«Маҳсулотни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишлар ҳажми 30 фоиздан камаймаяпти» — Президент мева-сабзавотчилик соҳасидаги муаммолар ҳақида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни мева-сабзавотчилик тармоғини янада ривожлантириш ва экспортини ошириш, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
«Ўзбекистон мева-сабзавот ишлаб чиқаришда улкан имкониятларга эга. Аҳоли фаровонлигини доимо ошириб боришда халқимиз турмуш тарзига энг яқин ва тез натижа берадиган йўналиш қишлоқ хўжалигида юқори даромадли интенсив ишлаб чиқаришни ташкил этишдир.
Мавжуд салоҳиятимизни тўлиқ ишга солишимиз, унга яраша катта даромад олишимиз зарурлигини инобатга олган ҳолда сўнгги йилларда мамлакатимизда мазкур соҳа юқори шиддат билан ислоҳ қилинмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан боғдорчилик тармоғи ва иссиқхона хўжаликларида бошқарув тизимини яхшилаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигида кооперацияни йўлга қўйиш, замонавий ресурс тежамкор технологиялар асосида юқори сифатли, рақобатбардош ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, озиқ-овқат саноатини жадал суръатларда ривожлантириш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Шунга қарамасдан, жаҳон бозорида мева-сабзавот маҳсулотлари савдоси 205 миллиард долларни ташкил этган бир пайтда, бизнинг улушимиз бир фоизга ҳам етмаяпти.
Бугунги йиғилишда қайд этилганидек, келгуси йилда мева-сабзавот экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш, кейинги уч йилда бу кўрсаткични 5 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжуд», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Давлат раҳбари бунга эришиш учун экин ва навларни тўғри танлаш, ҳосилдорлик ва даромадни камида икки-уч баробарга ошириш, исрофгарчиликларни олдини олиш, маҳсулотларни сақлаш, логистика масалалари, экспортни тўғри ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.
Бугунги кунда дунё бозорларида гилос, ўрик, олхўри, анор, узум, бодом, цитрус мевалар каби маҳсулотларга талаб юқори ва ушбу маҳсулотлар экспорт тушумининг асосий қисмини ташкил этмоқда.
Ўзбекистонда бундай мевазорлар, айниқса интенсив усулдаги боғлар етарлича ташкил этилмаётгани, боғ ва токзорлар яроқсиз ҳолатга келиб қолгани сабабли уларнинг иқтисодий самарадорлиги ўта паст даражада қолаётгани, қатор туманларда минглаб гектар эски боғлар йиллар давомида ҳосил бермаётгани танқид қилинди. Ҳануз «маҳсулот етиштириш – харид қилиш – сақлаш ва қайта ишлаш – экспорт» занжирини ташкил этадиган кооперация тизими жорий қилинмаган.
Яна бир салбий ҳолат узумчиликни ривожлантиришда виночилик корхоналарининг ўрни сезилмаётгани билан боғлиқ.
«Бу каби муаммолар таъсирида мамлакатимизда маҳсулотларни йиғиштириш ва сақлашдаги йўқотишлар ҳажми 30 фоиздан камаймаяпти. Яъни, олинган мева нобуд бўлиб, тупроққа қорилмоқда. Бундай шароитда қандай янги боғ ва токзорлар ҳақида гапириш мумкин?», – деди Президент.
Қайд этилганидек, бир қатор туманлар пахта етиштиришни қисқартириб, мева-сабзавотчиликка ихтисослаштирилган, лекин, ушбу йўналишда ҳам ишлар қониқарли даражада бўлганича йўқ.
Селекция борасида илмий тадқиқотлар етарлича йўлга қўйилмагани боис Ўзбекистон уруғликни импорт қилишга мажбур бўлмоқда.
Мавзуга оид
20:19
2025 йилда тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маоши оширилади
18:47
Келгуси ўқув йилида 100 дан зиёд мактаб ташкил этилади, 162 та боғча қурилади
18:11 / 12.12.2024
Мато ишлаб чиқариш ва бўяш корхоналари қўшимча қўллаб-қувватланади
19:53 / 11.12.2024