Ўзбекистон | 11:19 / 07.11.2019
13012
14 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимига тажовуз учун жавобгарлик: депутатлар қонун лойиҳасини қайта ишлаш учун қайтаришди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Парламент қуйи палатасининг 6 ноябрь куни ўтказилган навбатдаги мажлисида «Тиббий ёрдам кўрсатиш вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси хизмат вазифасини бажараётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади.

Депутат Зумрад Бекатова ушбу қонун лойиҳаси 2019 йил 9 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинганидан сўнг ўтган вақт мобайнида ишчи гуруҳ томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қилинган ишлар, депутатларнинг биринчи ўқишда билдирган таклифларидан келиб чиқиб киритилган ўзгартиришлар ҳақида маълумот берди.

Қонун лойиҳаси муҳокамасида сўзга чиққан депутатлар унинг долзарблигини эътироф этган ҳолда лойиҳада кўзда тутилмаган жиҳатлар, юридик техника талабларига тўғри келмайдиган ҳолатлар ҳақида фикр билдиришди.

«Қонун лойиҳаси Жиноят кодексидаги нормалари такрорлаяпти, бу нотўғри»

Жаҳонгир Ширинов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Миллий тикланиш» фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳаси концепциясини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Бизнингча, тиббиёт ходимларининг ҳимоясини янада кучайтириш керак. Чунки бугунги кунда шифокорларимиз халқнинг саломатлиги йўлида хизмат қилишмоқда. Лекин охирги пайтларда уларга нисбатан турли ноқонуний хатти-ҳаракатлар – уриш, ҳақорат қилиш, таҳдид қилиш жуда кўп учраяпти. Шундай экан, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтирмасдан туриб биз тиббий хизматнинг сифати ҳақида гапиролмаймиз. Қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан олганда мавжуд ижтимоий муносабатларни тартибга солишга хизмат қилади. Уни қўллаб-қувватлашимиз лозим. Лекин қонуннинг ҳозирги таҳрири шифокорларнинг ҳимоясини таъминлай олмайди. Унда бир қатор эътибордан четда қолган масалалар бор. Биз уларни бартараф қилмасак, эртага бир қатор муаммоларни келтириб чиқаради.

Аввало, тиббиёт ходимларига нисбатан ҳар қандай жиноятни керак бўлса жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб қабул қилишимиз керак. Шундай экан нимага биз Жиноят кодексининг 56-моддасига ўзгартиш киритмаяпмиз? Ваҳоланки, 56-моддада хизмат вазифасини бажаргани муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир этилган жиноятлар жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида кўрсатилган.

Иккинчидан, кўп ҳолларда биз кўрамизки, шифокорларни ҳақорат қилиш ҳолатлари ҳам кузатилади. Қонун лойиҳасида эса фақат шифокорларга тан жароҳати етказиш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилаяпти-да, лекин ҳақорат қилиш масаласи, яъни Жиноят кодексининг 140-моддаси эътибордан четда қолаяпти.

Учинчидан, Жиноят кодексининг 104, 105-моддаларига киритилаётган қўшимчаларнинг матни юридик техника қоидаларига, тилшунослик қоидаларига тўғри келмаяпти. Қолаверса, таклиф этилаётган қўшимчада хизмат вазифасини бажараётган ёки тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт ходимлари назарда тутиляпти. Ҳолбуки, тиббиёт ходими тиббий ёрдам кўрсатиб бўлгандан кейин ҳам таҳдид, ҳақорат, тажовузга учраётган ҳолатларни кўриб турибмиз.

Тўртинчидан, Жиноят кодексига киритилаётган янги 1121-модданинг номи «Тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш» деб номланган ҳолда унинг диспозицияси тиббиёт ходимларини ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш йўли билан қўрқитиш деб келтириляпти. Бу бир-бирига мос эмас, яъни тажовуз қилиш деган масалани очиб бермаяпти. Бундан ташқари, ушбу модданинг матни амалдаги 112-модданинг 3-қисми билан ўхшаш бўлиб, ҳатто санкциялари ҳам бир хил. Мазкур модданинг киритилиши Жиноят кодексининг конструкциясини бузяпти, яъни айнан битта масалани такрорлаяпти.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бу қонун лойиҳасини янада кучайтиришни, иккинчи ўқишда кўриб чиқмасликни таклиф этаман.

