Ўзбекистон фуқаролигини олиш учун ўзбек тилини билиш талаб этилиши мумкин
Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш шарти сифатида давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиш керак бўлади. Бу ҳақда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Нодир Зиёев 7 ноябрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Мазкур талаб ИИВ томонидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида» қонун лойиҳасида кўзда тутилган.
Тадбирда журналистлар томонидан фуқароликка қабул қилинаётган шахснинг давлат тилини мулоқот учун етарли даражада билиши қандай аниқланиши ҳақида савол берилди.
“Хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганганимизда бундай талаб Россия, Арманистон, Беларусь, Латвия каби давлатларда ҳам борлиги маълум бўлди, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасига ушбу меъёр ана шу мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб киритилди. Айни пайтда қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилиб такомиллаштирилмоқда. Ушбу жараёнда унга ўзгартириш киритилиши мумкин. Жумладан, давлат мулоқот даражасида тилини билиш талаби акс этган 9-бандга ҳам. Биз талабгорнинг ўзбек тилини ҳақиқатда неча фоизга билиши ҳақидаги ҳужжатни йиғма иш жилдига тикиб қўйишимиз керак. Давлат тилини лозим даражада билишини ким белгилаб бериши, ким имтиҳон олиши-ю, сертификат тақдим этиши ҳозир парламентда муҳокама этилмоқда. Бу бўйича ҳали ўзгаришлар бўлиши мумкин, қонун лойиҳаси фракциялар йиғилишида, парламент мажлисида иккинчи ўқишда кўриб чиқилади. Ўзгаришлар ҳақида жамоатчиликка маълум қилинади”, дея Нодир Зиёевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Аввалроқ қонун лойиҳасида Ўзбекистонда 1995 йил 1 январга қадар доимий рўйхатдан ўтган, хорижий давлат фуқаролигини олмаган ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномасига эга бўлганларнинг фуқаролиги тан олиниши, республика ҳудудида узлуксиз беш йил яшаган хорижий давлат фуқаролари (хорижий давлат фуқаролигидан чиққан бўлса) ва яшаш маълумотномасига эга бўлган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилиши кутилаётгани ҳақида хабар қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳозирги вақтда жами 95 857 нафар фуқаролиги бўлмаган шахслар истиқомат қилади, ушбу кўрсаткич Марказий Осиёдаги жами фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг 78,5 фоизини ташкил этади.
Мавзуга оид
20:19 / 09.11.2019
«Загранпаспорт» вақтинча прописка қилинган жойдан ҳам берилиши мумкин
12:33 / 08.11.2019
Ўзбекистонда фуқаролиги йўқ шахсларнинг ярмидан ортиғига фуқаролик берилиши кутилмоқда — ИИВ расмийси
18:51 / 14.02.2019
«Энди болаларнинг гувоҳномаси бор». Kun.uz'да ёритилган масала ижобий ҳал бўлди
11:37 / 26.12.2018