Спорт | 17:20 / 05.11.2019
24842
4 дақиқада ўқилади

ЕЧЛда 4-тур: Бу турда 7та жамоа гуруҳ масаласини ҳал қилиши мумкин

Бугун, 5 ноябрь куни Европа Чемпионлар лигасида 4-тур ўйинларига старт берилади. Гуруҳ босқичи якунланишига ҳали вақт бор, аммо бугун ва эртага бир неча клублар турнирнинг нимчорак финалига йўл олиши мумкин.

«ПСЖ»
А гуруҳида интрига бўлиши мумкин, аммо бу гуруҳ  етакчиси «ПСЖ»га алоқадор бўлмайди. Томас Тухель шогирдлари бу турда Парижда «Брюгге»ни қабул қилади. Ғалаба парижликларга кейинги икки турда иккинчи таркибни ўйнатиш имконини беради. «Реал»га эса эртага «Галатасарой»га қарши ўйинда фақат ғалаба керак, акс ҳолда мадридликлар учун сўнгги турлар ҳаёт-мамот масаласига айланади. Барибир, якунда икки гранд плей-оффга чиқса керак, аммо «Галатасарой» ва «Брюгге»ни ҳисобдан чиқаришга ҳали эрта.

«Манчестер Сити»
Ўтган турда «шаҳарликлар» «Аталанта»ни 5:1 ҳисобида мағлуб этишганди. Қуръа натижаларидан кейиноқ, «Манчестер Сити» бу гуруҳда фаворитлиги ва ҳар бир ўйинда устунлик қилиши маълум бўлганди. Амалда ҳам шундай бўлиб чиқди. Бугунги ўйинда «Аталанта» устидан ғалаба қозонилса, муддатидан аввал плей-офф йўлланмаси ҳал қилинади. Лекин «Сити» ҳар мавсумда муаммосиз гуруҳдан чиқиб келмоқда. Бу жамоанинг муаммолари фақат плей-оффда бошланади. Лекин кўпчилик Хосеп Гвардиола «Манчестер Сити» билан бу мавсумда ниҳоят ўз мақсадига эришишини кутмоқда.

«Бавария»
Мюнхенликлар шанба куни ички чемпионат доирасида «Айнтрахт»га 1:5 ҳисобида мағлуб бўлишди ва клуб раҳбарияти дарҳол Нико Ковачни бош мураббий лавозимидан озод этди. Аммо шундай ҳолатда ҳам «Бавария» бу турда «Олимпиакос»ни мағлуб этиш орқали биринчи вазифани муддатидан илгари уддалаши мумкин. Бу жамоа жорий мавсумда ЕЧЛнинг энг кўп гол ураётган жамоасидир — 13 гол. Греклар ҳам осонгина таслим бўлишмайди ва мюнхенликларнинг мақсади кечиктирилишига уринишади.

«Атлетико» ва «Ювентус»
«Локо» ва «Юве» энди Москвада тўқнашади. Энди итальянларга плей-оффга чиқиш учун битта ғалаба етарли ва улар бу ишни кейинга қолдирмоқчи эмас. «Атлетико» эса чемпионатдаги муваффақиятсиз иштирокини халқаро майдондаги натижалар билан ювишга ҳаракат қилади. Бу Испаниянинг барча уч грандига тааллуқли. Агар «Атлетико» эртага «Байер»дан устун келса плей-офф масаласини ҳал қилади. «Локомотив» ва «Байер» Европа Лигаси йўлланмаси учун курашади.

«Наполи» ва «Ливерпуль»
Бу жамоаларнинг ўзаро учрашуви биринчи турда итальянларнинг кутилмаган ғалабаси билан якунланганди, аммо бу турда улар кучсиз рақибларга қарши майдонга ташишади ва икки гранд ўз ўйинларида ғалаба қозонса, плей-офф йўлланмаси нақд бўлади. «Зальцбург» «Энфилд»да «Ливерпуль»га ҳақиқий жанг таклиф қилган бўлса-да натижага эриша олмади. Австрияликлар жамоаси бугун «Наполи» билан ўйинда ҳам бор кучи билан ўйнаши тайин. Бу ўйинда омад Анчелотти шогирдлари томонида бўлса, Е гуруҳидан сюрпризлар кутишга ҳожат қолмайди. «Ливерпуль» бугун «Генк»ни қабул қилади ва кўп эҳтимол билан плей-офф масаласини бир ёқли қилади.

Мавзуга оид