«Бу қонун қабул қилинса, эртага МИБ ходимлари ҳам қонуний ҳимоя талаб қилиши мумкин»

Бекзод Ортиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «ЎзЛиДеп» фракцияси аъзоси:

– Ҳақиқатан ҳам қонун лойиҳасининг таклиф этилаётган матни, юқорида айтилганидек, Жиноят кодексидаги мавжуд моддаларни такрорлаяпти. Киритилаётган таҳрирлар эса амалдаги мавжуд нормани алоҳида соҳалар бўйича бириктирилса, бошқалар ҳам эртага худди шу мазмунда чиқиши хавфини юзага келтиради. Масалан, МИБ ходимлари билан фуқаролар ўртасида жойларда муаммолар юзага келмоқда. Улар ҳам эртага талаб билан чиқиши мумкин.

Шунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдан бу масалани олиб ташлаб, фақатгина «Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунга киритилаётган 411-моддани кучайтириб қолдириш масаласини таклиф қилмоқчиман. Шу билан биз амалдаги Жиноят кодексидаги мавжуд нормаларни ишлата олган бўлардик.

Чунки агар Жиноят кодексига киритилаётган нормаларни кўрадиган бўлсак, у ердаги санкциялар ҳам ўзгаргани йўқ. Жавобгарлигини оширамиз, кучайтирамиз деяпмиз, бу масалаям бўлгани йўқ. Субъектлар масаласи бор, хизмат бурчини бажариш масаласиям бор. Жиноят кодексимизда ҳамма масалалар берилган. Муаммо фақат амалиётнинг масаласи билан боғлиқ бўлиб қолаётганини кўришимиз мумкин. Шунинг учун эртага ишлайдиган даражадаги қонун лойиҳаси қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, қонун лойиҳасини қайтадан кўриб чиқиш, такомиллаштириш зарур деб ҳисоблайман.

«Одамлар тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузлар жавобсиз қолмаслигини билиши керак»

Расул Кушербоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «ЎзЛиДеп» фракцияси аъзоси:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

– Бу қонун лойиҳасининг киритилишида профилактик мақсад ётибди. Яъни тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузлар жавобсиз қолмаслиги ва бу мумкинмаслигини алоҳида кўрсатиш ва буни фуқароларнинг онгига етказиш мақсади турибди. Бошқа соҳалар ҳам кейинчалик ана шундай ҳимоя нормаларини талаб қилишади деб умумий жавобгарлик белгилайдиган бўлсак, унда, келинглар, ички ишлар ходимлари учун алоҳида қонун қабул қилинган, бошқа соҳа ходимлари учун алоҳида қонун қабул қилинган, улардан ҳам ана шундай нормаларни олиб ташлайлик-да, уларга нисбатан тажовуз ҳолатлари учун жавобгарлик ҳам умумий бўлсин. Нима учун ушбу қонунларда ана шундай нормалар турибди? Чунки касбининг ўзига яраша қийинчиликлари ҳисобга олиниб, уларга нисбатан таҳдид, ҳақорат ва тажовузлар бўлганда жавобгарлик белгиланган-ку?!

Нега тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз бўлиб турганда буни алоҳида кўрсата олмаймиз?! Нима, уларни кўриб турибмиз-ку жамиятнинг, одамларнинг қанчалик эътирозига сабаб бўляпти. Баъзи бир одамларнинг нотўғри хатти-ҳаракати орқасидан дўппосланяпти. Уям ўзининг ҳалол ишини қиляпти, хизматини қиляпти.

Шунинг учун профилактик нуқтайи назардан катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатига эътибор қаратайлик. Майли, қонун лойиҳасида белгиланган жавобгарлик Жиноят кодексидагилар билан бир хилдир, бошқадир, лекин одамларда: «Шифокорларга нисбатан, тиббиёт ходимларига таҳдид тажовуз қилиб бўлмайди, мана, қонунда турибди», деган тушунча бўлади.

Нормаларни умумийлаштириш кетмайди. Шунинг учун профилактик нуқтайи назардан буни қолдирайлик ва бу тиббиёт ходимларига ўзининг ишига нисбатан рағбат, руҳий мадад беради. Тўғри амалиётда қонунчилик техникаси нуқтайи назаридан қанақадир алоҳида бир юк бермаслиги мумкиндир, лекин буни умуман одамларга борадиган ахборот кучи бунда жудаям катта аҳамиятга эга.

Менимча, бу қонун лойиҳасини қўмита узоқ ўйлаб муҳокамага олиб чиққан, шу нуқтайи назардан биз қўмитанинг таклифини қўллаб-қувватлашимиз керак.

«Тажовуз ўз-ўзидан юзага келмайди, бунда шифокорларнинг ҳам ҳиссаси бор»

Абдурашид Абдуқодиров

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «ЎзЛиДеп» фракцияси аъзоси:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

– Жаҳонгир Ширинов, Бекзод Ортиқовнинг юқоридаги фикрларини мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Сабаби, мисол учун, ўша шифокорга нисбатан бўлаётган тажовузларга нима сабаб бўлди, деган савол бор.

Беморингизни даволагани келиб сизга ёрдам бермоқчи бўлган одамга наҳотки ўзиздан ўзиз ташланиб қоласиз, тажовуз ҳолатига тушиб қоласиз? Ҳозир шифокорларнинг мана шунақа ҳолати кўпайиб кетишининг олдини олиш учун шуларга бўлаётган тажовузга нисбатан жавобгарлик кучайтириляпти ёки белгиланяпти. Бу нотўғри ёндашув.

Тажовуз қилиш нимадан юзага келяпти? Шифокорнинг ўша ерда ётган беморга нисбатан тамагирлик ҳолатини эшитганиздан кейин тепа сочингиз тикка бўлади. Яқинда ўзимиздаям шунақа ҳолат бўлди. Бунга чидаб туриш қийин. Шу нуқтайи назардан, биринчи ўринда, қонун лойиҳасида юқорида айтилган камчиликларни бартараф қилиб, такомилига етказилиб, қайтадан муҳокама қилиш, шу билан бирга, тиббиёт ходимларининг касбий мажбуриятини бажармаётганига нисбатан ҳам жавобгарликни лойиҳага киритиш керак.

Сабаби, ҳозир менинг фикрим бўйича, тиббиёт ходимларига бўлаётган тажовузлар уларнинг зиммасига қўйилган касбий мажбуриятини у ёки бу сабаб билан бажармагани нуқтайи назаридан келиб чиқади. Ўзидан ўзи бўлмайди. Ё тез тиббий ёрдам кеч қолган бўлиши мумкин, ё чақирув бўйича келган тиббиёт ходимининг малакаси етишмайди. Ёки нотўғри муолажа қилиб қўяди, оддий томирга тушолмайдиганлар қанча! Шифокорнинг кичкинагина хатоси билан бутун умр мажруҳ бўлиб қолган одамлар ҳам кўп. Буни нима билан баҳолаш мумкин?

Шу нуқтайи назардан айни қонун лойиҳаси билан бирга шифокорларнинг ёки ҳамма давлат хизматчиларининг касбий мажбуриятларини тўлақонли бажармаётганига нисбатан жавобгарлик масаласиниям олиб кириш керак. Сабаби қонун лойиҳасида тиббиёт ходимларига нисбатан жавобгарлик йўқ, фақатгина уларга қиланадиган тажовузга нисбатан жавобгарлик белгиланадиган бўлса, фуқароларга нисбатан адолатсизлик бўлади. Тиббиёт ходимлари бир томонлама ҳимояланган бўлади. Яхши, ҳимоя қилайлик. Лекин яқинининг жони, ҳаёти ташвишида турганлар учунам нимадир қилиб бериш керак-ку!

Мен тажовузни оқламайман, ҳар қандай ҳолатда қонуний жазо чоралари кўрилиши керак. Лекин бу дегани касбий мажбуриятини тўлақонли бажармаётганларга нисбатан жавобгарликни кучайтирмаслик дегани эмас-ку! Шунинг учун қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилиш учун лойиқ эмас деб ҳисоблайман.

