма жамоаси ҳужумчиси Жабриэль Сиссе оғир жароҳатга йўлиқди. Француз форвардининг оёғи синди. Жароҳатга мойил ҳужумчи ўшанда жарроҳлик амалиётидан кейин ярим йилдан кўпроқ вақтни тикланиш билан ўтказган.

 Хенрик Ларссон («Селтик»)

1998/99 йилги УЕФА Кубоги доирасидаги «Лион» – «Селтик» учрашувида Хенрик Ларссон тўп учун курашда франциялик ҳимоячи Серж Блан билан тўқнашди ва муваффақиятсиз йиқилиш сабаб чап оёғининг икки қисмидан суяк синиши кузатилди. Ўшанда швециялик ҳужумчи 8 ойни даволаниш билан ўтказди.

 Эдуардо да Силва («Арсенал»)

Эдуардо да Силва ҳақида гап кетса, “бразилиялик хорват”нинг ўта оғир жароҳати “Арсенал” мухлисларининг ҳали-ҳамон кўз ўнгидан кетмаса керак. Англия Премьер-Лигаси учрашуви - “Арсенал” – “Бирмингем” ўйинида меҳмонлар ҳимоячиси Мартин Тэйлорнинг Эдуардо да Силвага нисбатан қақшатқич “подкат”и натижасида “Тўпчилар” ҳужумчиси оёғидан айрилишига сал қолди. Суяк очиқ синиши оқибатида футболчининг бутсаси осилиб қолганди... Ўшанда лондонликлар форварди қарийб бир йил яшил майдонга қадам қўя олмаганди.

 Андре Гомеш (“Эвертон”)

3 ноябрь кунги АПЛ доирасидаги “Эвертон” – “Тоттенхэм” баҳсининг кульминацион воқеаси 78-дақиқада содир бўлди. Меҳмонларнинг кореялик футболчиси Сон Хин Мин қанотдан ҳужумга ўтган “Эвертон” аъзоси Андре Гомешнинг оёғи остига отилди, йиқилаётган футболчи Серж Орьенинг ҳам зарбасини қабул қилишга мажбур бўлди. “Қизил”га лойиқ кўрилган Сон рақиби жароҳатини кўриб, ўзини йиғидан тўхтата олмаган бўлса, Орье қўлини дуога очишдан бошқа чора тополмади. 10 дақиқалик ёрдамдан кейин футболчи “Гудисон Парк”ни қарсаклар остида тарк этди.

Душанба куни “Эвертон” Андре Гомешнинг жароҳати борасида баёнот бераркан, футболчининг тўпиғида жарроҳлик амалиёти ўтказилишини тасдиқлади.

“Ўтказилган дастлабки текширув натижалари Андре Гомешнинг ўнг оёғидаги тўпиғи жойидан чиқиб кетганлигини тасдиқлади. У номаълум муддатгача сафдан чиқди”, - дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид