Жамият | 11:09 / 06.11.2019
12576
2 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоятида одам ўлишига сабабчи бўлган ҳайдовчига нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Фото: Тергов департаменти

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни соат тахминан 23:45ларда Фарғона вилояти Қўштепа туманида маст ҳолдаги ҳайдовчи М.А. томонидан тегишли ҳужжатларсиз бошқарилган «ВАЗ 2106» русумли автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, ҳайдовчи бошқарувни йўқотганлиги натижасида автомашина Равнақ кўчасидаги кўприк ёнида йўлнинг ўнг чеккасидаги бетон тўсиққа урилиб, 6 нафар йўловчиси билан ағдарилган.

Бунинг оқибатида бир нафар йўловчи вафот этган, ҳайдовчи ва қолган йўловчилар эса турли кўринишда тан жароҳатлари олиб шифохонага ётқизилганлар. Ҳодиса жойи тергов-тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилиб, тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўштепа туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш оқибатида одам ўлишига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда йўл-транспорт ҳодисасини келиб чиқиш сабабларини аниқлаш юзасидан тегишли экспертизалар тайинланган бўлиб, дастлабки тергов давом этмоқда.

Мавзуга оид