«Қонун лойиҳасини тиббиётчилар кутиб ўтирибди»

Иноят Ҳожиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси:

– Қўмитамиз томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси шу даражада долзарбки, унга нисбатан 4 нафар депутатимиз фикр билдиришди, тўрттасиям кескин фикр. Депутатларимизни эшитдик. Қонун лойиҳасини яна ишлашга биз қаршимасмиз. Депутатларимизнинг таклиф ва эътирозларини инобатга олиб, парламент қуйи палатасининг ишонч телефонига шу лойиҳа юзасидан келиб тушган мурожаатларни ўрганиб, қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, кейинги ялпи мажлисларга муҳокамага қўйишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаяпмиз.

Шуниям айтиш керакки, мазкур қонун лойиҳасини бугун тиббиётчилар кутиб ўтирибди. Деярли ҳар ҳафтада тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз бўляпти. Депутатлардан мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан фикрлари бўлса беришларини илтимос қилиб қолардим.

Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилганимизга бир ой бўлаётган бўлса-да, ҳалигача бу бўйича таклифлар келишда тўхтамаяпти. Барча таклифларни кўриб чиқиб қонун лойиҳасини такомиллаштиришга, юқорида депутатларимиз таъкидлаганидек, ишлайдиган, мукаммал қонун лойиҳасини тайёрлаб, парламент муҳокамасига олиб чиқишга ҳаракат қиламиз. Ҳурматли Спикер, бугун қонун лойиҳасини овозга қўймасдан қўмитага қайтаришингизни сўрайман.

«Тез ёрдамдагиларнинг ёнида қуроли бўлмаса, тансоқчиси бўлмаса, ички ишлар ходими бирга бормаса...»

Нурдинжон Исмоилов

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери:

– Қўмита раиси яхши таклиф берди деб ўйлайман. Сўзга чиққан депутатларимизнинг фикрига ҳам қўшиламан. Бошқа депутатларимиз ҳам мазкур қонун лойиҳаси юзасидан фикр билдириш истагида, улардан ҳам ўз мулоҳазаларини қўмитага тақдим этишлари илтимос қилардим. Қўмитага биринчи илтимосимиз: Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари, Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик ҳуқуқи, жиноят ҳуқуқи бўйича олимларимиз, экспертларимизни чақириб, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасини Жиноят кодекси тузилишини бузмайдиган қилиш керак.

Қонун лойиҳасини тезроқ ишлаб чиқмасак бўлмайди. Халқ кутяпти. Бугунги мажлисда сўзга чиққан депутатларнинг фикрлариям инобатга олиниши керак. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари зиммасидаги касбий мажбуриятини бажармагани ёки чақирувга кечикиб боргани учун қанча тиббиёт ходими жавобгарликка тортилганиниям таҳлил қилиб беришса яхши бўларди.

Бу қонун лойиҳасини ҳаммамиз биринчи ўқишда маъқуллаганмиз. Ҳақиқатда тиббиёт ходимларини ҳимоя қилмасак бўлмайди. Айниқса, тез тиббий ёрдам хизмати ходимларини. Ҳамма кундузи ишласа, тез ёрдамгилар кечаси ишлайди. Тез ёрдамдагилар чақирув бўйича қаергадир борадиган бўлишса, уларнинг ҳимояси бўлиши керак. Ёнида қуроли бўлмаса, тансоқчиси бўлмаса, ички ишлар ходими, бошқаси бирга бормаса... Бу хавфли. Яна  ҳақорат эшитгандан кейин, керак бўлса, дўппослангандан кейинам у барибир касалга ёрдам бериши керак, ёрдам кўрсатяпти.

Шунинг учун бу масалада қонун лойиҳасини концептуал мақуллаймиз, тўғри фикрлар айтилди ва лойиҳа юридик жиҳатдан тўғри бўлиши керак. Қонун лойиҳаси келгуси йиғилишлардан бирига эмас, айнан кейинги мажлисимизга тайёр бўлиши керак, ишни бугундан бошлаш керак.

Мавзуга оид