Ўзбекистон | 21:06 / 09.11.2019
5449
2 дақиқада ўқилади

Ўзбeкистон дeлeгацияси Анталия саноат зонасида бўлди

Делегация турли соҳаларда фаолият олиб борадиган етакчи компаниялар фаолияти билан танишди.

Туркияда бўлиб ўтадиган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 24-мажлисида иштирок этиш доирасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Неъматов бошчилигидаги делегация Анталия саноат зонасига ташриф буюрди.

Делегация аъзолари янги авлод иссиқхона мажмуаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Туркиянинг “Деметер Сера” компанияси фаолияти билан танишди. Компания раҳбари Бариш Гукче Ўзбекистон раҳбариятининг хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолар экан, республиканинг қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатида компания фаолиятини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини тасдиқлади.

Бундан ташқари, Туркияда LED ёритгичларини ишлаб чиқаришда етакчилардан бири бўлган “Фиберли” корхонаси раҳбарияти билан музокаралар олиб борилди. Туркия томони вакилларига Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ҳақида маълумот берилди. Учрашув якунига кўра ўзаро манфаатли ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилиш учун “Фиберли” компанияси менежерларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилди.

Ўзбекистон делегацияси, шунингдек, биологик ўғитлар ва ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоя қилиш воситаларини ишлаб чиқарувчи “Агриcим” корхонасига ташриф буюрди. Туркия томони Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги салоҳияти ҳақида хабардор қилинди ва республиканинг қишлоқ хўжалиги учун қўшма органик маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасида ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишларини ўрганишга қизиқиш билдирди.

Мавзуга оид