«Танқидни фақат Оллошукурова қилмаяпти» — Комил Алламжонов руҳий шифохонага тушган блогер ҳақидаги саволга жавоб қайтарди
12 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида руҳий шифохонага ётқизилган блогер Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритилди.
Олий суд, Ички ишлар, соғлиқни сақлаш вазирликлари мутасаддилари иштирокида ўтказилган тадбирда фейсбук ижтимоий тармоғида Шабнам Оллошукурова номи билан танилган блогер Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ воқеалар тафсилотлари бўйича маълумот тақдим этилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳамадиев Оллошукурова билан ҳолат бўйича комиссия хулосаси билан таништирди. Уни текширувдан ўтказган психиатрлар блогернинг руҳий ҳолати, унга қўйилган ташхис ҳақида маълумот беришди. Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Оллошукурова қандай асосга кўра руҳий шифохонага ётқизилганига изоҳ берди.
Тадбирда мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб беришди.
Kun.uz мухбири Жамшид Ниёзов доимий тарзда танқидий чиқишлар қилиб турган Шабнам Оллошукуровага руҳий бузилиш бўйича қўйилган ташхисни исталган одамга қўйиш эҳтимоли борлигига эътибор қаратиб, бундан кейин бошқаларга ҳам бундай ташхис қўйилмаслиги қай даражада кафолатлангани бўйича савол билан юзланди.
Бу саволга АОКА директори Комил Алламжонов жавоб қайтарди.
«Энди бу шунақа саволки, кимга сўз беришниям билмайман. Ахир бу ердагилардан кимдир агар танқид қилсанг, эртага сен ҳам шу ҳолатга тушасан, демайди-ку? Аслида ҳолат унақа эмаслигини кўриб турибсиз-ку!?
Кейин танқидни фақат Нафосат Оллошукурова қилмаяпти. Агар танқид қилгани учун шифохонага ётқизилган бўлганда, сиз танқидлар бўйича чемпионсиз. Сизнинг қилган танқидларингиздан мен ҳам қолмаганман, агентлигимиз ҳам қолмаган, умуман, сиз тегмаган соҳа йўқ. Лекин мана, бинойидай ўтирибсиз, юрибсиз, ҳеч ким сизга эътироз билдираётгани йўқ.
Нега Оллошукурова шифохонага ётқизилганидан кейиноқ зудлик билан бу масалада изоҳ бермадик? Очиғини айтаман, мен Нафосат Оллошукуровани танимасдим. Улар блогер эканликлари, умуман фаол блогер эканликларини мана шу ҳолат бўлгандан кейингина яхши билиб олдик.
Лекин агарда сизнинг фикрингиз шунақа бўлса, Ўзбекистонда советлар давридаги нарсалар қайтяпти қабилидаги фикрларни илгари сурадиган бўлсангиз, мен фақатгина минг афсус дейман. Минг афсус, эссиз бизнинг меҳнатимиз, эссиз бизнинг агентлик ҳимоя қилади деб шунча ўтказаётган тадбирларимиз, эссиз қонунчиликка киритаётган ўзгаришларимиз. Битта ҳолат йўқки, биз назаримиздан, назоратимиздан четда қолдирган бўлсак.
Нега бизга Президент администрацияси ҳузуридаги агентлик мақоми берилди? Чунки муаммо жуда кўп. Босимлар бўлаётганини биламиз. Давлат органлари ходимлари танқидни кўтара олмаётган ҳолатлар бўлаётганини биламиз. Буни тан оляпмиз. Мана яқинда ОБСЕ (ЕХҲТ) элчилари келгандаям мен буни очиқчасига айтдим. Агар менинг маърузамни эшитган бўлсангиз, сизга қизиқ бўлган бўлса, мен шу ерда ҳаммасини гапирдим.
Лекин илтимос қиламанки, ўртоқ Kun.uz мухбири Жамшиджон, провокацион саволлардан йироқ бўлинг. Бу ҳақиқий провокацион савол», деган Комил Алламжонов.
Мавзуга оид
16:28 / 20.12.2024
Ўзбекистон Интерпол орқали Расаев ва Темирхановни халқаро қидирувга берди
22:07 / 03.12.2024
“Бандитлар бошқарган экан-да?” — Жавлон Юнусовнинг Тошкентдаги қурилиш лойиҳаларидан одамлар норози
01:57 / 26.11.2024
Алламжоновга суиқасд: терговнинг янги тафсилотлари, жиноятни фош этишга тўсқинлик қилган амалдорлар ва катта тозалаш
16:11 / 25.11.2024